“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари фаоли Абдурахмон Ташанов ўз Facebook саҳифасида Андижон вилояти Марҳамат туманидаги бир масжид лойиҳасини рўйхатдан ўтказишмаётгани ҳақида ёзиб қолди.
“ЭКОМАСЖИД лойиҳаси: уни негадир рўйхатдан ўтказишмаяпти?”
Қўлимга Андижон вилоятининг Марҳамат туманида инновацион услубда қурилган масжид лойиҳаси келиб тушди.
Лойиҳачиларнинг айтишича, мазкур иншоот ўзига хос услубда қурилган экомасжид биноси бўлиб, уни адлия идоралари рўйхатга олишга шошилмаяпти.
Масжиднинг ўзига хослиги шундаки, у тўлиқ экологик соф ва табиий ашёлардан қурилган. Уни қуёш батареялари ёритади, қурилиш хомашёлари таркибида бирорта заҳарли кимёвий модда ишлатилмаган.
Бино деворларидан пештоқигача, йўлаклардан бино саҳнигача бўлган ҳудудда экологик соф материаллардан фойдаланилган. Мўъжазгина ибодат уйи экспертларнинг экология талабларига жавоб беради. Ҳар ҳолда иншоот лойиҳачиларининг иддаоси шундай.
Хайрли ташаббус фаолларидан бири, дўстимиз Дониёрнинг айтишича, масжид тўла ҳашар йўли билан қад кўтарди.
Аммо Андижон вилояти мутасаддилари турли миллат вакиллари истиқомат қиладиган бу гўшадаги масжидни расмийлаштиришни пайсалга солишмоқда.
Рамазон шукуҳи ҳукмрон айни кезларда масжиднинг тўла фаолият бошлашига орзумандмиз. Азизлар, дуо қилинг, Аллоҳ амалдорларимизнинг раъйига кушойиш берсин.
Масжидларнинг рўйхатдан ўтказилмаслиги фақат Андижонда эмас, балки Фарғонада ҳам бор ҳолат.
Ана шундай масжидлардан бири Бувайда туманидаги Янгиқадам қишлоғида жойлашган.
Қишлоқ аҳли ва саховатпеша кишилар томонидан эски бино таъмирланган. Ва барча шароитлари бор масжидга айлантирилган. Туман ўт ўчириш идораси ва бошқа ташкилотлар бу ернинг қурилиши, таъмирланиши, ёнғин хавфсизлиги масалаларида муаммо йўқлигини айтишган.
2018 йилда ибодат учун тайёр ҳолга келган масжид шу кунгача рўйхатга олинмаган. Аҳоли эса сарсон.
«Жума намозини ўқиш учун 8 км узоқликдаги Пошшопирим масжидига борамиз. Қишлоғимизни туман маркази ва Пошшопирим қишлоғи билан “Буюк ипак йўли” ажратиб туради. Баъзида қишнинг туманли ва қорли кунларида у масжидга қатнаш бизга қийинчилик туғдиради», – дейди қишлоқ оқсоқоллари.
Уларнинг қўшимча қилишича, “Диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасини олиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан барча ҳужжатлар тайёрланган.
Масжид таъсисчилари йиғилиши ўтказилган, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 16 майдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тузиш тўғрисида”ги қонун талабларига биноан масжидларнинг алоҳида низоми бўлиши лозимлиги сабабли низом ҳам тайёрланган. Ташаббускорлар рўйхати шакллантирилган ва уларнинг розилиги олинган. Масжиднинг раҳбар органлари аъзолари рўйхати ҳам мавжуд. Шунингдек, Бувайда тумани қурилиш бўлими бошлиғининг қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ижобий хулосаси берилган. Масжиднинг имом хатиблигига номзод Имом ал-Бухорий номли Тошкент ислом институтини тамомлаган.
Масжиднинг расмий равишда рўйхатдан ўтиб, фаолият юритишига нима тўсқинлик қилмоқда, деган савол пайдо бўлади.
Биламизки, Фарғона вилоятида барча фуқароларнинг эътиқод эркинлиги ҳурмат қилинади. Славянлар маданият маркази, Республика яҳудийлар миллий маданий маркази Фарғона бўлими, Татар жамоатчилик миллий маданий-маърифий маркази, тожик миллий маданий-маърифий маркази, Ўзбекистон корейс маданий марказлари ассоциациясининг “Ревмир Лян” номидаги Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаси, Ўзбекистон немисларининг “Видергебурт” маданий маркази, Ўзбекистон қирғиз маданий маркази вилоят бўлими, турк миллий маданий маркази вилоят бўлими фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, 14 та ноисломий диний ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда.
Эътиқод эркинлиги ҳамма учунлиги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тузиш тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасида белгилаб қўйилган.
Унда “Ушбу қонуннинг мақсади ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини, динга муносабатидан қатъий назар, фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб туришдан иборат” дейилади.
Янгиқадамлик ташаббускор гуруҳнинг нияти ўз уйи атрофида, яшаш манзилига яқин бўлган масжидда исломнинг фарз амалларидан бири бўлмиш беш вақт намозни адо этиш.
Ажр дафтарини тўлдириш.
Шарифа Мадраҳимова