Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Алишер Қодиров: «Аҳолининг 20 фоизи эътиқод талабидан келиб чиқиб банкларга мурожаат қилмайди»

3264

«Миллий тикланиш» Демократик партияси раҳбари Алишер Қодировнинг расмий телеграм каналида ёзилишича, 2021 йил 1 январь ҳолатига давлатнинг ташқи қарзи 23,3 млрд., ички қарзи эса 2,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Банк тизими яхши ишлайдиган давлатлар ички имкониятлардан самарали фойдаланадилар. Ички қарз асосан фуқароларнинг банклардаги омонатлари ва қимматли қоғозларга инвестициялардан иборат бўлади. Аҳоли банкларга фақат кредит берувчи манба сифатида қарамоқда. Омонатга пул қўйиш ёки қимматли қоғозларга пул тикиш қизиқ эмас. Нега? 

Асосий сабаб, банкларга ишонч йўқлиги. Яна бир сабаб эътиқод талаби. 

Сўровлар кўрсатдики, аҳолининг 20 фоизи эътиқод талабидан келиб чиқиб банкларга мурожаат қилмайди. 
Партия томонидан илгари сурилган Исломий молия тизими аҳолининг шу қатламини ички инвесторларга айлантириши мумкин.

Маълумот юзасидан айтиб ўтиш лозимки, 2020 йилнинг 4 февраль куни Олий Мажлиснинг ялпи мажлисида ҳам Алишер Қодиров Ўзбекистонда исломий банклар очишга қандай омиллар халақит бераётгани борасида Марказий банк вакилига савол билан мурожаат қилган эди.

«Микроқарзларни одамларга молиявий кўмак воситаларидан бирига айланмаётганига диний қадриятлар сабаб бўлмоқда. Шунинг учун қонунчиликдаги айрим моддаларга ўзгартириш киритиб, исломий молиялаш тизимини киритиш керак эмасми?» деб таъкидлаган Алишер Қодиров бу тизим муваффақиятли ишлаётган бир қанча ривожланган давлатларни мисол келтирган эди.

Саволга Марказий банк раиси ўринбосари Ботир Зоҳидов жавоб берди. Унинг айтишича, ўтган 2019 йилда банклар фаолиятини ривожлантириш бўйича бир қатор қонунлар қабул қилинган. Шу боисдан амалдаги қонунчиликда ислом банкларини очиш учун тўғридан-тўғри чекловлар мавжуд эмас.

Бир ой олдин Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси ташаббуси билан “Ўзбекистонда ислом молия тизимини татбиқ этиш истиқболлари ва ҳуқуқий асосларни яратиш” масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтган эди.

Давра суҳбатида натижалари эълон қилинган Ўзбекистонда ислом молияси бўйича бизнес вакиллари ҳамда аҳоли иштирокида ўтказилган сўровномада 2 235 нафар бизнес вакиллари, қарийб 5000 нафар жисмоний шахслар иштирок этган. Натижаларга кўра, бизнес субъектларининг 38 фоизи, жисмоний шахсларнинг эса 56 фоизи диний қарашлари сабаб анъанавий банк кредит хизматидан фойдаланмаслиги очиқланган. Мос равишда иштирокчиларнинг 61 ва 75 фоизи Ўзбекистонда ислом молия муассасалари иш бошласа ёки ислом молия хизматлари таклиф этилса, танлашга тайёр эканлигини билдирган.

Сўровда банклар ҳам иштирок этган ва улардан Ўзбекистонда ислом молия тизимини жорий этишдаги энг катта тўсиқлар ва муаммолар ҳақида сўралган. Маълум бўлишича, ислом молия маҳсулотлари ва хизматларини, жумладан, ислом суғуртаси бўлган “такофул”ни тартибга солувчи қонунлар йўқ, шунингдек, амалдаги банк фаолияти ва солиқ бўйича қонунчилик ислом ҳуқуқи тамойиллари асосида ишлайдиган банклар учун мослаштирилмаган. Банклардаги мавжуд дастурий таъминот тизимлари ислом молия битимлари бўйича амалиёт ўтказишга мослаштирилмаган. Ҳозирча ислом молияси ва банки бўйича мутахассислар олий таълим тизимида тайёрланмайди. Шу боис, мутахассислар кам, амалий тажриба эса йўқ. Шунингдек, аҳолининг ислом молияси ҳақида билим ва тушунчалари ҳам етарли эмас.

Бироқ мана бир йилдан ортиқ вақт ўтса-да бу соҳада янгиликлар йўқ. Бугунги мажлисда ҳам фракция аъзолари Марказий банк томонидан бу соҳада етарли иш олиб борилмаяпти деб ҳисоблаши айтиб ўтилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Муаммо ресурс етишмовчилиги эмас, бошқарув ва таъминот тизимининг эскирганида» — Алишер Қодиров энергетика тизими ҳақида

862 11:26 18.11.2022

Алишер Қодиров: “Истилочилар нафақат имом-хатиблар, балки масжидларга яқин келганларнинг барчаси аёвсиз йўқ қилишган”

1267 14:05 23.09.2022

Алишер Қодиров: Содиқ Сафоевнинг фикрига муносабатим...

1684 08:45 18.06.2022

Алишер Қодиров Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича муҳим ташаббус билан чиқди

1693 14:50 10.06.2022

Алишер Қодиров: «Энергетика соҳаси эркинлаштирилмас экан, миллий иқтисодиётимиз ривожланмайди»

1107 17:25 07.06.2022

«Биз бундай намойишларга қаршимиз!» – Алишер Қодиров

2935 11:49 04.04.2022
« Орқага