Нигериянинг “Muslim News Nigeria” газетаси 2020 йилги “Жаҳон мусулмон арбоби” мукофотини Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғанга топширмоқчи.
Бу ҳақда газета муҳаррири Рашид Абубакар ижтимоий тармоқларда ёзган. У бу хабарни #MNAwards2020 хештеги билан бўлишди ва 2020 йилги “Жаҳон мусулмон арбоби” мукофоти тақдимоти 18 сентябрда Лагосда бўлиб ўтишини эълон қилди.
Абубакарнинг таъкидлашича, Эрдоған «Туркиянинг миллий қудрати ва иқтисодиётини» кучайтирди, деб хабар беради «Анадолу» агентлиги.
«Президент Эрдоған инсонпарварлик мақсадларини илгари суради ва дунё саҳнасида мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади», деб ёзган у.
Нашр муҳаррири, шунингдек, газета коронавирусга қарши вакцина ишлаб чиқишда муҳим роль ўйнаган туркиялик олим Угур Шоҳин ва унинг рафиқаси Озлем Турежига «Мусулмон соғлиқни сақлаш мутахассислари» мукофотларини топшириш ниятида эканлигини таъкидлаган. Туркиялик футболчи Месут Ўзил ҳам «Дунёга машҳур мусулмон» мукофоти билан тақдирланади.