Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Дарига Назарбоева бошига Г.Каримованинг куни тушадими?

5981

Дарига Назарбоеванинг Қозоғистон Сенати спикери лавозимидан олиниши кутилмаган ҳол бўлди. Аммо охирги ҳафталардаги воқеаларга синчиклаб қараб чиқилса, кўп нарсалар аён бўлади.

Ҳар ҳолда яқинда Eurasianet порталида берилган маълумотлар ва фикрлардан шундай хулоса қилиш мумкин.

Аввало таъкидлаш жоизки, парламент юқори палатаси раиси лавозими фақат бир сабабдан муҳимдир. У ҳам бўлса Конституцияга мувофиқ, айнан шу жойни эгаллаб турган инсон амалдаги президентнинг истеъфоси, ўлими ёки ўз ваколатига лаёқатсизлиги рўй берган ҳолатда давлат раҳбари бўлади (биласиз, ҳозир амалдаги президент Қосим-Жомарт Токаевдир).

Айнан шундай ҳолат 2019 йил март ойида рўй берди. Ўшанда Нурсултон Назарбоев ўзининг ўттиз йиллик бошқарувини тўсатдан якунлаб, истеъфога чиққанини маълум қилганди. Шу пайтда тажрибали дипломат ва Назарбоевнинг ишончли иттифоқдоши бўлган Токаев спикер эди. Ва у Бош қонунга мувофиқ, президентлик курсисига “силлиққина” ўтиб олди.

Шундан сўнг у зудлик билан ҳукмрон оилага ўз садоқатини намойиш этиб қўйиш мақсадида бирданига иккита нарсани амалга оширди. Эски қадрдони ва устозига миннатдорчиликлар ва мақтовларни ёғдирган ҳолда пойтахт Остона номини Нур-Султон дея қайта номлаш жараёнига бошчилик қилди. Лекин бу ҳали ҳолва эди. Энг муҳими, Токаев сенатга Назарбоевани юқори палатага раис қилишни ёқлаб овоз беришига халақит бермади. Шундай қилиб Назарбоевлар оиласига захира варианти тақдим этилди, ҳатто эҳтимоли билан ҳокимиятни монархия сценарийси бўйича топшириш стратегиясини амалга оширишга ёрдам берилгандек ҳам бўлди.

Боз устига, шу йил июль ойида 80 ёшни қаршилайдиган Назарбоев ҳам ҳеч қаерга кетишга чоғланаётгани йўқ. У сўнгги нафасигача 2010 йилда лойиқ кўрилган “Миллат етакчиси” мақоми остида ҳуқуқий қалқон билан ҳимояланади. Қолаверса, у мамлакатдаги барча кучишлатар идораларини назорат қиладиган тузилма — Хавфсизлик кенгашига умрбод раислик қилади.

Кейинги воқеалар ҳатто булар ҳам етарли бўлмагандек тасаввур қолдиради. Гап шундаки, ўтган йил октябрь ойида Токаев ўзининг ваколатлари ва мустақил ҳаракатланиш учун имкониятларини чеклайдиган ғалати фармонга имзо чекди. Назарбоевга эса сиёсий ва кучишлатлар тизимлардаги асосий тайинловлар учун вето ҳуқуқи берилди.

Шу ўринда мазкур манзарага минтақавий нуқтаи-назардан бир қараб лирик чекиниш қилсак.

Хабарингиз бор, унга қўшни бўлган Қирғизистонда 2017 йил охирида Алмазбек Атамбоевнинг президентлик лавозими ниҳоясига етди. Ҳокимиятга янги лидер келди. Чунки бу мамлакатда давлат раҳбари фақат бир муддатга сайланади. Атамбаев эса манипуляция қилиш осон бўладиган содда ва гўл одамни ўз ўрнимга қўйдим деб ўйлаган эди. Ахир бу унинг келгуси режалари учун ҳам мос эди-да.

Аммо чучварани хом санаганми, ҳаммаси у ўйлаганчалик бўлиб чиқмади. Атамбоев Сооронбай Жээнбеков унинг ноғорасига ўйнамаслигини билганда, ҳатто ҳайратга тушди. Шундан сўнг “сиёсий опера” бошланиб кетди. Унинг кульминацияси эса 2019 йил август ойида Атамбоевнинг шаҳар ташқарисидаги резиденциясида рўй берган қонли қарама-қаршилик бўлди. Энди собиқ президентда суд қарори чиққунча нимани нотўғри қилганини ўйлаб олиши учун  етарлича бўш вақт бор. Суд қарорига кўра эса у қамоққа олиниши шубҳасизлиги айтилмоқда.

Бироқ Назарбоевни Токаевга ишонади дейишади. Аммо у ўз ҳимояси остидаги инсонга нисбатан анойи бўлиш нақадар хавфли эканлигини ҳам яхши англайди.

Шундай қилиб, Токаев образли қилиб айтганда ҳозир Назарбоевлар бутерброди орасида қолиб кетгандек: бири юқорида, иккинчиси эса пастда, ўзи ўртада. Агар мазкур метафорани ривожлантирадиган бўлсак, яхши бутерброднинг сири нонли паллаларни қалин кесиб юбормасликдадир. Чунки бутерброднинг нони кўпайиб кетса, ўртадаги масаллиқнинг таъмиям, ўзиям билинмай кетади. Оралиқдаги масаллиқлар ошиб кетса ҳам бўлмайди, бутун бошли бутерброд бузилиб кетиши мумкин.

Энди воқеалар ривожига қайтамиз.

15 апрель куни конституциявий кенгаш баёнот билан чиқди. Унда сенат раиси томонидан Конституциянинг 61-моддаси 3-бандига қўшимча тушунтириш беришни сўраб йўлланган мурожаат кўриб чиқиш учун қабул қилингани билдирилган эди.

Ушбу бандда эса давлат сиёсатини ишлаб чиқишнинг барча муҳим жиҳатларига оид асосий принципларни тартибга солиш ҳамда ўрнатишда айнан парламент юқорироқ ваколатларга эга эканлиги назарда тутилган.

Токаев эса буни ўзи томонга отилган огоҳлантириш “ўқи” деб қабул қилмаслиги жуда қийин эди. Чунки ушбу “жўнатма”да давлат бошқарувида қонун чиқарувчилар янада муҳим роль ўйнаши кераклигига ишора бор эди.

30 апрель куни Назарбоева шунга ўхшаш фикрни, фақат бу сафар янада қатъий шаклда айтди. У давлат ва иқтисодиётни бошқариш услубларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳақида гапирар экан, жумладан, шундай деди: “Тўғрисини айтганда, вазифа мураккаблиги ва ҳажми нуқтаи назаридан фавқулодда муҳимдир. У ҳукумат, парламент, маҳаллий ҳокимият органлари, фуқаролик жамиятларининг ҳамкорликдаги фаолияти сифатига алоҳида талаблар қўяди”.

Ҳолбуки, мазкур воқеалар кетма-кетлиги қандайдир бўшлиқ ёки вакуумда эмас, ҳаётда содир бўлаётган эди. Боз устига, Қозоғистонни олдинда жуда оғир кунлар кутаётган бир пайтда. Чунки пандемия етмаганидек, орада ушбу давлатнинг энг муҳим экспорт товари — нефть нархи тарихий минимумига тушди. Республикада коронавирусга қарши курашиш доирасида ҳукумат томонидан жорий этилган умумий карантин туфайли кўплаб фуқаролар ишларидан айрилди. 

Ушбу чоралар вақтинчаликдир. Ҳукумат ойлар давомида нормал ҳаётга қайтсин ҳам дейлик. Аммо бугунги кун оқибатлари истиқболда ҳам ҳали узоқ вақт сезилиб туради (бу бошқа давлатлар учун ҳам тааллуқли, назаримизда).

Ҳамма бир мақсад сари курашиб ётган пайтда спикер шундай деб турса, қайси раҳбарга ҳам ёқади дейсиз.

Чунки Назарбоеванинг юқоридаги гапларига яқиндан эътибор берилса, унинг тагида на Токаев, на ҳокимиятнинг амалдаги тузилиши Қозоғистонни ушбу чалкашликдан олиб чиқа олади деган шама ётганини билиб олиш қийин эмас. 
Унинг лавозимидан туширилиши эса спикернинг бу каби ҳужумлари ва ҳокимият “рули”ни тортиб олишга бўлган уринишлари президентнинг жонига текканини англатади.

Албатта, Токаев Назарбоева билан тўғридан-тўғри тўқнашувга унинг отасининг розилигисиз қарор қилган деб бўлмайди. Бундай қараш ҳақиқатдан анча йироқдир. Мавжуд тахминларга кўра, 56 ёшли қизи туфайли ноқулай вазиятларга тушиб қолиш кўпроқ Назарбоевнинг ҳиққилдоғига келган. Боз устига, яқинда Британия суди чиқарган қарор улар оиласи бойлигига эътиборни янада кучайтириб юборди. Бу нафақат ушбу оила, балки коронавирус пайтида яшаётган халқ учун ҳам ёқимсиз албатта. Токаевни мазкур сиёсий драмада пассив роль ўнайди дейиш ҳам тўғри эмас.

Гарчи бу эҳтимоли кутиладиган сабаблардан энг ёмони доирасида рўй берган бўлса-да, айнан коронавирус билан боғлиқ инқироз Токаевга ижтимоий ҳаёт устидан бир неча ҳафта олдин у ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдиган назорат ҳамда ҳокимият даражасини тақдим этди. Боз устига, у буларни аҳолининг деярли тўлиқ қўллаб-қувватлаши остида амалга оширди.

Назарбоев учун эса бу каби инқирозларга нисбатан ўз вақтида жавоб бериш ҳамиша муаммо бўлиб келган. Булар хоҳ табиий офат бўлсин, хоҳ ижтимоий тартибсизлик ёки қуролли зўравонлик ҳаракатлари. У президентлик пайтларида аввалига эҳтиёткорлик билан, кўпинча кутиб турар, ҳатто бир неча кунлар давом этар, шундан сўнгина узоқдан туриб директивалар чиқарар эди.

Қозоғистон. Дариға Назарбоеванинг сенатдаги ваколати тугатилди

Гулнора Каримовага суд ҳукми эълон қилинди

Токаев эса мутлақо бошқача. Масалан, ўтган йил ёзда Қозоғистон жанубидаги қурол-яроғлар омборидаги портлашлар рўй берди. Аҳоли ўртасида саросима уйғонди, алғов-далғов бошланди. Токаев эса воқеа рўй берган жойга зудлик билан учиб борди. Ваҳималарни юмшатди. Мамлакатда коронавирус эпидемияси бошланганда ҳам уни тез-тез соғлиқни сақлаш ва ҳуқуқ-тартибот органлари билан елкама-елка турганини кўришди.

Яна у ўтган йил ҳукуматга қарши бўлиб ўтган норозилик намойишларига жавобан Жамоатчилик ишончи миллий кенгашини тузди. Бу ҳокимият элитаси ва фаол фуқаролар ўртасидаги кўприкка айланиши керак эди. Кўпчиликнинг фикрича, ушбу ташаббус умидларни оқламаган бўлса-да, Токаевнинг мулоқот ўрнатишга бўлган уриниши ўзининг фойдасига хизмат қилди дейиш мумкин. Чунки бу билан у ўзи ҳақида норозиликларга нисбатан тоқат қила олмайди ва куч ишлатиш маъқул кўради деган илгари билдирилган башоратларни йўққа чиқарди.

Бинобарин, ҳозир юзага келган вазият Токаев учун имкониятдир. Аммо бунинг ўзига яраша хатарлари ҳам бор, албатта.

Масалан, у ўз таъсир кучини ҳам расмий жиҳатдан, ҳам нуфуз нуқтаи-назаридан кенгайтириб олиши мумкин. Бироқ шундан сўнг у Қозоғистонни мустақиллик йилларидан бери кириб қолган ҳозирги энг оғир вазиятдан олиб чиқишига тўғри келади.

Ҳатто Назарбоевани сиёсий саҳнадан тушириб юборишнинг уддасидан чиқилса ҳам(гарчи бу ҳақда хулоса қилишга ҳали эрта бўлса ҳам), бир куни келиб Дарига Токаевга уни барча муаммоли масалалардан шу йўл билан четлаштиргани учун раҳмат айтса ажаб эмас. Яна ким билади дейсиз.

Platforma.uz дан олинди

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Озарбайжонда 5,7 магнитудали зилзила юз берди  

750 09:01 04.07.2023

Тўрт нафар ўзбекистонлик Қозоғистондаги январ воқеалари чоғида қийноққа солинганини маълум қилган

996 11:05 01.07.2023

Қозоғистон Россия иштирокида Сурия бўйича музокаралар ўтказишдан бош тортди

2194 13:45 22.06.2023

Қозоғистонда Сурия бўйича 20-Остона музокаралари бошланди

882 15:30 20.06.2023

Қозоғистон: темирйўл поездларида  аёллар вагонлари жорий қилинмоқда

1729 08:50 10.06.2023

Қозоғистон: Россия-Украина чегарасига тинчликпарвар кучларни юбориш ҳақида мудофаа вазирлиги муносабати

5864 09:25 01.06.2023
« Орқага