Дания ҳукуматининг қарори билан коронавирус туфайли жорий этилган чекловларнинг бари бугундан эътиборан бекор қилинди. Бу коронавирусга қарши эмланганлар ва эмланмаганларга бирдек тегишли. Эндиликда Данияда COVID-19 жамият учун ўта хавфли касаллик ҳисобланмайди.
Коронавирусга қарши чораларнинг бекор қилинишига эмлашнинг юқори даражада эканлиги сабаб бўлди: 12 ёшдан катта аҳолининг 83 фоизи тўлиқ эмланган.
Айни пайтда Данияга кириш билан боғлиқ айрим чекловлар сақланиб қолади, бу кишининг қайси давлатдан келаётганига боғлиқ бўлади. Масалан, Германиядан келадиганлар (Дания билан чегарадош Шлезвиг-Гольштейн федерал еридан ташқари) коронавирус тестини топширишлари зарур.
Данияга қўшни Швецияда сентябрь ойининг охирида коронавирус билан боғлиқ мажбурий чекловлар тавсияларга алмаштирилиши кутилмоқда.