Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Бўғилган булоқлар

2973

Аллоҳ субҳанаҳу таолонинг иродаси билан охирги икки ойни касалхоналарда кечириш насибим бўлди. Бу кунлар, айтишим мумкинки, мен учун бир мактаб вазифасини ўтади. Жамият, вазият, одамлар тўғрисида, миллатимиз, тараққиёту таназзулимиз ҳақида бироз тафаккур ва таҳлил қилишга имкон берди.

Узоқ муддат даволанар эканман, қисқа  муолажалар олиб, икки уч кунда уйига қайтувчи кўплаб аёллар билан ҳамсуҳбат бўлиш, улардан турли гаплар эшитишга тўғри келди. Табиатан ўта кузатувчан бўлганим, ҳамма нарса ҳақида чуқур ўйлаб кўриш, мулоҳаза юритишга ўрганганим учунми, аёлларга қараб, жамиятнинг ҳолини ўзимча таҳлил қилиб кўрдим. Унинг оқ ва қора томонларини ўзимча тафтиш қилдим, қора томонни оқлаш чоралари ҳақида ақлим етганича ўйлаб кўрдим.

Аёллар жамиятнинг ярмидан кўпини ташкил этади. Жамият аъзолари уларнинг қўлида ўсган, таълимотини ўзида сингдирган кишилардан иборат. Демакки, аёлларга қараб жамият ҳақида бемалол хулоса чиқариш мумкин.

Аввало, жамиятимизнинг салбий томонлари  ҳақида, диний эътиқод, миллий ўзлик, қадриятлар, одоб-ахлоқ масалаларининг бугунги ёшлар тимсолидаги ҳолини айтиб ўтсам. 

Ёшларимиз ҳаёт неъмати, қадрини англамай, шунчаки яшаб ўтказиш, ўйин-кулгу, тансиқ таомлар ва турмуш тарзини имкон қадар қулайлаштириш деб қабул қилган. Барча нарса моддиятга асосланиб, моддий ўлчаниб қолган. Биргина мисол: келинларимиз дунёга келажак фарзанднинг жисми жони соғлом бўлиши, зарурий витаминлар ва озуқалар вақтида тўлиқ етиб боришига шу қадар ҳарис бўлиб, берилиб кетишганки, кўп вақтни ейиш ичиш, дориларни ўз вақтида қабул қилиш, сайр этишга сарфлайдилар. Афсуски, туғилажак фарзанднинг инсонлиги асоси бўлган маънавий руҳий озуқаси ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ўзларидан болага ўтадиган ҳислар, иймон-эътиқод ва бошқа олий мақсадларни ҳатто хаёлига ҳам келтирмайдиганлар кўпчиликни ташкил этар экан.

Келинчакларни ёш-да десам, ҳатто тўртинчи, бешинчи фарзандини кутаётган аёллар ҳам қолишмайди. "Вақтни ўлдириш учун" деб тинимсиз телефонда сериаллар кўришади, аллақандай ўйинлар ўйнашади. Кейин мана шу бемаза фильмларини берилиб муҳокама қилишга шўнғиб кетадилар. Биз эса оналари телефонида карта, нард ўйинларини ўйнаб, Туркиянинг фаҳш босган киноларини кўриб дунёга келтиражак авлоддан Бухорий, Термизий, Хоразмийларни кутиб, хомтамаъ бўлиб юрибмиз. «Бухорийни бизга қачон туғиб берасан?» дегунча, Бухорийнинг онаси бўлишга лойиқ аёлларни тарбиялашимиз мантиққа кўпроқ тўғри келмайдими?

Кейинги ҳолат зино масаласи. Ҳа, қанчалик оғриқли ва шармандали бўлишига қарамай, тан олиш керак, зино бугун оддий ҳолга айланибди. Ёш келинчаклар ўзаро чой устида ёки шунчаки, ўзлари айтгандек «вақтни ўлдириш учун» йиғилволиб гапга киришиб кетганда кузатдимки, аёллар ичида эрларининг зиноси билан мақтанадиганлари ҳам талай экан. Буни ҳатто "йигитчилик" деб фахр билан қабул қилган, «юрмаган йигит ҳам эркакми» деганларни ҳам кўрдим. Астағфируллоҳ! Аниқки, агар эри ҳалол пок йўл билан бирорта аёлни никоҳлаб олиб, буни хотинига билдирса, ўша куни у хонадонда қиёмат бўлади ва бу узоқ давом этади. Аллоҳ таоло рухсат берган бир иш қоим қилинганда фахрланиш, «менинг хожам шунақа мардлик қилди» дейиш ўрнига уруғ-аймоғи билан жангга кирувчи аёл, эри зино қилиб келиб, "ҳаммасидан ўзинг яхши", дейишини фахрланиб айтиб ўтиради. Мана бизнинг савия! Эшитганимда ҳис қилган таассуф, алам ва энг ёмони ожизлигимни билиб, озгина насиҳат қилишдан бошқага ярай олмаслик аламини биргина мақолада тушунтира олмайман... Бу даҳшатнинг ўзи, холос. Зоний ота, савиясиз, эътиқодсиз, вақти сериал билан ўтувчи онадан дунёга келган гўдак Ватаним келажаги эканини ўйлаб, юрагим увишиб юрдим.

Яна бир ҳолат: дардга чидамсизлик, одобсизлик, она бўла туриб ўзини ўсмир қизчалардек енгил елпи тутиш 80 фоиз аёлларда учради. Тўғри, оғриб турибсан, аммо бу дегани ҳар нина кирганида дод-вой солишинг, телефонингдаги бор бўлган ҳар танишу нотанишга қўнғироқ қилиб, ҳолингдан шикоят қилишинга рухсат бермайдику!

Кўнгли тусаган нарсани отасига ҳам, ака-укасига ҳам айтиб ўтиришлардан ғашланиб юрсам, ундан баттарига учрадим. Фарзанд дунёга келгач, отасига қўнғироқ қилиб «Дада, туғволдим, Худога шукр», «Дада, набиралик бўлдингиз», «Дада, хавотир олманг, туғдим», деб телефон қилганларни. Тавба, қизлар қачондан бери дадалар билан бундай «самимий», «дўстона» гаплашадиган бўлиб кетишди? У дадалар қанақа одам эканки, хотини туриб ўзи туғруқхонадаги қиздан ҳол сўрайди? Қизлар-чи? Қайси тил билан падари бузруквор, қиблагоҳ деб эъзозланадиган одамга «туғиш» деган қўпол сийға билан янгиликни эълон қила олади?... 

Қизларга турмушга чиқишидан олдин ҳадеб пишир-куйдир, уй-жойни қириб қиртишлаш, эрни қандай қўлга олишни эмас, уйнинг гапини кўчага чиқармаслик, жуфтлар ўртасидаги ҳар қандай муносабатларни давлат сиридек сақлашни онгига сингдириш, қулоғига зирак қилиб тақиш, ўта долзарб масалалардан. Келинлар "сендан мен камми" қабилида, турмушидаги барча латиф муомалари тўғрисида мақтаниб, писта чақиб айтиб ўтиришибди. Бу эса бориб турган одобсизлик, андишасизликнинг ўзидир. 

Бу ҳолатлар, балки аллақачон гапиришга арзимас, оддий турмуш тарзига айланиб, одамлар онгига сингиб, одат тусига кирган бўлиши мумкин. Аммо, сиртдан қараганда анчагина муаммоли вазиятга тушганмиз. Доимо солиҳлар даврасида, одоб-ахлоққа қатъий амал қилинадиган муҳитда юрган, бундай бемазаликларни ҳатто тасаввур ҳам қилмайдиган одам учунми, кўрган-эшитганларим менга даҳшатли туйилди. Одам бир бир жамиятга аралашиши, атроф муҳитда содир бўлиб турган ўзгаришлардан, мавжуд ҳолатдан хабардор бўлиб туриши ҳам керак экан. Бу имконият менга айнан аёллар даврасида берилгани учун хурсанд бўлдим. Аёлларимизга нима кераклиги, диний, ахлоқий савияси ҳақида бироз тасаввур пайдо бўлди, тахмининй йўналишни белгиланди. Бекорга "инсонлар орасида аралаш юрган мўмин, ибодат учун узлатга чиққан мўминдан афзал" дейилмас экан. Одамларга қўшилсангиз, муаммоларни кўриб, нимадир чора кўришга уринар экансиз, ҳеч бўлмаса, дуо қиласиз, Аллоҳ таолодан ислоҳ тилайсиз...

Энди ўзим учратганим ижобий хислатлар, мақола сарлавҳасига тааллуқли мулоҳазаларга ўтсам.

Яхшилик, диндорлик туйғуси, кўнгли очиқлик ва ихлос халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Бу нарса кўп ҳолатларда ўзини ғайри ихтиёрий тарзда ошкор этиб туради. Масалан, кийинишига қараб бирор европалик деб айтса бўладиган аёллар ҳам сизнинг мастуралигингизни ҳурмат қилади. Ўзи намоз ўқишни билмаса-да, намоз вақти кирганда жойнамоз тўшаб беради, жим ҳурмат ва ихлос билан намоз тугашини кутади. Шундан бирор савоб умид қиладилар. Қуръон ўқишмайди, аммо сиз ўқий бошласангиз, жим тинглашади, ҳатто, эгнидаги либосидан уялиб, ўзини тузатгач, келиб қулоқ солганлар ҳам бўлди. Қуръонга эҳтиром ҳам уларнинг фитратида бор, тарбиясида йўқ...

Ўзлари сериал кўриб, қўшиқ тинглаб, ўйин ўйнаб бўлгач, болага Қуръони Карим тиловатини эшиттира бошлайдилар. Болалари ҳақида аҳли солиҳ, диндор киши бўлсин, деб дуо қилсангиз, севиниб, ихлос билан "омин" деб туришади, шундай инсон бўлишини ўзлари ҳам қаттиқ хоҳлайдилар. Аммо хато шундаки, қандай дарахт бўлсангиз, ўша мевадан ортиғини бермаслигингизни тафаккур қилиб кўриш йўқ. Ёмон томони, диний савиянинг ўта саёзлиги, асл шариат амалларини бидъат, хурофот, фарз-вожибларни мубоҳдан фарқлай олишмайди. Намоз ўқимаслик ҳам мумкин, аммо болани қулоғига азон айттириш шарт, рўза тутмаслик мумкин, аммо арафа оши қилиш вожиб...  Оддий одатлар дин аркони деб тасаввур қилинган.

Ўта замонавий ёш оналар ҳам боласининг оғзига озуқасини «Бисмиллоҳ» деб тутганини кўриб, бир нималар кечади хаёлимда. Ўзи ёки фарзанди муолажага муҳтож бўлиб турганлар бир-бирига шу қадар ҳамдард, ҳамжиҳатки, зарур бўлганда дориларини, керакли тиббий анжомларни ҳеч малолланмай бериб юборишганини кўп кўрдим. Ҳамшира қизлар, ҳамшира аёллар заиф гўдакларни «Бисмиллоҳ»сиз қўлга олишмайди. Яшаб кетишидан яшамаслик эҳтимоли кўп бўлган гўдакларни тинимсиз дуо қилишади. Ҳаммадан қизиғи, бола кекирса, «Ё Раззоқ» деб қўйишади. Булар кишига ажиб завқ беради, умид уйғотади. Бу халқимиз қонига сингиб кетган муборак Ислом динининг таъсиридан ўзга нарса эмас. Шунчаки, вақтлар, шароитлар, қатағонлар бу нарсани ўзгартириб юборган, холос. 

Диндан, сийратдан гапирсангиз, ҳамма жон қулоғи билан тинглайди, ўзи хоҳлаб эшитади. Насиҳат қилсангиз, гап қайтармайди, мендан кичиксан демайди, ўзлари юрган йўлнинг тўғри эмаслигини билиб, тан олувчилар ҳам анчагина. Чунки қонида, аслий фитратида диндорлик, холислик, софлик бор. Мен улардаги диний туйғуни худди бўғиб қўйилган булоқларга ўхшатдим. Бир ҳимматли киши бўлса-ю, булоқ кўзини ёпиб турган тошларни нари-бери суриб қўйса, зилол сув яна ўз ўзанига тушиб олса... 

Хулосам шуки,  бугунгиларнинг биздан битта авлод олдинги кишиларга қараганда, диний савияси анча ўсган, онгида юксалиш пайдо бўлгани аниқ. Аёлларда динга чанқоқлик ортиқ даражада, «ҳайт» десангиз, озгина қўлласангиз, ўзлигини, аслиятини жуда тез фурсатда топиб оладиган сиёқлари бор. Улар ўз динига ташна гуллар экан, озгина суғорсангиз, чунонам гуркираб яшнайдики, кўзингиз қувнайди.

Умид энг охирида ўлади, дейишади. Биз умидни амал билан боғлаб, қатъий ҳаракат бошласак. Хўш, нимадан бошлашимиз, нималарга эътибор қилишимиз, диний онгни яна ҳам ўстириш учун қандай тадбир қўллашимиз мумкин? Шу ҳақида фикр-мулоҳаза, маслаҳат ва таклифларингизни баҳам кўрсангиз, биргаликда иш қилсак, иншааллоҳ, хайрли бўлар эди...
 

Зебуннисо НАЖМИДДИНОВА

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аёл номаҳрам одамга иқтидо қилиб намоз ўқиши мумкинми?

2266 15:15 10.06.2023

Қозоғистон: темирйўл поездларида  аёллар вагонлари жорий қилинмоқда

1729 08:50 10.06.2023

Темурийлар салтанатида аёлларнинг ўрни

1436 10:43 11.04.2023

Аёл киши кимларнинг олдида намоз ўқиши мумкин?

4476 14:31 01.03.2023

Аёллар ва сиёсат: уларнинг давлат бошлиғи бўлиши қанчалик тўғри?

1479 13:50 09.01.2023

Нима учун муслима аёлларга ғайридин эркакка турмушга чиқиш тақиқланган?

4152 20:00 01.12.2022
« Орқага