Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Бошқалар учун ҳасанот йиғманг!

2426

Тавба қилганлардан бири айтади:

"Тавба қилишимга сабаб кўчаларда айланиб у-бу нарса сотиб юрадиган бир киши бўлган. Мен ундан бир нарса харид қилдим. Сўнг зўравонлик билан нарсанинг пулини бермай орқамни ўгириб кетавердим. У сўради:

- Ҳисоб-китоб қачон бўлади?

Мен уни масхаралаб дедим:

- Ҳисоб-китоб ҳисоб кунида бўлади!

 У деди:

- Менга ишон! Ҳисоб кунида эмас, бугун тўласанг арзонга қутиласан. Ҳисоб кунида тўлов оғир бўлади!

Унинг бу гапи менга чақмоқдек тегди. Ўша кундан бошлаб ҳисоб кунидан қўрқадиган бўлиб қолдим.

Бошқалар учун амал қилиш банкрот бўлиш демакдир. Яъни, қийналиб намоз ўқийсан, рўза тутасан, закот берасан, ҳаж қиласан. Фаришталар саҳифангда кўп ҳасанотлар ёзишади. Сўнг сен шу ибодатларинг билан биргаликда бир инсонни сўкасан, бошқа бир инсоннинг обрўсини тўкасан, бировнинг молини эгаллаб оласан, ака-уканг ва синглинг меросини ўғирлайсан, заиф-мискинларни урасан, бечораларга зулм қиласан, инсонлар ўртасида чақимчилик қиласан, ҳамкасбларинг орасида иғво тарқатасан, Аллоҳнинг махлуқотларига бўҳтонлар қиласан.

Қиёмат куни бўлиб инсонлар ҳисоб учун туришганда, хусуматчилар Аллоҳнинг ҳузурида жамланишганда, икир-чикирларигача ёзилган архив кўтарилганида, одил Ҳакам ҳақларни ўз эгаларига олиб беришни бошлаганида обрўсини тўккан инсонинг келиб намозингни олади, молини еб кетган инсонинг келиб рўзангни олади, азият берган инсонинг келиб закотингни олади, жароҳатлаган инсонинг келиб садақангни олади. Натижада яхшиликларинг тугаб қолади. Сўнг сен зулм қилган инсонлар келишади. Уларга берай десанг савобинг тугаган. Улар ноилож гуноҳларини сенга юклаб кетишади. Охиринг вой бўлади!

Бир фақир ҳайдовчи бир бойнинг хонадонида ўн йилларча ҳайдовчилик қилибди. Сўнг бой киши вафот этибди. Сўнг унинг хотини ҳайдовчининг яхши хулқини кўриб унга турмушга чиқишга қарор қилибди. Бойнинг барча моли бунинг қўлига ўтибди. Ҳайдовчи шундай деган экан:

"Мен бой учун ишлайман деб ўйлар эканман. Аслида эса у мен учун машаққат чекиб барча бойликларини жамлаган экан".

Ибрат: 

Бошқалар учун ҳасанот йиғмайлик!

Абдулқодир Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аллоҳдан энг кўп қўрқувчи бандалар кимлар?

1228 10:05 28.10.2022

Ўша дақиқадан олдин тавба қилишга вақт топинг!

1450 12:05 27.05.2022

Ахлоқус солиҳийн: тавба

1887 19:30 10.04.2022

Бугунги жума мавъизаси билан танишинг

2644 09:39 11.03.2022

Тавба масжидининг тарихи

3145 22:15 20.01.2021

Кимнинг тавбаси қирқ кечагача қабул бўлмайди?

3269 18:30 29.12.2020
« Орқага