Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Ахлоқус солиҳийн: тавба

1886

(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм)

ТАВБА

Ҳар қандай руҳий-маънавий даражанинг боши – ҳақиқий ва самимий тавбадир. Усиз навбатдаги мартабаларга эришиш мумкин эмас. Самимий тавба қилгувчини эса Аллоҳ таоло севади. Зеро, Аллоҳнинг Ўзи Қуръони каримда марҳамат этади:

“Албатта, Аллоҳ кўп тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади” (Бақара сураси, 222-оят). 

Бу “Аллоҳ гуноҳлардан тавба қилувчиларни мукофотлайди, уларга эҳтиром кўрсатади ва маънавий кирлардан ўзларини покловчиларни яхши кўради” деганидир. Баъзи муфассирлар бу ояти жалиланинг маъносини “гуноҳлардан пушаймон бўлиш”, “лоқайдликдан покланиш”, дея талқин этадилар.

Аллоҳ яна марҳамат қилади:

“Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар золимлардир” (Ҳужурот сураси, 11-оят).

Илоҳиётчилар айтадилар:

“Золим кимсаларнинг ўзларидирлар”дан мурод, исёнларида қатъий туриб, ўзларини зулмга гирифтор этганлардир”.

“Ат-Тавилат ан нажмийя” китобида ёзилган:

“Ким тавба қилмаса” дегани “кимки шайтоний даъво, шайтоний сўздан тавба қилмаса” дегани бўлиб, бу ерда ўзига юқори баҳо бериб, ўзгаларни камситадиган ва писанд қилмайдиганлар назарда тутилган. “Ўшалар золим кишиларнинг ўзларидирлар” дегани эса “улар лаънатланганлар, раҳматдан маҳрум этилганлар ва ҳайдалганлар орасида шайтон билан биргадирлар”, деган маънони англатади”.

Зеро, Аллоҳ Ҳуд сурасининг 18-оятида айтган:

“Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир!”

Илоҳий каломларда тавбани инкор этгувчининг золим экани ҳақида рад этиб бўлмас далил бор. Шунинг учун улар ўзларининг барча пасткашликларидан, гуноҳларидан, айниқса, юқорида зикр этилган гуноҳларидан Насуҳ каби чин тавба қилмоқлари ғоятда зарурдир!

Қул гуноҳ қилганида уни зулмат чулғайди. Агар гуноҳни мисоли олов – гулхан дейдиган бўлсак, ундан ҳосил бўладиган тутунни қоронғулик – зулмат дейиш мумкин. Ахир уйда етмиш йил ўт ёқилган бўлса, у қорайиб зулматга айланмайдими?! Шу каби қалбнинг ҳам тўхтовсиз исёнлардан қорайиб кетиши аниқ ҳол. Унинг “қурум”лари эса фақат чин тавбадан кейингина тозаланиши мумкин.

Шуни билингки, итоатсизликда инсонга ошкора ва пинҳона таъсир этиш бор. Пинҳоний таъсир – бу қалбнинг қаттиқлашуви (тошбағирлик), кучли ҳис-туйғуларнинг кўпайиши, нафснинг қайсарлиги, унинг ёмонликларига кўр-кўрона эргашиш, Аллоҳга ибодатдан лаззатнинг йўқолиши, шунингдек, Аллоҳга яқинлашишга халал берувчи машғулотларнинг кўпайишидир. Агар Аллоҳга исён ва гуноҳ қилишда инсон номининг (“итоаткор”дан “исёнкор”га) алмашишидан ташқари бирор бошқа ёмонлик бўлмаган тақдирида ҳам шунинг ўзи унинг учун етарли танбеҳ ва жазодир. Яратганга итоатли бўлганни “яхшилик қилувчи” дейишади-ку... Исён этганнинг номи эса “осий”, “ёмонлик қилувчи”, “Яратгандан юз ўгирувчи”га чиқади. Буларнинг бари ҳали фақат ном ўзгаришига тааллуқли... Энди “Яратганга итоаткорлик лаззати”ни “фис­қу фужур нашъа”сига, “Парвардигорга хизмат зав­қи”ни “беҳаёлик, шармандалик завқи”га алмаштириб, бир ўйлаб кўринг-чи!..

Билингки, юрак мисоли дарахт, унинг илдизи Аллоҳга итоат суви билан суғорилади, унинг мевалари эса тананинг бошқа аъзоларидан содир бўлажак солиҳ амалларга ўхшайди.

Банда “кўз меваси” билан атрофни кўриб, ҳаромга қарамасдан, ибратли сабоқ олади, “қу-лоқ меваси” билан Қуръон эшитади, “тил меваси” билан Аллоҳни зикр қилади. “Қўл-оёқ меваси” билан ҳаромга эмас, яхшилик сари тиришиб, яхши иш-ҳаракатлар қилади. Агар юрак сўлиб (Аллоҳга ибодат қилмагани туфайли қаттиқлашиб), хазон бўлса, бу дарахтнинг мевалари ҳам нобуд бўлади.

Шундай экан, биз учун энг муҳим масала – ҳақиқий, самимий тавба қилиш йўли билан нафсимизни поклашимиз, яхшилашимиз ва камолга етказишимиздир. Шунинг учун Аллоҳнинг Элчиси соллаллоҳу алайҳи ва саллам мар­ҳамат қиладилар:

“Мен умматимнинг бошқа гуноҳларидан кўра уларнинг ҳою ҳавасга берилишлари ва дунё учун узундан-узоқ орзулар домига гирифтор бўлиб қолишларидан кўпроқ қўрқаман. Зеро, ҳою ҳавас кишини Ҳақдан, узун орзулар охиратдан чалғитади” (Шаъбул имон китобида Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай келган).

Шундай экан, тавба қилувчи банда Ярат­гандан кечиришини тўхтовсиз сўраб, гуноҳлари учун доимо афсус-надомат чекиб, ўз нафсига нисба-тан қаноатланмаслик ҳиссини туйиб туриши лозим. 

Илоҳиёт олимлари айтадилар: “Тавба ­бу – бандани охирги дамигача чулғаб олгувчи қўрқувдир”

Чин кўнгилдан тавба қилган банда учун, энг аввало, хафа қилганларининг кўнглини топиб, розилигини олиши, қарзларини эгаларига қайтариши ва яна бошқалар олдида неки бурчлари бўлса, уларни адо этиши шарт қилинган. Буларни бирдан бажаришнинг иложи бўлмаганида эса имкон бўлиши билан адо этишни қасд этмоғи лозим. Масалан, қарз берган кишидан муҳлат сўраб, имконияти бўлиши билан омонатни адо этишига уни ишонтириши керак!

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аҳли аёлига сабрли бўлиш

15823 07:45 10.08.2022

Аллоҳ ҳақида яхши гумон

11958 07:45 09.08.2022

Таваккулнинг фазилати

9252 07:50 08.08.2022

Сабаблардан фойдаланиш таваккулга зид эмас

2746 07:45 07.08.2022

Таваккулчининг аломатлари

1776 07:45 06.08.2022

Таваккул

1574 07:45 05.08.2022
« Орқага