“Анадолу” агентлиги хабарига кўра, бугун БМТ Хавфсизлик Кенгашида Шарқий Қуддусда Исроил хавфсизлик кучлари ва фаластинликлар ўртасида кузатилаётган тўқнашувлар муҳокама этилади.
Исроил полицияси 7 майдан бери Шарқий Қуддусда жойлашган “Масжиди Ақсо”, Шом дарвозаси ва Шайх Жарроҳ маҳалласида фаластинликларни пластик ўқ ва шовқин гранаталари билан тарқатишга уриняпти. Тўқнашувларда икки юздан зиёд фаластинлик яраланди. Ҳудуддаги кескинлик Рамазон ойи бошлангандан бери давом этяпти. Исроил Шайх Жарроҳ маҳалласидаги бир қанча фаластинлик оилаларни ўз уйларидан мажбуран кўчирмоқчи.
Исроилнинг бундай тутуми халқаро майдонда танқидга учраяпти. Хусусан, Шарқий Қуддусдаги ҳодисалар муносабати билан Иордания Исроилга норозилик нотаси юборди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу Қуддус минг йиллардан бери яҳудийларнинг пойтахти эканлигини иддао қилди.
“Қуддусни барпо этишимиз борасида босимларга қаршилик кўрсатяпмиз. Афсуски, бу босимлар охирги вақтда ортди. Энг яхши дўстларимизга шуни айтмоқчиман, Қуддус – Исроилнинг пойтахти. Ҳар бир халқ ўз пойтахтини барпо этгани каби бизнинг ҳам Қуддусни барпо этишга ҳаққимиз бор. Буни амалга оширидик ва амалга оширишни давом эттирамиз”, – деди у.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йилда босиб олган. Фаластинликлар бу ерни ўзларининг бўлғуси мустақил давлатларининг пойтахти деб ҳисоблайди.