Куни кеча маҳкама ишчилари кетганидан сўнг мен ҳам ташқарига чиқиш учун пальтомни кияётганимда бир қария оёқларини базўр судраб кириб қолди. Қарилиги ва заифлигидан у зўрға юрарди. Саломлашиб столга суянганча туриб қолди ва:
– Бошимдан ўтганларни эшитишингизни ва менга зулм қилганларга ҳукм чиқаришингизни сўрайман, – деди.
– Марҳамат, қулоғим сизда, – деб жавоб қилдим.
– Агар рухсат берсангиз, ўтирсам. Туришга ҳам мажолим йўқ.
– Ўтиринг, ким сизни ўтиришдан тўсяпти? Ўтиринг, биродар. Зеро, ҳукумат ўзининг идораларига мана бу стул ва катта диванларни фақатгина сиз каби туришга мажоли йўқ мурожаатчилар дам олишлари учун қўйган. Ҳукуматнинг буларни қўйишдан мақсади идорани бекорчилар қаҳвахона қилиб олишлари, натижада улар хизматчиларнинг вақтини олиб, айни вақтда мурожаат қилиб келган кишилар биргина нигоҳни – “бек” жанобларининг қараб қўйишини кутиб ўтирган пайтда улар билан ҳазил-ҳузул қилишлари, хизматчилар эса уларга чой, шарбат қуйиб беришлари эмас. Йўқ, биз шаръий маҳкамамизда форсларча кисровий ҳолатлар бўлишига асло йўл қўймаймиз. Марҳамат, дам олиб ўтиринг, бу давлатнинг стули. Менинг отамнинг ҳам, бобомнинг ҳам стули эмас, қулоғим сизда.
– Ҳаммасини бир бошидан айтиб берсам. Сиздан сабрингизни кенг қилишингизни, юрагингиз сиқилмаслигини илтимос қиламан. Мен ёшлигимдан бери гапга нўноқман. Ҳозир эса бошимга қанчадан-қанча ташвишлар тушиб, касаллик мени йиқитаёзганида сўзлашим қандай ҳам бўларди? Шунга қарамасдан, мен ростини гапираман ва фақат ҳақиқатнигина айтаман.
Ёшлигимда “фалон” маҳалладаги уйимда дўконимга бориб, у ерда редиска, бақлажон, узум, мавсумий мева ва кўкатлар сотардим. Шулардан озгина фойда топиб, нон, гўшт, қолганига кўкатлар сотиб олардим. Уларни аҳли аёлим пиширарди ва биз шу кўйи қорнимизни тўйғазардик. Раббимизга берган неъматлари учун шукр айтиб ухлардик. Ғамимиз йўқ, эртани ўйламасдик. Инсонлар билан ҳам, ҳукумат билан ҳам алоқамиз йўқ эди. Ҳеч кимдан ҳеч нарса талаб қилмасдик. Ҳеч ким ҳам биздан ҳеч нарса талаб қилмасди. Ҳеч қаерда ўқимадим, мадрасага кирмадим. Лекин намозимни қандай ўқишни, пулларимни ҳисоблашни билардим. Алдамадим, ўғрилик қилмадим, фақатгина ҳалол пул топдим, умримни шу тарзда ўтказдим. Қалбимни ўртайдиган биргина нарса – фарзандим йўқлиги эди. Бунинг учун турли йўлларни қилиб кўрдик, доялардан маслаҳат олдик... Бизнинг маҳалламизда табиб йўқ эди, бунга эҳтиёжимиз ҳам бўлмасди. Тиббиётда фақатгина “барул аттор” ўсимлиги, унинг гуллари ва гиёҳларидан фойдаланардик. У борлиги учун бизга табибнинг ҳам, дорихоначининг ҳам зарурати бўлмасди. Мабодо тиш олишга эҳтиёж сезсак, сартарошимиз бор эди. Аёлларнинг касаллигига эса доялар қарашарди. Маҳалламизнинг дояси Умму Абдуннофеъни Аллоҳ раҳматига олсин! У ўқишни, ёзишни билмаган бўлишига қарамай, 40 йилдан бери шу иш билан шуғулланиб келар, ҳомиладор аёлларга доялик қиларди.
Биз ҳам кўп доялар ва кампирларнинг олдига бордик, маслаҳатлар беришди. “Домла”ларга бордик, туморларга нарса ёзиб беришди, осиб юрдик. Бирортаси кор қилмади. Олдимизда биргина йўл қолганди – “Ҳанобила” масжидига бориш учун Ражаб ойининг илк жумасини кутиш. Ўша кун ҳам келди. Аҳли аёлимни у ерга юбордим, эшик ҳалқасини тақиллатди ва ҳожатини сўради. Ниятига ҳам етди ... Ҳомиладор бўлди.
Мен аёлим дам олиши учун унга оғир уй ишларида кўмаклаша бошладим. Ҳомиласини тушириб қўйишдан ниҳоятда қўрқардим, уни авайлаб эъзозлар, эркалатардим. Биз кунларни, соатларни санардик. Ниҳоят ўша кеча ҳам келди. Мен тун бўйи фарзанд кутиб бедор бўлдим. Кун ёришганида бола йиғисини эшитдим. Умму Абдуннофеъ: “Суюнчи, Иброҳимнинг отаси, суюнчи, бола туғилди”, – деди.
Ўшанда 1 мажидий риёл пулим бор эди, дояга бердим.
Чақалоқ эркатойлиги билан бизларни бутунлай ўзгартириб юборди. У кулса, биз учун ҳаёт кулгандек эди. Агар йиғласа, ҳовлимиз титрарди. Агар бордию шамоллаб қолса, кунларимиз қора бўлар, ҳаётимиз зулматга чўмарди. Улғайиб боргани сари биз бахтли бўлардик. Ҳар сўзлаганда хурсандчлигимиз янгиланарди. Агар биздан бирор нарса сўрайдиган бўлса, уна бажо қилиш учун жонимизни бериб юборардик... Мадраса ёшига етди. Онаси:
– Фарзандимиз ҳам катта бўлиб қолди, нима қиламиз? – деб қолди.
– Дўконимга олиб бораман, у ерда иш ўрганади, – дедим.
– Нима, ўғлимиз кўкатчи бўладими?
– Нима қилибди? Отасининг меҳнатидан улғайса, бунинг нимаси ёмон?
– Сира ҳам бундай бўлмайди. Ўғлимизни қўшнимиз Самуҳибекнинг ўғли Исмат сингари мадрасага берамиз. Мен уни келажакда ҳукумат идорарасида катта лавозимда ишлашини, афандилар каби костюм, дўппи кийишини истайман.
Аёлим мени қўярда қўймай, охири кўндирди. Ўғлимни мадрасага бердим. Оғзимдаги луқмани ҳам олиб, ўғлимнинг китобларига сарф қилдим. Синфида пешқадам эди, устозлари уни яхши кўришар, қадрлашар, олдинга ўтказиб қўйишарди. Имтиҳонлардан ҳам яхши ўтиб, бошланғич шаҳодатномани олди. Шунда аёлимга:
– Хотин, Иброҳим мана шаҳодатномани ҳам олди. Энди бу бизга ҳам, унга ҳам етар. Дўконга борсин, – дедим ва шундай жавоб олдим:
– Асло! Дўконингизга ўт тушсин. Ўғлимнинг келажагини, дарсларини зое қиламанми?! Уни ўрта мадрасага беришимиз керак.
– Эй, хотин, бу гапларни сенга ким ўргатяпти? Келажаги, дарслари.... Бу нима деганинг? Отаси ва бобосининг меҳнатидан улғайса, нима қилибди?
– Қўшнимиз Исматнинг онаси ўғлининг қанчалар келажагини, дарсларини ўйлаётганини эшитмадингизми?
– Эй, хотин, йиғини бас қил. Биз оддий кишилармиз. Ўзимизга ўхшамаган кишиларга тақлид қилишимиз тўғри бўлмайди.
Аёлим оҳ-воҳ қилди, йиғлади. Ўғлимиз ўрта мадрасага кирди. Мажбуриятлар ортиб борарди, мен эса, рози бўлиб борардим... Бакалаврни ҳам битирди. Мен:
– Яна бирор нарса қолдими? – десам, ўғлим шундай деди:
– Ҳа, отажон. Европага бормоқчиман.
– Европа? Европанг нимаси яна?
– Парижга бормоқчиман.
– Худо сақласин, кофирлар диёрига бормоқчимисан? Асло бундай бўлиши мумкин эмас.
У кўп айтди, онаси ҳам унга кўмаклашди. Онаси сира рози бўлмаслигимни билгач, келинлигидаги билагузук ва зиракларини (бу ундаги бор бисоти бўлиб, анча вақтдан буён уни асраб юрганди) сотиб, мен қарши бўлишимга қарамасдан, ўғлининг сафар қилиши учун берди.
Менинг жаҳлим чиқиб, бир қанча вақт ўғлимдан алоқаларни узиб, хатларига жавоб қайтармай қўйдим. Сўнг қалбим юмшади, ўзингиз ҳам отанинг қалбини биласиз. Унга хат ёза бошладим, ундан нима истаётганини сўрардим... У ҳар сафар “Менга 20 лира жўнатинг... Менга 30 лира...” дерди. Менда онаси билан кечалари егани фақатгина ноннинг ўзи бор эди. Ўғлимизга эса талаб қилган нарсаларини жўнатардик. Ёзда дўстлари қайтишарди, у эса келмасди. Дарслари кўплиги ва сафарга вақтини сарфлашини хуш кўрмаслигини айтиб узр сўрарди. Сўнг истаклари яна ҳам ошиб бориб, 100 лира сўрайдиган бўлди. Охирги мартасида 300 лира сўради!
Жаноб, тасаввур қиляпсизми, бор тирикчилиги кўкат сотиш бўлган, ойлиги 20 лирадан ошмайдиган, кунлик даромади 1 лирадан оз бўлган киши учун 300 лира қанчалигини?! Унинг устига, ўша кунларда нарх-наво арзонлашган, иш камайган пайт эди. Агар ўша кўкатчи киши касал бўлса ёки бошига бирор дард келса борми, ўзи ҳам, аёли ҳам очликда қолиб кетарди... Мен ўғлимга пулим йўқлигини айтиб хат ёздим. Дўстларига ҳадеб тақлид қилишга уринавермаслигини насиҳат қилдим. Чунки дўстларининг уйидагилар бой кишилар эди, бизлар эса фақирмиз. Ўғлим шошилинч телеграмма орқали дарҳол пул юборишимизни талаб қилди.
Жаноб, эҳтимол ажабланарсиз: мен умрим мобайнида бир марта ҳам телеграмма олмаганман. Почта хизматчиси келиб, эшигимизни тақиллатди ва менга телеграммани берди. Сўнг бош бармоғимни олиб, дафтарига босди. Қўрқинчдан елкаларим зирқираб кетди. Мен уни маҳкамадан келган хизматчи деб ўйлабман. Унга ёлвориб, йиғлай бошладим. У лаънати кулганча ортига қайтиб кетди. Кечаси нима қилишни билмадик. Сариқ варақдаги ёзувни ўқиймиз десак, ўқишни ҳам билмаймиз. Кўзимизга уйқу келмади. Тонг отгач, бомдод намозига чиқдим. Қўшнимиз Абдуҳ Афандига телеграммани бердим, у ўқиб, ёзилган нарсаларни айтиб берди. Менга ўғлим оғир аҳволда, пулга жуда ҳам муҳтож эканини айтиб, дарҳол пул жўнатишимни тавсия қилди.
Ҳовлимни ярим нархига сотдим. Эшитяпсизми, жаноб? Ҳовлимни 200 лирага сотдим. Менинг бу дунёдаги бор бойлигим шу ҳовлим эди. Кишилар бир яҳудийдан қарз олиш мумкинлигини айтишди. У фоизга қарз берарди. Мен ундан қарз олдим. У 9 лира бериб, ҳар ойда устига 1 лира қўшиб оларди. Бу дегани 100 лира йил охиригача 220 лирага айланиши керак эди! Мен пулларни олиб, ўғлимга юбордим ва ҳеч вақосиз қолганимни айтдим.
Шундан сўнг 3 йил менга хат ёзмай қўйди. Ёзган хатларимнинг бирортасига жавоб ёзмади. Кетганига тўлиқ 7 йил бўлди ҳамки, унинг юзини кўрмадим. Уй-жойсиз қолдим. Ҳалиги яҳудий келиб, қарзини талаб қилди, мен эса тўлай олмаслигимни айтдим. Устимдан даъво қилди. Ҳукумат ҳам унга ён босди. Чунки мен ўзим нималигини билмайдиган қоғозларга бармоғимни босган эдим. Маҳкамадагилар: “Бу қоғозларга сиз бармоқ босганмимиз?” – дейишди. Мен “ҳа” деб жавоб бердим. Менга қарзимни тўлашим кераклигини, акс ҳолда қамалишимни айтишди. Жаноб, қамалдим. Ҳа, қамалдим. Аёлим ёлғиз ўзи қолди. Аллоҳдан ўзга яқини қолмаган эди. Инсонларга ювувчи бўлиб ишлади, уйларида хизмат қилиб, қуйқа нарсаларни еб-ичди.
Ҳибсдан чиққанимда қўшниларимиздан бири:
– Ўғлингни кўрдингизми? – деб қолди.
– Ўғлим?! Аллоҳ сенга яхшилик хабарини берсин. Қаерда экан у?
– Ростдан ҳам билмайсизми ёки ўзингизни билмаганга соляпсизми? У ҳозир ҳукуматда катта лавозимда ишлаяпти. Франциялик аёли билан янги маҳалладаги ҳашаматли уйда яшаяпти.
Онаси билан бирга ўғлимизнинг уйига бордик. Ўғлимизни худди ёшлигида қучоқлаганимиз каби қучоқлашни, кўксимизга босишни, қалбларимиз бу узоқ айрилиқдан сўнг унга тўйиб олишини жуда истаётгандик. Эшикни тақиллатган эдик, бир хизматчи аёл чиқди. Бизларни кўриб, жирканиб:
– Нима истайсизлар? – деди.
– Иброҳим керак, – дедик.
– Бек жаноблари уйларида камбағалларни қабул қилмайдилар. Яхшиси ишхонага боринглар, – деди. Шунда мен:
– Одобсиз, нималар деяпсан? Камбағалмиш. Мен Иброҳимнинг отасиман, бу эса онаси, – дедим.
Шу пайт овозимизни ўғлим эшитиб ташқарига чиқиб:
– Нима бўляпти? – деди. Ортидан франциялик гўзал аёл ҳам чиқди. Онаси бу ҳолатни кўриб йиғлаб юборди ва:
– Суюклигим, Иброҳим! – деди ва икки қўлини чўзиб, ўзини у томон отди. Иброҳим эса ўзини тортиб, онаси ушлаган кийимини силтаб юборди ва хотинига французча нимадир деди. Кейин у сўзнинг маъносини сўраб билсак, “тиланчи” дегани экан! Сўнг Иброҳим уйига кириб кетди ва хизматчига бизни ҳайдаб юборишини буюрди... У эса ўғлимизнинг ҳовлисидан бизни ҳайдаб чиқарди.
Мен ўғлимни пойлаб юрардим. Бир сафар ўзига йўлиқдим. Шунда у менга таҳдид қилиб, бирор кишига отасилигини айтадиган бўлсам, ўлдиришини айтди. Сўнг:
– Эй, киши, мендан нима истайсан? Пулми? Мен сенга пул бераман. Шарти шуки, қайтиб олдимга келмайсан ва отам эканингни айтмайсан, – деди.
Жаноб, берадиган пулидан юз ўгирдим ва инсонлардан ёрдам сўрадим. Аёлим ҳам ўз ишига қайтиб, кийим-кечакларни ювиб, инсонлар хизматларини қилиб юришда давом этди. Бора-бора ожиз бўлиб, қарилик ва касаллик бизларни ўрнимиздан жилдирмай қўйди. Сизнинг олдингизга шикоят қилиб келяпман. Айтинг, нима қилай?
Мен у кишига:
– Олдинига ўғлингизни исмини айтинг, лавозими қандай? – дедим.
У менга ғазаб нигоҳлари билан қараб:
– У мени ўлдиришини истайсизми? – деди. Мен:
– Ахир ҳукм даъводан кейин бўлади. Даъво эса унинг исми айтилгандан кейин бўлади, – деб жавоб бердим. Шунда у:
– Ундай бўлса, шикоятимни Аллоҳга айтар эканман, – деди.
Турди-да, оёқларини судраб, ноумид ҳолда ташқари томон юрди... Чиқиб кетди ва бошқа сира қайтмади.
Шайх Али Тантовийнинг 1946 йилда нашр қилинган “Қисас минал ҳаёт” китобидан