Мариянинг ҳафсаласи пир бўлди. Хаёлидан бу тунда бўлиб ўтган воқелар бирма-бир ўтди. Зафар, ғалаба, муҳаббат, висол билан бошланган кеча муваффақиятсизлик, ҳалокатли мағлубият, узун фироқ билан якун топди. 100 йил давомида қурилган бино бир лаҳзада қандай қилиб қулаши мумкин эканлигига Мария тушуна олмасди. Ахир қандай қилиб бунёд бўлишига бутун Европа кўмаклашган бинони биргина киши қулатиши мумкин?! Бу дегани биргина мусулмон амир насронийларнинг барча подшоҳию амирлари билан тенг деганими?! Агар ҳақиқатдан шундай бўлса, ахир у мусулмонлар ҳаммалари қандай қилиб бирлаша олишди? Агар бу урушлар уларнинг халифалик даврларида бўлганида ҳам бошқа гап эди. Чунки у пайтда улар чегараси Хитойдан то Францияга қадар чўзилган ягона мамлакат эди.
Мария шу саволларни учратган ҳар бир одамга айтарди. Бироқ ҳеч ким тўхтаб ҳам ўтирмасди, жавоб ҳам бермасди. Шу орада бир кишига йўлиқди, унинг кўнгли юмшоқ экан шекилли, Марияга раҳми келиб жавоб қайтарди. У ҳам бўлса, “Билмайман” дейишдан нарига ўта олмади.
Булут ортидан ингичка ой кўриниб, гўё дунёни ўлим тўшагида ётган беморнинг юзидек қилган мадорсиз, ғамгин зиё таратди. Мария балчиққа қоришиб кетган одамнинг гўшт парчаларини кўрди. Улар орасида тилла совутлар, синган найзалару қиличлар кўринарди. Мария учун энг даҳшатлиси – тонгда уруш майдонига жар солиб чиққан довюрак қаҳрамонларнинг қўланса мурдалари ҳақида фикр қилиш эди. Мана шу мурдалар салибчиларнинг қўрғонларию деворлари эди. У ёрини излашда давом этиб, юзларга тикилиб қарарди. Бир кекса киши ўтиб қолди. У киши Мариянинг эрини яхши кўрарди. Аёлга раҳми келиб, қўлларидан ушлаб, уруш майдонидан олиб чиқди. Ғам Мариянинг иродасини синдирган, уни гўё уйқусида юргандек ўз ҳолига ташлаб қўйганди. Мария кекса кишига истар-истамас эргашиб, у билан юрди. У худди ўзига гапираётгандек паст оҳангда кекса кишидан:
- Отажон, эримни кўрдингизми? – деб сўради.
Қария уни хафа қиладиган хабарни айтишни истамади. Гапни у сўраган нарсасидан бошқа томонда бурди. Шунда Мария яна савол берди:
- Отажон, нима деб ўйлайсиз, энди улар бизни нима қилишади? Ўғлимни олиб кетиб, кўз олдимда гўштларини ейишадими?
- Бу бўҳтон гапларни ким айтди сенга? Мусулмонлар олийжаноб, вафоли кишилар. Уларнинг бошлиғи Салоҳиддин бутунлай яхши подшо..., – дея жавоб берди қария.
Қария мусулмонлар ҳақида ўзи билганларини сўзлаб берарди. Мария эса, оғзини очганча тингларди. У айтаётган гапларни тушуна олмас, гапираётган гапларига ишонмасди. Шунда кекса киши давом этиб:
- Агар улар бизларни бирма-бир пичоқдан ўтгазганларида ҳам бизларга нисбатан адоват қилган бўлишмайди, балки адолат қилган бўлишади. Чунки бундан 100 йил илгари биз Қуддусга кирганимизда уйларда ҳам, кўчаларда ҳам, масжидларда ҳам уларни ўлдирдик. Уларни қаерда топсак, бирма-бир қирдик. Ҳатто улар жонларини сақлаш учун ўзларини деворлар устидан отишган. Улардан ўлдирган кишиларимиз сони 70 мингга етган. Ўшанда уларга қалбимиз шафқат қилмаган, қилмишларимиз нотўғри эканини тилларимиз айтмаган...
Тонг отди ҳамки, Мария эрини ҳар ердан излар, қидирарди. Боласи қўлида “Дада, дада”, деб, ўзи шундоқ ҳам фикру зикри ёрида бўлган онасига отасини эслатарди.
Биргина “дада” деган сўз дунёдаги сўзларнинг энг гўзали, сўз бойликларининг биринчисидир. Бу сўз бола тилига оладиган илк инсоний сўздир. Тиллар турли бўлса-да, лекин барчалари бирлашадиган сўз мана шудир. Бола бу пок сўзни дунёда ёмонлик нимаю, макр нима эканини билишидан аввал ишлатади. У “ҳабибим” деган сўздан кўра ёқимлироқдир. Чунки муҳаббатнинг мақталадигани бор, ёмонланадигани бор. Оталик эса, турган битгани яхшилик. Муҳаббат инсон яратиб оладиган алоқа бўлса, оталик Аллоҳ таолонинг санъатидандир.
Мария бу тонг жигарини куйдирадаган олову, уни тирнайдиган тиғдан ўзгасини кўрмади. Не қиларини билмай, қўшни аёлларнинг олдига борди. Улар қўрқинчли бўладиган нарсаларни кузатиш учун тўпланишганди. Қуддус биргина овоз билан тебранаётганди. Ана шу овоз узра мусулмонлару насронийлар жам бўлишганди. Мусулмонлар “Аллоҳу акбар” деб нидо қилишар, насронийлар ночор бўлиб йиғлашарди. Аёллар уларни томоша қилишарди. Шунда ғалаба қилган қўшиндан биттаси Қуббатус саҳрони устига чиқиб, 100 йилдан бери турган тилла хочни йиқитди. Насронийлар энди қиёмат бўлади, деб ўйлашарди...
Аёлларга шаҳарда мусулмонлар нималар қилишаётгани хабари келарди. Улар ажабланишар, ҳечам ишонишмасди:
- мусулмонлар бирорта ҳам кишига озор беришмабди, ҳеч кимни талон-тарож қилишмабди;
- ким шаҳардан чиқишни истаса, белгиланган пулни тўлаб, ўзи билан истаганича нарса олиб чиқиб кетиши мумкин экан;
- насронийлар ортиқча нарсаларини бозорда сотаётган, мусулмонлар уларни ўз баҳосида сотиб олишаётган экан;
- насронийлар хотиржам, тинч-омон юришган, фақатгина яхшилик, мурувват, лутф кўришаётган экан;
- мусулмонлар одамзод гўштини ейдиган ваҳшийлар эмас, балки ривожланган, маданиятли кишилар экан.
Яна аёлларга мусулмонлар ҳарамда нима қилганликлари хабари келди. Улар ҳарамда насронийлар нима ўрнатишган бўлса, ўшаларни йўқотиб, уни аввалги асл ҳолатига келтириб қўйишибди. Нуриддин шаҳид ясаган минбарни келтириб, ҳарамга қўйишибди. Меърож кечаси уларни хатиби чиқиб нутқ сўзлабди.
Бу ҳолатларни ўз кўзлари билан кўриб, эшитган бир киши келиб, аёлларга шундай деди:
“Мен масжидга кирдим. Ҳеч ким менга монелик қилмади, ким эканлигимни ҳам сўрамади. Мусулмонлар орасига қўшилиб кетдим. Қарасам, улар ҳаммаси ерда ўтиришар экан. Ўтирадиган жойлари бир-бирлариникидан фарқ қилмас, Бошлиқларининг жойи ҳам ҳеч кимникидан ўзгача эмас экан. Уларнинг ҳаракатлари тинган, жим ўтиришар, Аллоҳга итоат қилишарди. Мен уруш майдонида шайтону, жинларга айланган бу кишиларни кўриб лол қолдим. Қандай қилиб бу ерда бундай итоаткор бўлиб қолишди, ҳайронман?! Хатиб минбарга чиқиб, хутба қилди. У шундай хутба қилдики, агар у сўзлар чўлдаги қумларга айтилса, ҳаракатга келиб, отлиққа айланишади. Агар бу сўзларни кар тошлар эшитса, уларга жон киради. Шуни билдимки, улар модомики мусулмон бўлиб қолишса, дунёнинг барча давлатлари бирлашса ҳам уларни енга олишмайди. Чунки уларнинг қалбидаги иймон қуввати ҳар қандай қувватдан кучли экан. Уларни ҳеч нарса қўрқита олмас экан. Одамлар ўлимдан қўрқишади. Улар бўлса, ўлимни яхши кўрар, ўлишни исташар экан. Йўқ, энди бу диёрни биз ҳеч қачон қайта эгаллашни истай олмаймиз. Буни мен сизларга айтаман. Мен уларни қандай эканликларини билдим, улар билан сўзлашдим, уларга аралашиб юрдим ва уларнинг диёнатлари қандай эканини кўрдим. Йўқ, биз сира ҳам бу диёрни қайта умид қилмаймиз. Бугун улар 100 йилдан бери турган хочни йиқитишди. Энди у сира ҳам қайтмайди. Энди бу қубба устида фақатгина Муҳаммаднинг шиори олий бўлади. Ҳеч қандай насронийларники ҳам, яҳудийларники ҳам эмас. Уларнинг ҳар бир боласи эртага Салоҳиддинга айланади. Биз уларнинг қонини бекордан-бекор тўка олмаймиз. Жонларини ҳам бефойда ололмаймиз.
Давоми бор...
Шайх Али Тантовийнинг 1946 йилда нашр қилинган
“Қисас минал ҳаёт” китобидан