Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Аҳли ирфон

Байтул Мақдисда (1-қисм)

2976

Мария уйида бир жойда тура олмай у ердан бу ерга ўтарди. У ёрига ғам чекиб, унга бирор кор-ҳол бўлдимикан, деб хавотирланарди. Эмизикли боласини маҳкам қучоқлаб, унга термулиб, эркалатарди. Сўнг яна уни маъюслик эгаллаб, эртага мана шу фарзанди отасиз етим бўлиб қолишини хаёл суриб, кўзларидан ёш юмалаб, мурғаккина гўдакнинг юзига тушарди. Боласи бундан сесканиб уйғониб йиғлай бошларди. Муҳаббат кўз ёшлари чақалоқнинг кўз ёшларига аралашиб кетарди... 

Эри тонг саҳарлаб Байтул Мақдисни мусулмон душманлардан ҳимоя қилиш учун чиқиб кетганди. Қуёш ботди ҳамки, ҳали ҳануз ундан дарак йўқ. Унга нима бўлганидан аёли бехабар. 

Мария жасур, довюрак, хавфдан қўрқмайдиган, турли ҳодисалар унинг қалбини чўчитмайдиган аёл эди. Бироқ “Ҳиттин” воқеаси европалик мард кишининг ҳам қалбини тинч қўймас, улардаги отлиқ учун ғалаба борасида бирор умидни тарк ҳам қилмасди. Бу уруш қўшинни парчалаб, тегирмон чиғириғидек ишқаб, камончиларнинг қалбини ўз ўрнидан тебратиб юборганди. Шундай экан, юмшоқ, ёш қалб эгаларининг аҳволи қандай бўларкин?!

Унинг эри чавандоз, қавмининг қаҳрамони эди. У европалик, олмон, инглиз ва борингки Европадаги барча миллатлардаги қизларни кўрди. Лекин гўзаллик, мафтункорликда Марияга ўхшашини учратмади. Бир-бирларини ёқтиришди, турмуш қуришди ва бахтиёр жуфтликка айланишди. Умрлари бахтли эди. Ҳовлилари бамисоли улар учун “Адн” жаннати каби эди... Бироқ эрининг аёлига бўлган севгиси уни ватанига бўлган севгисига тўсқинлик қилмади. Унинг ватанга севгиси насронийларнинг пешқадам отлиғи, қаҳрамони бўлиб ватанини абадий қолиши учун уни мудофаа қилиб, хочини маҳкам тутишга ундади. У қачон шитирлаган овозни эшитгудек бўлса, учиб борар, урушга чақирилса, биринчилардан бўлиб чиқарди...

Эшик очилди. Мариянинг юраги дукуллаб, нафаси тезлаша бошлади. Келаётган киши хушхабар берувчими ёки ўлим хабарини олиб келганми, билмасди. Эшик томонга умид билан қараб турганда у томон эри саломат ҳолда кириб келди. Ёри икки қўлини у томон очди, аёл эса унинг бағрига ўзини отди... Эри ғалаба ҳақида сўзлаб: “Исо душманларни чекинтирди, уларни кучсизлантирди ва улар натижада, уруш бўлишидан, балки биз жангга киришишимиздан олдин қочиб қолишди. Суюклигим, энди Байтул Мақдисда Масиҳнинг ҳукмронлиги абадий қолади. Мария, улар шаҳар деворлари тепасидан туриб насроний қаҳрамонлар ва салиб отлиқларини кўрганларида юракларига қўрқув тушиб, чодирларини бузиб, ҳеч нарсага қарамай ортларига фақатгина қутулишни истаб, тум-тарақай қочаётганларини кўрганингда эди, “Ҳиттин”да ўша ишларни қилган шулар эканлигига ишонмасдинг. Улар тентираб юрган қўйлар каби қочиб қолишди... “Ҳиттин” даги Мақдиснинг қаҳрамонлари бугун уруш қанақа бўлишини уларга кўрсатиб қўйишди!

Салиб муқаддас бўлди! Насроний номи олий бўлди! Иерусссалим бизларга абадий қоладиган бўлди!!!”

Мария эри билан катта черков томон ғалабани нишонлаш учун кетишди. Эри унга йўлда ваҳший кофирлар ҳақида сўзлаб берар, уларнинг диёнатларининг бузуқлиги, кишиларининг золимлиги, душманларини қандай гўштини еб, қай тарзда қонларини ичишини айтиб берарди. Уларнинг подшоси Салоҳиддинни коҳинлар ва черков кишилари васфлагандек тасвирларди. Мария эса, бундай қўрқинчли ҳолатни тасаввур қилиб, қўрқинч ва даҳшатдан сесканар, боласини маҳкам қучоқлаб оларди. Муқаддас Ясуъ (Исо) ва бокира Марямлардан душманларга эри сабабли ўзига мусулмонлар эга бўлмасликлари ва Салоҳиддиннинг қўрқинчли юзини кўрсатмасликларини ёрдам сўраб чўқинарди.

Байрам тугаб, черковдан қайтишди. Дунё уларга тинчлик калитларини тақдим этди, замон уларни тинчлик узра барқарор қилиб, уларнинг қарорига қўшилди, дея Мария хаёлидан ўтказганича тўшагига ётди. У орзу-умидлари билан хуфиёна суҳбат қура бошлади. Охир-оқибат орзулари унга шундай деди: “Эндиликда яшаб турган замини тўлиқлигича Масиҳ ва унинг издошларига қайтади; унинг бирор ерида масжид минораси қолмайди, ҳавосида азон товушлари қайта янграмайди; эрининг мансаби кўтарилиб, ягона қўмондонга айланади...”. Мария мана шу ёқимли ўйлар оғушида кўзини юмди. Шу умидларини ўзи билан уйқусига ҳамроҳ қилди... Уйқуга кетди... Бироқ, бироқ даҳшатли туш кўрди: Гўёки шаҳар ларзага келган, ағдар-тўнтар бўлиб кетган экан. Қалъалари эса, остин-устун қилинган, тошлари йиқилган, худди ваҳший бургут зарбасидан заиф чумчуқнинг уяси барбод бўлгани каби қулаган экан. Унинг қулоғига йиғи, оҳ-воҳлар эшитилар, эркаклар бақириқлари ҳам тинмасди...”. Шунда Мария бу оддий туш эмас, балки ҳақиқат эканини англади. Ўғлини кўтарганича сакраб турди. Эрининг ўрнига қаради. У жойида йўқ эди...

Нима бўлганини сўраш учун ташқарига отилиб чиқди. Одамлар нималар рўй берганини айтишди: “Салоҳиддин шаҳар атрофида айланиб, Зайтун тоғида тўхтаб, сўнг шаҳарни ер билан яксон қилибди. У гўё юмшоқ ердан дарахтни суғурганидек шаҳарни қўпориб юборибди. Замбарак, тошотар қуролларида алангали оловлар билан шаҳарни нишонга тутибди. Қўшини билан худди оқиб келаётган селдек деворлардан ҳужум қилибди. Йўқ, йўқ улар бамисоли лаънати иблис каби экан. Бизларни оловимиз уларни куйдирмас, тиғларимиз уларга таъсир қилмасди. Улар худди шайтонлару жинлар улар билан қўшилиб жанг қилаётгандек...”.

Мария мудофаа кучларига ишонарди. Зеро, Қуддус шаҳри 1 ёки 2 йилдан бери эмас, балки 100 йилдан бери уларнинг қўл остида эди. Қуддусда 6 000 та салибчиларнинг энг сара қўшини бор бўлиб, уларга Балён бошчилик қиларди. Уларни олий патриархнинг ўзи тайинларди. Лекин бу тўсатдан бўлган ҳужум Марияни ваҳимага солиб, унинг қалбига шубҳа туйғуларини жойлаб қўйди...

Марияга турли хабарлар кела бошлади. Ҳар бир эшитадигани у учун аввалгисидан даҳшатли бўларди. Ҳар он ўтиши билан Мария ҳужумнинг шиддати ва бориши, мудофаа қуроллари йўқ қилинаётгани борасида янги хабар эшитарди. Охири эшитдики, оқ байроқлар деворлар узра кўтарилибди. Бу ҳолат сулҳ тузилганини англатарди. Яъни, хоҳлаганлар 40 кун ичида шаҳардан чиқиб кетади. Ким чиқмаса, Салоҳиддиннинг ҳукми остига ўтади. Чиқувчилар учун шаҳар дарвозалари очиб қўйилади. Эркаклар 10 динор, аёллар 5 динор, ёш болалар 2 динор эвазига чиқишлари мумкин.

Шунда Мария уларни шу ҳолатларида тарк этиб, суюкли ёрини излай бошлади. У зулмат ичра деворлар атрофида очиқ эшикларга термулиб айланиб юрарди. У ердан зафар қучган қўшин машъала ва ноғоралар билан киришарди. Мария эса, чақалоғини маҳкам қучоқлаганича у ердан узоқлаша бошлади. Бора-бора уруш майдонига етиб борди. Бир пайт қараса, оёқлари остида салибчиларнинг байроқлари парча-парча, куйган, лашкарлар жасадларига аралаш ҳолда, бўлак-бўлакларга бўлиниб ётарди. Кўрдию, қалби ҳадик ва қўрқинчга лиммо-лим тўлди. Ортига қайтмоқчи бўлди. Бироқ ўзида куч топиб, йўлида давом этди. У ёрини изларди, то уни кўрмагунига қадар ё у ҳақида бирор хабар эшитмагунича ортига қайта олмасди. Атрофида кўпгина эркаклару аёллар худди у каби қариндошими, дўстими – кимларнидир излашарди. Кўрдики, қадрдон она тупроғи Исо ва унинг онасига куфр келтирган кишиларнинг қўлига қайтди. Суюкли ёрини йўқотгани уни маҳзун қилгани каби бу ҳолат ҳам унга азоб берди. У мурдаларнинг юзларига қараб, ўз танишлари, яқинларини танишга уринди. Бироқ ўйлаганидек бўлмади. Зулмат сабабли, жасадларнинг таниб бўлмас даражада бўлиб кетишгани туфайли ҳеч нарсани кўра олмади. Ўз ҳаёти кўз олдига келди. Зеро, олдинги ҳаёти энди йўқ. Ўрнига янгиси келди. Қўрқинчли, азобли, даҳшатли ҳаёт... Мария янги ҳаёт ҳақида бирор нарса билмасди. Бошқалар ҳам янги ҳукмдорлик остида нелар бўлишидан бехабар эди. Мария ёрининг анави фотиҳларнинг зулми ҳақида айтганларини эслади. Суюклисини эслаганда қалби гўё кўксидан чиқиб кетгандек ҳис қилди ва у ҳақида ўйлай бошлади: “Ҳозир у қай ер устидаю, қай самонинг остида экан?! Гўзал жисми парча-парча бўлган, аъзолари сочилиб кетган мурдага айландимикан?!” Ўйларини шу зайлда давом эттиришга кучи етмади. Кўзларини чирт юмиб олди. Кўзларидан ёшлар юмалади. Кўнгли ёрига ачиниш ҳиссидан гўё оқиб кетаётгандек бўлди. Боласини шиддат ва меҳр билан ўпа бошлади. У худди шу ўпичларида ўзининг ғам-андуҳларини тўкиб ташлаётгандек эди. Ҳатто боласини қийнаб қўйди ва чақалоқ бақириб йиғлай бошлади... Мария кўз олдидаги ҳолатлардан қочиб-қутулишни истарди. Нима сабабдан ҳамма нарса бу даражада тезлик билан ўзгариб кетганини тасаввур қила олмади. У баъзан: “Тушиммикин, уйғонсам ҳаммаси ўз ўрнига қайтади”, деб ўйлаб қоларди. Бироқ ҳақиқат бир зумда бу ўйни йўққа чиқариб, хаёлидан кетказиб юборди...

Марияни энг қўрқитган ва қалбини оғритган нарса инсонлар унга ёрдам бермай кетиб қолаётганлари эди. Бу кутилмагандаги мусибат ҳаммани ўзи билан ўзини овора қилиб қўйганди. Худди маҳшар куни каби ҳамма “ўзим, ўзим” деяётгандек эди...

Давоми бор...

 Шайх Али Тантовийнинг 1946 йилда нашр қилинган “Қисас минал ҳаёт” китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шайх Али Тантовий даҳрийни қандай мот қилди?

7908 17:20 27.08.2020

Шайх Али Тантовий: Арафа кунги қотиллик ёхуд Шом диёридаги адолатсизликлар ҳақида

3560 16:36 29.07.2020

Ширинликни еган кўпроқ лаззатландими ёки берганми?

3426 22:30 31.03.2020

Яхши кўрган инсонларингизни жуда маҳкам тутинг! 

2770 21:30 27.03.2020

Шайхни жеркиб берди, аммо...

4902 07:20 22.01.2020

Кўчани тозалаш қанчалик савоб?

2102 14:00 21.01.2020
« Орқага