Яҳудийларда ссуда фоизига нисбатан муносабат. Судхўрликка нисбатан диний китоблардаги дастлабки салбий муносабат Тавротда аниқ ифодаланган эди. Бу ерда сўз судхўрликка тақиқ барча учун умумий эдими ёки фақат яҳудийлар жамоаси учун эканлигида бормоқда.
Бошқа томондан, Эски Аҳдда ҳақиқий тақводор “ўсишга бермайди ва фоиз олмайди” деган қоида мавжуд (Йехезк, 18:8). Таврот қарздор билан эҳтиёт бўлиб муомала қилишни тавсия этади. Овқат тайёрлаш учун ишлатиладиган буюмларни гаровга олиш мумкин эмас ҳамда гаровни олиш учун қарздорнинг уйига кириш ман қилинган (Шмот, 22:24-26, Дварим, 24: 6, 10-13).
Лекин Тавротнинг бошқа қоидалари фақат ўз диндошларигагина фоизга пул бериш ман этилганини тасдиқлаб турибди: “Агар Менинг ҳалқим камбағалидан бирига пул берсанг, уни камситмагин ва унга орттирмагин” (Шмот. 22:24), “Чет юртликка орттиришга бер, ўз биродаринг қарзини кечиб юбор” (Дварим, 15:3).
Ушбу қоидалар Тавротнинг бошқа қоидаларига қанчалик мувофиқ келишини таҳлил қилиш муаллифнинг вазифаси ва ваколатига кирмайди[1]. Шуни қайд этиш лозимки, обрўли яҳудий донишмандларидан бири Маймонид (1135-1204) томонидан юқорида таъкидланган битиклар ўта зарур ҳолатларда яҳудий бўлмаганлардан фоиз олишга ижозат этувчи дея талқин этилган.
Таврот яҳудийларни бошқа ҳалқларга қарздор бўлиб қарам бўлмасликдан огоҳ этади ва ўзга диндагиларга қарз беришдан қўрқмасликни очиқ-ойдин тавсия этади: “...кўплаб ҳалқларга қарз берасан, ўзинг эса қарз олмайсан, ва улар сенинг устингдан эмас, балки сен кўплаб ҳалқларнинг устидан ҳукмрон бўласан” (Дварим, 15:6).
Кейинчалик раббонийлар[2] орасида ўзга диндагиларга фоизли қарз беришга жиддий тарзда қарши чиққан эътирозлар бўлмади.
Ҳозирги даврда йирик яҳудийлар жамоаси яшайдиган мамлакатларда гемахи (gemachs – ибронийча гемилус чесед (хайрли иш)) номи билан аталувчи хайрия ташкилотлари кенг тарқалган бўлиб, улар эҳтиёжманд ўз диндошларига фоизсиз қарз беришга ихтисослашган. Қадимда ҳам, масалан эранос[3] деб аталувчи жамиятга кирган юнон задогонлари орасида ҳам фоизсиз асосда қарз бериш йўлга қўйилган эди.
Насороликда ссуда фоизига нисбатан муносабат. Судхўрликни тақиқлаш масаласида аввалига насороликда жамоат аъзолари ва ўзга диндагилар ўртасида тафовутлар бўлмаган. Судхўрлик қораланган, шунингдек ўзга диндагилардан фоиз олиш мумкин эмаслиги алоҳида таъкидланган: “Душманларингизни севинг ва хайр қилинг, таъма қилмасдан қарз беринг” (Лука, 6:35), яъни ўша пайтда қарийб унутилаёзган Эски Аҳддаги душманларга муносабатда диний бағрикенгликка чақирилган: “Агар душманинг адашган ҳўкизи ёки эшагини топиб олсанг, уни унга келтириб бер. Агар душманинг эшагини остонангда йиқилган ҳолатда кўрсанг, уни ташлаб қўйма: у билан биргаликда юкидан бўшатгин” (Чиқиш, 23:4-5). Исо(а.с) ҳам фоизсиз қарзлар мумкинлигини рад этмаган: “Сендан сўраганга бер ва сендан қарз сўровчидан юзингни бурма” (Матфей, 5:42). Лекин ўша даврда кенг тарқалган судхўрлик амалиётлари ҳақида талантлар (Матфей, 25:27) ва минлар (Лука, 19:23) тўғрисидаги ўгитларда эслаб ўтади.
Ўрта асрларнинг дастлабки даврларида насоро руҳонийлари ўзларидан кейин келувчи мусулмон ҳамкасблари сингари судхўрликнинг барча шаклларини кескин қоралаганлар[4]. 325 йилда Никей собори ҳам руҳоний кишилар томонидан фоиз олишни қатъий қоралади.
Ҳали XI асрдаёқ насоро муаллифлари томонидан судхўрлик ўғирликка тенглаштирилган эди. Масалан, машҳур насоро ҳуқуқшуноси бўлган болониялик руҳоний Грациан судхўрликни “асосий миқдордан ортиқча сўраш” деб таърифлади ва худди ўғри каби судхўр қарз миқдоридан ортиқча олганини қайтаришини талаб қилди.
Судхўрликка тақиқ савдонинг зўр бериб (XI аср охири – XII аср бошлари) ривожланиши даврига қадар насороликни қониқтириб келди ва шу даврдан бошлаб натура билан тўлов қилиш иқтисодий муносабатларда ўзининг дастлабки аҳамиятини йўқота бошлади[5]. Лекин савдонинг ривожланиши билан турли шаклдаги иқтисодий корхоналарни молиялаштириш эҳтиёжи пайдо бўла бошлади. Етарли миқдорда молияларга эга бўлгани ҳолда, черков кўп ҳолатларда ўзининг муассасалари тимсолида қарз берувчи сифатида иштирок этар эди.
1516 йилда Бешинчи Латеран собори аҳолининг камбағал қатламига нисбатан паст фоизларда кредит берувчи ломбардни ташкил этган францискларнинг амалиётини маъқуллади, у фақат ўз харажатларини қоплар эди.
1745 йилда папа Бенедикт XIV ўзининг ссуда фоизига бағишланган энцикликида(бажариш учун барча католикларга йўлланадиган папанинг мурожаати) судхўрлик ман этилганини расман тасдиқлади, лекин, замонавий шарт-шароитда бир қатор омиллар асосий қарзга устама талаб қилишини изоҳлаб ўтди. Шунинг билан бирга католик черкови токи Янги даврга қадар ҳар қандай фоиз жоизлигини расман эълон қила олмади ва шу йўл билан икки ёқлама мавқеда туришни афзал кўрди: ссуда фоизи тан олинмайди, лекин кўплаб содир бўлаётган алоҳида ҳолатларда уни зарурий “зулм” сифатида кўриб чиқилади.
Ссуда фоизини қонунийлаштиришда протестантлар католиклардан илдамлаб кетишди. Лютер(1483-1546) шундай ёзади: “...Агар кимдир кўпроқ ёки дурустроқ олса, бу судхўрликдир: бу яқинига хизмат қилинганини эмас, балки худди ўғрилик ва талончилик каби зиён етказилганини англатади”. Немис протестантизмининг асосчиси судхўрлик муаммоларига ўзининг қарашларини аксиляҳудий “Яҳудийлар ва уларнинг ёлғонлари ҳақида” асарида баён этиб берган.
Кальвиндан(1509-1564) сўнг протестантлар олдида судхўрлик тақиқланган ёки жоиз эканлиги эмас, балки қандай фоиз ставкаси меъёрида ва қандайи ўта юқори – судхўрлик ставкаси эканлиги масаласига жавоб излаш турар эди. Кальвин даврида Женевада ўша пайтдаги айтарли ўта паст, 5% миқдоридаги фоиз ставкаси ўрнатилган эди. Лекин асрлар оша ўта юқори фоизлар ҳақида тасаввурлар ўзгаришини инобатга олган ҳолда, авваллари судхўрлик деб аталган фоизларни қонунийлаштириш ҳақида сўз юритиш мумкин бўлиб қолди.
Шарқий(православ) черков ҳақида сўз юритадиган бўлсак, у узоқ вақт қавм орасидаги судхўрликка лоқайдлик билан қараб келинди( фоизга маблағ берган руҳонийлар эса ўз унвонларидан маҳрум бўлишлари мумкин эди). А. Ю. Журавлёв православие “хўжалик жараёнларини черков томонидан диний қарашлардан келиб чиқиб англаб етишда эмас, балки долзарб иқтисодий ўлчовларга муносабатни шакллантиришда ортди қолди” дея адолатли таъкидлаб ўтган эди.
Манба: «Ислом иқтисодий модели ва замон»
Муаллиф: Ренат Беккин. Таржимон: Ботирхўжа Жўраев
[1] Яҳудий ҳуқуқи бўйича айрим мутахассислар, ўзга диндагилар билан ёмон муносабатда бўлиш, шунингдек, улардан фоиз ундириш яҳудий учун энг оғир гуноҳлардан бири ҳисобланади деган нуқтаи-назарни маҳкам тутадилар. Ҳар бир яҳудий ўзида Аллоҳнинг номини олиб юради, шунинг учун у ўзининг тақвосизлиги билан худди Уни ҳақоратлаган бўлади( хилуль а-Шем). ”Яҳудий бўлмаганни шилмоқ – яҳудийни шилишдан ҳам оғирроқ гуноҳдир, бу Аллоҳнинг номини булғаш билан баробардир”,- дейилади Талмудда. (Левин Б. Яҳудий анъанасида амалий муносабатлар аҳлоқи//. Лекин юқоридаги нуқтаи-назар тарафдорлари озчиликни ташкил этади. )
[2] Раббонийлар – яҳудийликдаги диний руҳонийлар.
[3] Эранос (сўзма-сўз – байрамда иштирок этиш) контекстга боғлиқ ҳолда: бирон-бир жамоанинг аъзолари ажратмалари ҳисобига шакллантирилган ва жамоа аъзоларидан бирига бериладиган фоизсиз қарз ёки мана шундай(диний ёки бошқа) жамоанинг ўзаро ёрдам жамияти сифатида фаолият кўрсатишидир.
[4] Лекин истисно ҳолатлари ҳам бўлиб турган. Масалан, муқаддас Амвросий Медиоланский(340-397) дин учун бўлган уруш вақтларида душманлардан ссуда фоизи олиш мумкин деб ҳисоблаган.
[5] Насоро черкови узоқ вақт мобайнида яҳудийларга судхўрлик билан шуғулланишнинг яширин иложини топиб келган.