Имом Бухорий даврида яшаб ўтган, у зот вафотидан саккиз йил ўтиб вафот этган имом Абу Зуръа номли муҳаддис ўтган. Хуросоннинг Рай шаҳридан бўлгани учун Розий деб аталади.
У зотнинг муҳаддислик иқтидорига имом Аҳмад ва имом Бухорий каби ҳамасрлари тан берган эдилар.
У кишининг вафоти ажиб бир тариқада якун топган эдики, муҳтарам дўстларни шу воқеа билан таништиришни истадим.
Имом Муҳаммад ибн Муслим ибн Вора ҳикоя қилади:
"Мен Абу Ҳотим Розий (бу зот ва ҳикоя қилувчи ҳам замоналарининг йирик муҳаддисларидан эди) билан бирга Абу Зуръа ҳузурига кирдим. У киши ўлим арафасида ётар эди. У зотнинг ҳайбати босиб, "ла илаҳа иллаллоҳ" ни талқин қилишга истиҳола қилдик (талқин қилиш - ўлим тўшагида ётганга "ла илаҳа иллаллоҳ денг, дейиш). Кўз уриштиришиб, "Кимнинг охирги гапи "Ла илаҳа иллаллоҳ бўлса, жаннатга киради" ҳадисини санади билан айтишга келишдик-да, мен ҳадис санадини айта бошладим:
Абу Осим менга айтиб берди, у кишига Абдулҳамид ибн Жаъфар айтиб берган... деб қолганини унутгандек тўхтадим.
Абу Ҳотим ҳам ўзининг санадини айта бошлади:
Менга Бундор ибн Башшор айтиб берди, у айтди: менга Абу Осим айтиб берди, у айтди: менга Абдулҳамид ибн Жаъфар айтиб берди..
Абу Ҳотим ҳам қолганини унутгандек тўхтади...
Шунда қулоқ солиб ётган Абу Зуръа бошлаб кетди:
Менга ҳам Бундор ибн Башшор айтиб берди, у айтди: менга Абу Осим айтиб берди, у айтди: менга Абдулҳамид ибн Жаъфар айтиб берди: у Солиҳ ибн Абу Ғарибдан, у эса Касир ибн Муррадан, у эса Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
"Кимнинг охирги гапи "Ла илаҳа иллаллоҳ" бўлса, жаннатга киради"...
Ҳадис ривояти охирига етиши билан Абу Зуръа ҳам жон таслим қилди..."
Абу Мусо Мадиний, "Латоиф" китоби, 347- саҳифа.
Ла илаҳа иллаллоҳ...
Нақадар чиройли хотима... Нақадар чиройли одоб...
Аллоҳ таоло хотимамизни хайрли қилсин...
Илоҳо, биз ношудлар ҳам бу ёлғон дунё сўнгида "ла илаҳа иллаллоҳ" калимасини айтган ҳолда дунёни тарк этайлик.