Туркманистонда рухсат этилган нормадан ортиқ нон сотиб олиш 15 суткалик қамоққа сабаб бўлиши мумкин.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, ун ва нон етишмовчилиги ортидан полиция ходимлари давлат дўконларида нон савдоси устидан назоратни кучайтирган. Хусусан, улар белгиланган нормадан ортиқ нон харид қилганларни ушлаб олиб кетмоқда. Бу норма Туркманистон вилоятларида ҳар хил ва одатда 2-3 дона нонни ташкил этади.
“Улар харидорларни ортиқча нон сотиб олган тақдирда 15 суткалик қамоқ билан жазоланиш тўғрисида огоҳлантирмоқда”, – деган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Шу йилдан бошлаб Ашхободда нон сотиб олиб, сўнг яна қайта навбатда турганлар қамоққа олиниши бошланди. 2021 йил бошида Мари вилоятидаги давлат дўконларида фақатгина оила таркиби ёзилган маълумотнома ва коммунал тўловлардан қарздорлиги йўқлиги тўғрисида ҳужжат тақдим этганларгагина нон сотилиши йўлга қўйилган.
Давлат дўконларида субсидияланган маҳсулотлар сотилади ва улар ҳар куни тонгги соат 6 дан 8 га қадар тарқатилади. Ҳар ойда киши бошига бир литр пахта ва кунгабоқар ёғи, бир килограмм шакар ва бир килограмм гуруч сотилади. 2021 йил охиридан ҳукумат субсидияланган товарларни қисқартирди ва уларнинг нархини кўтарди. Иқтисодий инқироз туфайли бу каби маҳсулотларга Туркманистон аҳолисининг катта қисми қарам.
2022 йил январида нарх-наво кўтарилиши ортидан Лебап вилоятининг Фарап туманида 200 га яқин аҳоли маҳаллий администрацияга келади. Аммо орадан бироз вақт ўтиб бу ерда 15 нафар қуролланган ҳарбий пайдо бўлади. Бу Қозоғистондаги норозилик намойишлари ортидан Туркманистоннинг барча вилоятларида хавфсизлик чоралари кучайтирилган вақтга тўғри келди.