Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Рамазон ҳикоялари: Таровиҳ шукуҳи Ўзбекистонда барибир бошқача...

2638

(давоми, аввали мана бу ерда)

Истанбулда таровиҳ намозларида саноқли мачитлардагина Қуръон хатм қилинар экан. Масалан, мен яшаб турган туманда икки-уч мачитда хатм бўлаётганини айтишди. Шаҳар бўйича 3400 (уч минг тўрт юз)га яқин жоме мачит бўлса, демак, шундан бор-йўғи 40-50 тасида хатм қилиняпти деганидир. (Бутун Туркияда жомеъ масжидлари сони 87000 га яқинлашади!) Қолганида йигирма ракат таровиҳ намози қилинади, холос. Ўшанда ҳам, жуда тез ўқилади.

Албатта, бу ишда вақт қисқалиги сабаби ҳам бор. Солиштирсам, Туркияда рўза пайти Ўзбекистондан ва дунёнинг бошқа кўп ерларидан яқин бир соатча узоқроқ чўзиларкан. Масалан, Истанбулда (ўртачасини олсак) соат 3:20 да оғиз ёпилса, соат 20:45 да оғиз очилади. Йаъни, бир кунда яқин 17 соату 30 дақиқа оғиз ёпиқ бўлади! Қуёш ботиш вақти бир оз кеч. Куннинг қуёшли қисми, дейлик, Ўзбекистонга қараганда 40-50 дақиқача узун. Бунинг устига нимагадир шом билан хуфтон ораси ҳам юртимизда биз ўрганиб қолган бир ярим соат эмас, балки роппа-роса икки соатдир! Соат 22:45 да хуфтон намозини бошласак, таровиҳда кунига ўртача бир порадан шошилмай Қуръон ўқилса, уйқуга жуда оз вақт қолиши аниқ. Балки шуни ҳисобга олиб ёз паллаларида Қуръон хатмларини мачитларида ўқишмас. Билмайман.

Аммо бу дегани Туркияда рамазонда Қуръон ўқилмас экан дегани эмас. Бу ерда хатмнинг бошқача усули кўпроқ ёйилган ‒ деярли ҳамма мачитда рамазон ойи давомида муқобала усули билан Қуръон хатм қилинади. Бунда Қуръон ҳофизи (қори) ёддан ё китобга қараб ҳар куни оғиз ёпилганидан кейин то бомдодгача (ё ўзларига уйғун бошқа бир вақтни белгилаб) бир порадан Қуръон ўқиб беради, қавм лавҳларда Қуръонни очиб кузатиб боради. Бунга ҳар рамазон ойи Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) Қуръонни ҳазрати Жабройил (алайҳиссалом) назарларидан бир ўтказиб олганлари далил қилинади. Бу ҳам ўзига хос! Бу ҳам ўзига яраша гўзал!

Лекин барибир таровиҳда Қуръон хатм қилинишларига ўрганган, унинг файзларидан баҳраманд бўлган биз ўзбекистонликлар учун таровиҳни бу қадар тез ва шоша-пиша ўқилиши унча ўтиришмади.

Маҳалламиздаги мачит имомига Ўзбекистондаги Қуръон хатмларини, унда каттаю кичик завқ-шавқ билан соме бўлиб туришларини сўзлаб берсам, кутилмаган бир гап айтиб қолди:

‒ Ўттиз йиллар бурун бизда ҳам интилиш шундай кучли эди, аммо унда Туркия диний сиқинтиларни (муаммоларни) бошдан кечирарди. Энди ҳар нарса эркин, лекин афсус, ёшларимиз кўпи динга фарқсиз бўлиб қолди...

Одамни довдиратадиган жавоб эди бу. Оббо, биз нима қилайлик бундай вазиятда?

Бир ватандошимиздан “Туркияда нимага мачитларда хатм кам қилинади?” деб сўраганимда, у ҳам худди имомнинг гапини тасдиқлагандай, қисқагина қилиб: “Имомлар эринади”, деб қўяқолди.

Бу фикрда ҳам жон бордек. Имом эринмаган тақдирда ҳам, балки қавмга малол келмасин деб таровиҳни тез ўқиб бераётгандир. Қавмга ҳам шу ёқар балки. Оқибатда, сабабларга синчиклаб боқсангиз, барибир имом ҳам, қавм ҳам “еринаётган” бўлиб чиқади.

Шунинг учунми, бутун ой давомида тез-тез ҳар йили Ўзбекистонимда ўқиган таровиҳ намозларимни эсимга тушаверди. Қўмсадим. Соғиндим.

Ўтган йили хатмни Тошкентда ‒ Минордаги янги қурилган Оқмачитда бошлаб, Оқмачитда тугатган эдим. Ўртада бир ҳафтача туғилиб ўсган туманим маркази Яйпанда ўқидим. Ҳар икки ерда ҳам мачит хонақоҳию ҳовлиси намозхонга тўлиб кетган эди. Яқин икки соат давомида хуфтон ва таровиҳ намозларини ўқидик, тасбиҳотларини севиб қилдик. Ҳар икки ерда ҳам қавмнинг кўпи йигитлар эди.

Оқмачитда биринчи таровиҳ бўлгани учунми бу ёғи Сирғалию Қўйлиқ, у ёғи Юнусободу Қорақамиш, хуллас, шаҳарнинг энг чекка-чеккаларидан ҳам ёш-ёш йигитлар йўлкира сарфлаб келишгани ва хатмнинг охиригача туриб беришганига гувоҳ бўлдим. Худди шунингдек, туманим марказидаги мачитга ҳам узоқ-узоқ қишлоқлардан ёшу қари келиб хатмга қулоқ солишди!

Буларни кўриб, ич-ичимдан қувонганман, йигитларимиз ҳақига дуолар қилганман. Оллоҳдан ихлосларига барака сўраганман. 

Ҳолбуки...

Ҳолбуки... Ўзбекистонда диний ҳаёт масаласида анча-мунча қийинчиликлар бор, буни кўплар ўз мисолида ҳис этиб яшаяпти! Айниқса, ёш масаласида жиддий чекловлар қўйилган. Намозхонлар зимдан ва очиқ тазйиқ остида экани ҳам бировдан яшириб бўлмайдиган ҳақиқат. Бу ҳақда ҳатто ичкаридан туриб ижтимоий тармоқларда гоҳ киноя усулида, гоҳ очиқ-ошкора ёзиляпти ҳам.

Тошкентда Оқмачитга ҳам, туманимдаги мачитга ҳам болалар ‒ мактаб-коллеж ўқувчилари киритилмас эди. Мачитлар мелисалар билан ўраб олиниб, болалар қайтариб юборилар эди. Жуда нари борса ёши суриштириларди. Ўн саккиз ёшдан кичиклари киритилмаганини ўз кўзларим билан кўрганман, бир-иккитасининг орасига тушганман ҳам. Барибир қўйиб юборишмаган.

Шундай бўлса-да, ичкари кирсам... ичкарида яна болалар!.. Қаёқдан ўтди булар, дейсиз!

Шўрлик мелиса йигитлар ҳам ўзимизнинг мусулмон болаларимиз-да, уларга ҳам зарилми болаларни мачитдан қувиб? Ўзларига қолса, шу ишни қилармиди? Чорасизликдан, буйруқ ва зуғум остидагина, мажбуран шундай қилишади, албатта. Шунинг учунмикан, кези келганида ўзларини кўрмаганга олиб, ора-орада болаларни мачитга ўтказиб ҳам юбориб туришади, шекилли.

Ҳарҳолда, мачитларимизда ораста кийинган ва намозларда бир текис саф бўлиб турган ёшларимиз бизнинг катта бойлигимиздир. Уйқудан кечиб Қуръон хатмларида туриб беришлари эса, ҳавас қилса арзигулик ихлос ва жидду жаҳдларидан деб биламан.

Нима демоқчиман?

Тўғриси, нима демоқчи эканимни, бу солиштирмалардан қандай хулоса чиқаришимни аниқ билмайман ҳам. Ҳарҳолда, ихлос чеклов ё эркинликка боғлиқ эмас шекилли. Ҳатто таъқиб ва тазйиқ остида ихлос кучли бўлиши ҳам мумкин экан.

Рамазон бўйи шу ҳолни кўп ўйладим. Сабаблар ва оқибатлар тагига етишга уриниб юрдим. Сабабларни ўйлаб эзилсам, оқибатларни ўйлаб гоҳ қувониб кетар эдим. Эркинлик ва ихлосдан қай бирини танлаш имкони берилса, қайси бирини биринчи бўлиб танласам бўлади, деб иккиланган кунларим ҳам, кутилмаган бундай яхши натижалар бераётган таъқиб ва тазйиқнинг давом этишини кўнглим тусаб қолган кунларим ҳам бўлди! Ажаб...

“Касалимдан қутулишимни сўраб дуо қилинг!” деб илтимос қилган диндан ғофил бир одам орқасидан бир улуғ олим нималарни хаёл қилганини биласизми?

“Ғафлатдаги кишига Оллоҳни эслатган, юрагига ва тилига Оллоҳдан ёрдам кутиш тилагини солган, ҳар нарсадан қудратли зот Оллоҳ эканига иқрор қилдирган ҳазрати касалликни қандай қилиб кецин деб дуо қиламан?!” деган экан.

Худди шунингдек, таъқиб ва тазйиқ кучайгани сайин болаларимиз мачитларга баттар талпинаётган, қалбларидаги ихлос янада алангаланаётган бир пайтда “Бошимиздан бу таъқиб ва тазйиқларни кўтар!” деб Оллоҳдан сўрамай тураймикан, деб ҳам ўйлаб қолдим.

Лекин таъқиб-тазйиқ барибир хунукдир. Эркинлик яхшидир. Масалани эркинлик ё ихлосдан бирини танлаш тарзида қўймасдан, иккаласини ҳам баравар ва бирга танлаш тўғри йўл. Шунинг учун Оллоҳдан ихлос ҳам, диний эркинлик ҳам бир пайтда ва тўкис бўлишини сўраш энг оқилона ишдир, деб ўйладим.

Эй Оллоҳ, бизга ва келгуси наслларимизга диний ҳурриятни ҳам, ихлосни ҳам том қилиб бер! Бири учун бошқасини бошимиздан камитма! Бизга раҳм қил! Ўзинг қўлла, ё Рабб!

Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон,

ёзувчи

2016 йилнинг 11 июл куни

Таҳририятдан: мақола охирида кўрсатилганидек, ушбу мақола 2016 йил 11 июлда ёзилган. Ҳаммамизга маълум, ўтган йиллар мобайнида юртимизда диний соҳада ҳам бир қатор енгилликлар берилди. Жумладан, 2020 йил 2 август куни Ички ишлар вазирлиги томонидан вояга етмаганларнинг масжидларга боришлари учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлиги юзасидан алоҳида баёнот берилди:

“Шу ўринда, Ички ишлар вазирлиги масжидларга вояга етмаган фуқаролар ва болаларнинг ўз ота, ака-ука ва яқин қариндошлари ҳамроҳлигида намоз ўқиш учун эркин келиб-кетишлари мумкинлигини эслатиб, бунга қонунчилигимизда ҳеч қандай тақиқлар мавжуд эмаслигини алоҳида таъкидлайди.  

Вазирлик ватандошларимизнинг дин эркинлиги соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамда ушбу йўналишда бирор бир қонунга зид тўсиқлар ва сунъий чекловлар ўрнатилишига қарши курашишда давом этади”, дея таъкидланади ИИВ баёнотида.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Рамазон ҳикоялари: «Оғиз очиш пайти бўлди, ҳурматли ҳайдовчи! Рамазон муборак!»

1666 16:05 15.04.2022

Рамазон ҳикоялари: Истанбулнинг энг катта тумани ҳокими мураттаб қори... 

2887 18:05 04.04.2022
« Орқага