Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Қуръоннинг хитой тилига таржима қилиниши

1504

Қуръоннинг хитой тилига тўлиқ таржималари фақат 20-аср бошларида пайдо бўлган, деб ёзади Кристиан Петерсен.

Қуръон маъноларини хитой тилига таржима қилишга унчалик рўйхушлик берилмаса-да, мусулмон олимлар буни изчил амалга оширганлар. Каломи шарифнинг ўзи ҳам хитой тилида бошқача номланган – «Самовий Битик», «Ҳақиқий Битик», «Ҳақиқий Сўз». ХИХ - ХХ аср бошларида «Ҳақиқий Битикнинг Аҳд ҳужжати» номи остида кенг тарқалган.

Умуман олганда, Қуръоннинг хитойча таржималари тарихида биз уч хил усулни учратамиз: парча-парча, қисман ва тўлиқ таржималар.

Дастлабки даврда парча-парча таржима энг кенг тарқалган. Мин сулоласи даврида (1368–1644) маҳаллий аёллар билан турмуш қуриш ва чет элга чиқишдаги қийинчиликлар каби ҳолатлар мусулмонларнинг Хитой жамиятига сингиб кетишини тезлаштирди. Бу баъзи хитойлик мусулмонларни Қуръонни шарҳлаш ва хитой тилига таржима қилишни бошлашга ундади. Муаллифлар ўз фикрларини асослаш учун ўз асарларида айрим оят ва сураларнинг таржималарини келтирган.

Қисман таржималар ХIХ аср охири - ХХ аср бошларида амалга оширилган. Уларнинг аксарияти Қуръон мазмунини ўқиб ўрганиш учун дарслик бўлиб хизмат қилган. Бундай таржималарга «хатмул-Қуръон» номи берилган. Улар кенгайтирилган хитойча таржималар, транслитерациялар, бир нечта оятларга шарҳлар эди. 

Арабча сўзлар хитойча иероглифлар ёрдамида транслитерация қилинган. Бундай таржималар Қуръонни ёдлашда ишлатилган, чунки талабалар Китобни ўқитувчига муҳтож бўлмасдан ўқишлари мумкин эди. 

Қисман таржималар, одатда бўлакларга қараганда узунроқ бўлиб, Қуръоннинг кетма-кет оятлари ёки бутун сураларини ўз ичига олган. Улар, шунингдек, парча-парча таржималардан Қуръон оятларининг мураккаблигини ойдинлаштиришга қаратилганлиги билан фарқ қилар эди.

Қуръон маъноларининг тўлиқ таржималари фақат 20-аср бошларида пайдо бўлган. Улардан энг биринчиси – «Келаньцзин», Ли Тиежэн исмли мусулмон бўлмаган олим томонидан амалга оширилган ва 1927 йилда Пекинда нашр этилган. 

Ли Тиежэн Қуръонни арабча асл нусхадан эмас, балки япон тилидан таржима қилган, бу тилга эса ўз навбатида инглиз тилидан таржима бўлган. Ундан кейин 1931 йилда яна бир мусулмон бўлмаган таржимон Цзи Чжуэми томонидан яратилган ва у ҳам араб тилидан таржима қилинмаган «Ханьи Гуланцзин» пайдо бўлди. Иккала матн ҳам Хитой мусулмон жамоалари томонидан асл нусхани акс эттирмайди, деб ҳисобланган ва кўп эътиборга олинмаган. 

Қуръоннинг хитой тилига биринчи мусулмон олим томонидан таржимаси 1932 йилда ал-Азҳар университети битирувчиси Ёқуб Ванг Цзинчжай (1879–1949) томонидан қилинган. Таржима 1943 ва 1946 йилларда қайта кўриб чиқилган. У «Гуланьцзин ицзе» деб номланган, бир неча марта (1964, 1985, 1987, 2006) қайта нашр этилган ва бугунги кунда Хитойда жуда машҳур.

Яна бир эътиборга молик версия Лин Суннинг (1930 йилда туғилган) «Гуланцзин юньи» қофияли таржимасидир. Муаллиф муқаддас матнни хитой тилида қофияли мисра билан етказишга ҳаракат қилган, Қуръони каримни замонавий аудиторияга ҳам тушунарли қилишга ҳаракат қилган.

Қуръоннинг ҳозирги кунга қадар хитой тилига энг машҳур таржимаси «Гулажинг» номи билан машҳур хитойлик арабшунос Муҳаммад Ма Цзян (1906-1978) томонидан амалга оширилган. Ма 1931-1939 йилларда ал-Азҳарда таҳсил олган ва давлат томонидан ҳомийлик қилинган делегация таркибида Қоҳирага келган. У Мисрда бўлганида Конфуций асарларини араб тилига таржима қилган ва хитойча-арабча луғат нашр эттирган. Хитойга қайтиб келгач, у 1949-1951 йиллар оралиғида бўлиб-бўлиб босилиб чиққан ва ниҳоят 1981 йилда Ма Цзян вафотидан кейин нашр этилган Қуръон таржимасини бошлади. 1987 йилда Қирол Фаҳд Қуръони Каримни нашр қилиш мажмуаси ушбу таржимани хитойлик китобхонларга тарқатиш учун асосий деб қабул қилди. 

Бугунги кунга қадар Қуръон карим маъноларининг хитой тилига ўн тўрт хил тўлиқ таржимаси мавжуд. Ўтган ўттиз йил ичида Қуръоннинг уйғур (1986 ва 2012) ва қозоқ (1989) тилларига икки марта маънолари таржимаси ҳам амалга оширилган.

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Босқинчи рассомнинг асари истилочилар кирдикорларини фош этади

4448 04:15 22.04.2022

«Москва» крейсерининг ҳалокати: Россия нимани йўқотиши мумкин?

2437 19:30 14.04.2022

Абу Бакр Ар-Розий – нейроанатомия кашшофи

1892 12:30 19.03.2022

Нейрохирургия асосчилари бўлган мусулмон шифокорлар

2703 21:05 12.03.2022

Камолиддин Раббимов: «Дунёда глобал уруш хавфи жиддий ошди»

2803 15:05 22.02.2022
« Орқага