Миср пойтахти аҳолиси 25 миллион кишига етди, деб хабар берган Қоҳира вилояти губернатори Холид Абдул Ол. «Қоҳира аҳолиси 25 миллион кишини ташкил этади, бунга маҳаллий аҳоли ҳам, чет элликлар ҳам киради», — дея губернаторнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда ТАСС агентлиги.
Географик жиҳатдан Миср пойтахти бир вақтнинг ўзида иккита вилоят - Қоҳира ва Гиза ҳудудида жойлашган. Ҳар куни ўн минглаб одамлар қўшни туманлардан ишлаш учун пойтахтга оқиб келишади.
Мамлакатнинг энг зич жойлашган ҳудуди бўлган улкан шаҳар энди аҳолининг бундай оқимига дош беролмаяпти. Кўп километрлик тирбандликлар, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, шунингдек, бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммолар анча йиллардан буён Қоҳира ҳаётининг ажралмас қисмига айланган.
Губернаторнинг сўзларига кўра, аҳолининг бундай кўплиги амалдорлар зиммасига ҳам катта юк юклайди. Қоҳирадан 25 км узоқликдаги саҳрода, бир неча йиллардан буён ҳали расмий номини олмаган янги маъмурий пойтахт барпо этилмоқда. Бу ерда ҳукумат ва кўплаб давлат муассасалари, шунингдек, хорижий давлатларнинг элчихоналари жойлашиши режалаштирилган.