Ҳанафий мазҳабига кўра, қарздан кечиш ҳам ҳиба (ҳадя)нинг бир тури ҳисобланади. Маълумки, бир инсонга бир нарса ҳиба қилганингиздан кейин уни қайтариб олиш таҳримий макруҳ бўлади. Чунки, бунинг ўта жирканч иш эканлиги борасида ҳадиси шариф ворид бўлган. العائد في هبته كالكلب يقيء ثم يرجع في قيئه яъни, "қилган ҳадиясини қайтариб олувчи кимса, худди қусиб, уни қайтариб олувчи ит кабидир" (Муслим ривояти).
Лекин, таҳримий макруҳни содир этиб, гуноҳкор бўлган ҳолда ҳам ўз ҳибасини қайтариб олса, бу иши фиқҳан дуруст бўлади. Яъни, мазкур қайтариб олинган нарса унга ҳаром бўлмайди. Аммо, қилган бу иши учун гуноҳкор бўлаверади. Бу иккисини фарқлаб олиш лозим.
Лекин, ҳибага қайтишдан ман қилувчи ўринлар ҳам бор. Жумладан, бир инсонга бир нарса ҳиба қилинган бўлсаю, у унинг қўлидан чиқиб кетган бўлса ёхуд ишлатиб юборилган бўлса, бу ҳолатда ҳибасига қайта олмайди. Масалан, дейлик, бир кишига минг доллар ҳиба қилдингиз. У мазкур суммани қабз қилгач, еб ичиб юборса ёки бошқа бир одамга қарзи учун бериб юборса, бундан сўнг ҳибага қайтишингиз жоиз бўлмайди. Чунки, у қўлдан чиқиб кетди.
Яна бир ҳолат, ҳиба қилинган нарсага зиёдалик ҳосил бўлган бўлса, бу ҳам ҳибага қайтишни ман қиладиган ҳолат ҳисобланади. Мисол учун, бир одам сизга қўзичоқ ҳадя қилди. Сиз уни боқиб, семиртирдингиз, бу ҳолатда ҳам ҳибага қайта олмайди. Сизга қуруқ ер ҳиба қилинди. Унга ишлов бериб, экинлар экиб, бир нарсалар қурдингиз. Бунда ҳам ҳибани қайтариб олиш жоиз эмас.
Орасида яқин қариндошлик, маҳрамлик бўлган инсонга қилинган ҳибага ҳам қайтиш жоиз эмас. Мисол учун ўз акаси ёки укасига, акаси ёки укасининг ўғли ёки қизига бирор нарса ҳиба қилса, унга қайта олмайди. Ўз никоҳидаги хотинига қилган ҳибасини ҳам қайтариб олиш мумкин эмас (бу ўринда албатта, кўнгилли равишда қайтариш мустасно). Ўзига бирор нарса ҳадя қилинган инсон ҳадия қилувчига унинг ўрнига арзирли нимадир берган бўлса, бу ҳолатда ҳам ҳибага қайтиш мумкин эмас.
Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ