Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Қарз бериб, қайтиб олмаган саҳоба

2993

Қайс ибн Саъд ибн Убода Саъдий Хазражий. Куняси: Абу Абдуллоҳ. Отаси: Хазраж қабиласининг улуғларидан Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу. Онаси: Фукайҳа бинти Убайд ибн Дулайм.

Хурайм ибн Асад: “Мен Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўн йил хизмат қилганини кўрдим”, деб айтган (Имом Бухорий ривояти). Макка фатҳи куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом Саъд ибн Убодадан байроқни олиб, ўғли Қайсга топширдилар.

Имом Табароний  раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳу: “Ё Аллоҳ, менга ҳам мол, ҳам саховат бер. Чунки саховат фақат мол билан бўлади”, деб дуо қилар эди.

“Сайфул Баҳр” юришида қўшиннинг озиқ-овқат захираси тугади. Қайс розияллоҳу анҳу учта туя қарз олди. Уларни сўйиб, аскарларга таом пишириб, тарқатди. Кейин яна учта туяни қарз олди. Сўнг  уларни ҳам сўйиб, аскарлар учун таом пиширтирди. Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу уни  тўхтатмагунича шу ишини давом эттирди. Саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссалом олдиларига келиб, бўлган ҳодиса ҳақида айтиб беришганида, у зот алайҳиссалом: “Сахийларнинг уйида катта бўлган-да”, дедилар (Ибн Асокир ривояти).

Қайслар оиласи сахийлиги билан машҳур эди. Ҳатто расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Саховат - бу оиланинг асосий хусусияти", деб уларни мақтаганлар. Исломдан олдинги арабларнинг одатича, бойлар кун бўйи тепаликка бир жарчи  ёллаб, ўтиб кетаётганларни уйларига овқатланиб, дам олишга чақиришган. Тунда ҳам жарчилар бегона одамларни овқат берилган жойларга олиб бориш учун олов ёқишган. Ўша пайтларда одамлар: "Ким ёғли гўштни яхши кўрса, Дулайм ибн Хартитаннинг уйига бориши керак", дер эдилар. Дулайм Қайснинг бобоси эди. Сахийлиги билан машҳур бўлган оилада тарбияланган Қайс ҳам сахийлик хусусиятини мерос қилиб олди. Ҳатто Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳум: "Агар биз бу йигитнинг сахийлиги очилиб кетишига йўл қўйсак, у отасининг барча бойлигини йўқ қилади", деб айтган эканлар. Уларнинг сўзларини эшитган отаси Саъд ибн Убода: "Абу Куҳофа ва Ибнул Хаттоб ўғлимни хасис бўлишга ундашлари керак эмас", деган экан. Қайснинг сахийлигига бир мисол: у қарздор бўлган одамга катта миқдорда пул қарз берган. Тўлов вақти келганида, бу киши Қайс берган қарзни қайтариб беришга келганида Қайс пулни олишдан бош тортган ва: "Мен ҳеч қачон берган нарсамни қайтариб олмайман", деган экан.

Имом Ғаззолий аш-Шофеий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилади:
“Қайс бин Саъд касал бўлиб қолганида, дўстлари узоқ вақт унинг уйига ташриф буюришмади. Суҳбат давомида улардан бири унга:

"Улар сизга тўлай олмаган қарзлари сабабли олдингизга келишдан уялишади", деди.

Буни эшитган Қайс: "Аллоҳ биродарларнинг бир-бирларини зиёрат қилишларига тўсқинлик қиладиган молни хор қилсин", деди ва жарчига "Қайс унга қарздор бўлганларнинг ҳаммасига қарзни кечирди", деб айтиб юришни буюрди.

Уларнинг айтишича, шундан кейин унинг эшиги остонаси уни зиёрат қилган одамлар кўплиги сабабли бузилиб кетган экан”.
Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳу 59 ҳижрий йилда Мадинада вафот этди.

 

Ёқуб Умар тайёрлади

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қарз олиб қурбонлик қилса бўладими?

2267 09:30 26.06.2023

Харидор пулни белгиланган муддатда бера олмаса...

2332 08:50 17.06.2023

Бировнинг қарзини тўлаш ҳақида

2345 10:00 06.05.2023

Пул топишдан кўра кредит олиш жозибалироқ кўринади, аслида-чи?

1722 16:33 06.08.2022

Афғонистон 2021 йил учун электр энергия қарзларини тўлиқ тўлади

1130 19:15 01.08.2022

Қарздорнинг одоблари

2431 19:25 16.05.2022
« Орқага