Кўпчилик инсонлар Орол денгизини бугунги кундаги аянчли ҳолатини фақатгина тасвирларда кўрган, лекин мен ўз кўзим билан Орол фожиасини бориб кўрдим. Биз суратларда кўрган манзаралардан минг маротаба ачинарли ҳолат эканини ўзим кўриб ҳис қилдим.
Бошланиши оёғингиз остида, бироқ тугаши уфқ билан туташиб кетган кенг саҳрода қачонлардир сув мавж урган. Ҳозирда фақат саксовулзорга айланган денгиз ўрни атрофида яшовчи биродарларимизга жуда катта ёрдам керак. Мен бор йўғи бир кун у ерда бўлдим, аммо шу бир кун мен учун йилдек бўлди. У ерда кун ўтиши жуда қийин. Атроф чексиз чўл, фақат сизнинг кўзингизга қум уюмлари ва шу қумларга ботиб бораётган саксовуллар кўринади. Бу ерда яшовчи инсонларнинг асосий тирикчилиги сув бор вақтлар балиқчилик ва денгиз маҳсулотлари бўлган бўлса, ҳозир фақатгина чорвадан кун кўради. Бошқа тирикчилик манбаини топиш қийин.
Дарахтлар ва шу каби табиат мавжудотлари иссиқнинг зарбидан йўқолиб бўлган. Бу ўлкаларда деҳқончилик қилиш жуда қийин. Аввал ерни туздан тозалаш керак, бунинг учун ниҳоятда кўп сув сарфлаб ер юзини ювиб сўнг экин экилади. Агар қолган тузлар экинни нобуд қилмаса у ердан бир оз даромад олса бўлади. Бироқ умид деярли йўқ ҳсоби. Фақат бу ўлкаларда қандайдир замонавий техникалардан фойдаланган ҳолда иш кўриш мумкин халос. Бу борада кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида Президентимиз томонидан таклиф этилган Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини кўриб чиқиш киритилган эди.
Ушбу резолюцияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган. Кеча бу ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди. Ҳужжатга дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлат, шу жумладан Россия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Туркия, Япония, Покистон, Эрон Ҳиндистон, Миср, Малайзия, Сингапур, Вьетнам, Бангладеш, Иордания, Ўмон, Озарбайжон, Беларусь, Грузия, Венгрия, Руминия, Жазоир, Парагвай ва бошқа мамлакатлар ҳаммуаллифлик қилишди. Агар бу лойиҳа ҳақиқатдан ишга тушса Оролбўйи ахолиси турмуш тарзи мутлақо янгича кўринишга кирарди. Чунки Оролбўйи ҳақиқатдан ҳам замонавий инновациялар ва технологияларга жуда ҳам муҳтождир.
Бу ўлкадаги биродарларимизга қўлдан келгунча ёрдам бермоқ лозим. У ер ахолиси учун иқлимидан келиб чиққан ҳолда завод ва фабрикаларни кўпайтириш шу йўл билан аҳолини иш билан таъминланишига кўмаклашиш керак. Бу жуда жиддий масала. Ерлик аҳолига фақат моддий ёрдам бериб уларни оғирини енгил қилиш қийин. Фақатгина ўзлари доимий равишда меҳат қиладиган, шу ортидан маблағ топадиган иш ўринлари яратилсагина Оролбўйи аҳолисини кўнглидагидек иш бўлади. Акс ҳолда у ерда аҳоли секин аста кўчиб кета бошлайди. Айни дамда ҳам кўчиб кетаётганлар оз эмас. Негаки ўзим бориб шароитни, иқлимни кўрдим. Одамлар иложсизликдан у ўлкаларда яшамоқда, агар имкон бўлса тезада яхши жойларга кўчиб кетишга ҳаракат қилишади. Оролбўйи юртдошларимизга ёрдам керак! Бунинг учун барчамиз бирдек ҳаракат қилсак яхши бўларди.
Нурбек Ғофуров