Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Охирзамонда умматдан илк кўтариладиган илм – мерос...

2414

(биринчи мақола)

Мерос масаласи азал азалдан мўмин-мусулмонлар орасида муҳим мавзулардан бири бўлиб келган. Бошқа мавзуларда бўлгани каби мерос масаласида ҳам одамларнинг турли қарашлари мавжуд. Биламизки, мерос дейилганида марҳумлардан қолган мол-мулк ва унга тегишли бошқа ашёлар тушунилади. Энди бу мавзуга ҳам шаръий асослар билан ёндашамиз. Мерос ҳукмлари асосан “Нисо” сурасининг 11–12-оятлари ҳамда 176-оятида баён қилинади. Бу ҳақда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам бир қанча муборак ҳадислари ворид бўлган. Жумладан:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм уч хилдир, ундан бошқаси фазлдир: муҳкам оят, қоим суннат ва одил фаризат», дедилар». 

Абу Довуд ва Ҳоким ривоят қилганлар. 

Ушбу ҳадиси шарифдаги одил фаризатдан мурод айнан мерос мулкини шариат асосида тақсимланишидир. 

Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: 

“Эй Абу Ҳурайра, Фароиз (мерос) илмини ўрганинглар ва одамларга ўргатинглар. Чунки у илмнинг ярмидир. У энг биринчи унутиладиган илмдир. Умматим орасидан энг биринчи кўтариладиган илм ҳам шудир”.

Ушбу ҳадиси шарифни Ибни Можжа, Байҳақий ва Ҳокимлар Абу Ҳурайрадан ривоят қиладилар. 

Бугунги воқеликга қарасак, ушбу ҳадиси шарифларни исботини айнан кўриб турибмиз. Мерос масаласида меросхўрлар кимлар, мерос деб нималар тушунилади, маййитга тегишли қарзлар қандай тўланади каби муҳим мавзуларга деярли эътибор берилмайди. Яна ҳалқимиз орасида марҳумни яшаб турган уйи энг кичкина фарзандига қолиши керак деган нотўғри тушунча ҳам мавжуд. Гоҳида “марҳумнинг қолдирган мулкидан унинг турмушга чиқиб кетган қизларига ҳам улуш белгиланади” десангиз борми нақ маломатларга қолиб кетасиз.  

Гоҳида аҳли илм кишилар марҳумнинг меросини бўлиб бериш тартибини тушунтириб берсалар, айрим одамлар ҳали ҳақдорларнинг ҳақи меросхўрлар орасида бўлинмай туриб,  “Биз розимиз. Ўз ҳақимизни фалончига ҳадя қиламиз”, дейдилар. Тўғри, динимизда ўз мулкини бировга ҳадя қилиш жоиз. Аммо бу иш барча ҳақдорларнинг мерос устидаги ҳақи белгиланиб, аниқ бўлганидан кейингина амалга оширилади.     

Яна бир гап. Мерос мулкини бўлишдан аввал қуйидаги ишларни амалга ошириш зарурдир. 

1.  Такфийн. Маййитни дафн қилиш тадбирлари унинг ўз мулки ҳисобидан амалга оширилади. 

2.  Маййитнинг қарзлари бўлса, мерос моли бўлинмасидан аввал унинг қарзлари адо қилинади. 

3.  Маййитнинг қарзлари тўланганидан кейин, уни бировларга қилган васияти бўлса, марҳумнинг мулкидан топширилади. Аммо бу масалада марҳум ўз молининг ярмини ёки ҳаммасини меросхўрларидан бошқага васият қилган бўлса ҳам, молининг 1\3 (учдан бир)  миқдорида васиятига амал қилинади. 

4.  Ушбу ишлар бажарилиб бўлганидан кейингина марҳумнинг қолган мулки меросхўрлар ўртасида ояти карималар ва ҳадиси шарифларда белгиланган асосда тақсимланади.

Кўриниб турибдики, мерос масаласи молиявий ҳақлардан биридир. Мерос бўлинганда қариндошлик даражасига қараб бировнинг улуши кўпроқ, бошқасиники камроқ бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу масала ўта нозикдир. Аммо кимнинг улуши қанча экани ҳам одамларниниг ўлчами билан эмас, балки Аллоҳ таолонинг кўрсатмаси асосида ечилади. Мўмин-мусулмонлар бу масалада ҳам Аллоҳ таолони кўрсатмасига амал қилсалар бугун кузатилаётган кўпгина кўнгилсиз муаммолар бартараф бўлар эди. Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида шундай дейди:

“Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг пайғамбари олдида (яъни иккисининг изнисиз бирон сўз ёки ишга) қадам босманглар! Ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир”.           

(давоми бор)

Тоҳир Воҳид,
Тошкент шаҳридаги “Умар Ибни Хаттоб” жоме масжиди имоми ноиби

Таҳририятдан: сайтимизда Фароиз  (мерос) илми ҳақида туркум мақолалар эълон қилишни режалаштирганмиз. Шу билан бирга, ҳар жума куни бўлиб ўтадиган онлайн савол-жавобларда ҳам мазкур масалани кенгроқ очиб беришга ҳаракат қилиш ниятидамиз. Ўзингизни қизиқтирган масала ёки мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мерос тақсимотида чигаллик туғилди

2454 09:27 03.05.2023

Ўгай фарзанд мерос оладими?

1624 18:55 03.04.2023

Мерос бўйича савол

1410 11:17 10.08.2022

Мўғулистонда қадимий туркий мероснинг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди

909 16:10 05.08.2022

Омборхонага айлантирилган «Баҳодир Ялангтўшбий» масжиди қайта қурилади

1501 07:15 12.04.2022

Нотўғри реставрация: Ситораи Моҳи Хосага катта зарар етказилган

1622 16:10 30.10.2021
« Орқага