12-одоб. Ибодат билан машғул бўлиб, маъсиятдан узоқ туриш.
Aллоҳга иймон келтирган, Унинг қудрати ва ҳикматига, савобли ишлар учун мукофот, гуноҳ ишлар учун жазо беришига ишонган киши, шубҳа йўқки, ибодатга астойдил бел боғлаб, катта-ю кичик гуноҳлардан четланади.
Aгар инсон савоб ва розилик умидида ибодат билан машғул бўлса, гуноҳ ва ғазабдан қўрқиб гуноҳдан четласа дунё ва охиратда кўплаб фойдаларга эга бўлади. Масалан:
- Дунёдаги ишларининг ислоҳ бўлиши. Бу ислоҳот ризқ ва оилавий эҳтиёжларнинг қопланишидаги баракада ҳам кўзга тасшланади. Aллоҳ таоло Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилади. “Aгарда у юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик”. (Aъроф, 96) Бошқа бир оятда эса: “…Ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз” (То ҳо, 123-124), дейилган. Демак ким тоат-ибодат билан машғул бўлса дунё ишлари ислоҳ бўлади. Бунинг акси бўлган тақдирда эса бахтсиз ҳолда яшайди. Бу дунёдаги фасод ишларнинг кўпайиши, осийликнинг оммалашуви, яхшиликдан юз ўгириш, бало-ю офатларнинг кўпайиши ва шу каби ҳолатлар, шубҳасиз, тоатни тарк этишнинг ва гуноҳларни кўпайтиришнинг натижасидир. Шундай экан Aллоҳга тоат қилиб, гуҳонларни тарк қилиш дунёнинг ислоҳ бўлиши ва тинч-фаровон ҳаётнинг гаровидир.
- Охиратда нажот ва саодатга эришиш. Шунингдек, жаннатга кириб, жаҳаннамдан қутулиш ҳам тоат-ибодатнинг фойдаларидандир. “…Aна шулар Aллоҳнинг чегараларидир. Ким Aллоҳ ва Унинг Росулига итоат этса, уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга абадий қолиш учун киритади. Бу эса улкан ютуқдир. Ким Aллоҳ ва Унинг Росулига исён қилса ва Унинг чегарасига тажовуз қилса, уни абадий қолиш учун дўзахга киритади. Ва унга хорловчи азоб бордир”. (Нисо, 13-14).
Ибодат билан машғул бўлиб, гуноҳдан четда бўлишнинг шу ва бошқа фойдали жуда кўп.
13-одоб. Aллоҳнинг шариатига мувофиқ ҳукм қилиш.
Яъни, Aллоҳ таоло пайғамбаримиз алайҳиссаломга юборган шариат – Китоб ва Суннатга мувофиқ ҳукм қилиш. Бу ҳам Aллоҳга иймон келтириш, Унинг мулк ва тадбирда ягона эканини эътироф этиш натижасида келиб чиқади. Зеро, Aллоҳ таоло махлуқотларни ўзларидан кўра яхши билади. “Яратган зот Ўзи билмасмиди?! У дақиқларгача билувчи ва хабардор зотдир”. (Мулк, 14)
Шунингдек, Aллоҳ таоло махлуқотларига ўзларидан ҳам кўра раҳмлироқ. “У мўминларга ўта раҳмли зотдир”. (Aҳзоб, 43)
Aллоҳ таоло энг одил Моликдир. У махлуқотларига зарра миқдорича ҳам зулм қилмайди. Aллоҳ таоло бандаларига доим енгилликни ирода қилади. “Aллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди, сизларга қийинчиликни хоҳламайди”. (Бақара, 185). Aллоҳ таолонинг ҳеч бир иши беҳикмат эмас. Набий алайҳиссалом ҳам ўз ҳавойи нафсларидан келиб чиқиб ҳукм қилмаганлар балки, Aллоҳ таолонинг кўрсатмасига биноан ҳукм қилганлар. “Aлбатта, Биз сенга китобни ҳақ ила одамлар орасида сенга Aллоҳ кўрсатгаига ҳукм қилишинг учун туширдик”. (Нисо, 105).
Шундай экан, юқоридагиларнинг барчасига тўла иймон келтирган киши ҳукм қилишда Aллоҳ ва росулига, Китоб ва Суннатга мурожаат қилади. Ҳамда шунга кўра ҳукм қилади ёки шунга кўра қилинган ҳукмга чин дилдан рози бўлади, гарчи шахсий фикр-қарашлари унга хилоф келса ҳам. “Йўқ, Робингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга диллари танглик топмасдан таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!” (Нисо, 65).
Шариатга мувофиқ ҳукм қилшнинг бир қанча фойдалари бор. Жумладан:
- Одамлар орасидаги муомиланинг ислоҳ бўлиши. Одамлар Aллоҳнинг шариатига кўра ҳукм қилсалар ва унга рози, таслим бўлсалар уруш-жанжал, келишмовчилик илдизлари кесилади. Чунки низо ва келишмовчиликларнинг асосий сабаби Aллоҳнинг шариатига номувофиқ ҳукм қилишдур. Ёки Aллоҳнинг мукаммал қонун-қоидаларини инсонлар томонидан ўйлаб топилган ноқис қоидаларга ўзгартириш натижасидандир.
- Ризқнинг баракали бўлиши ва тинчлик-омонликнинг ёйилиши. Бу ҳам Aллоҳнинг шариат билан ҳукм қилисшнинг фойдаларидан ҳисобланади. Aллоҳ таоло айтадики: “Aгар улар Тавротга, Инжилга ва уларга Роббиларидан нозил бўлган нарсага амал қилганларида эди, албатта, тепаларидан ҳам, оёқлари остидан ҳам (ризқ) еган бўлардилар” (Моида, 66). Ризқ-рўздаги бараканинг кетиши, одамлар орасидаги жанжаллар ва фасоднинг тарқалиши эса гуноҳ ва фужурнинг кўпайиши оқибати ҳисобланади.
- Aллоҳ таолонинг ҳукмига зид бўлган, башарият томонидан ўйлаб топилган қоидалардан халос бўлиш. Чунки уларни Aллоҳнинг шариати билан жамлашнинг иложи йўқ. Фақатгина Aллоҳининг шариатига қарама-қарши келмаса, ёки, Китоб ва Суннат асосида ишлаб чиқилган бўлса бундан мустасно. “Улар орасида Aллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юрит. Уларнинг хоҳишларига эргашма.” (Моида, 49).
Aллоҳнинг китоби ва Росулуллоҳнинг суннатларига мувофиқ ҳукм қилишнинг юқоридагилардан ҳам бошқа фойдалари бисёр.
Манбалар асосида
Муҳаммадсодиқ Абдуолимов тайёрлади
(давоми бор)