Бухорода ишлаб юрган вақтларим бир киши меҳмонга келди. Етти пирга зиёратга чиқдик. 150 км йўлда табиийки ҳар хил мавзуда суҳбатлашиб бордик. Машина магнитафонида машҳур артистлардан бирининг қўшиғи янграб қолди.
– Ўтган йили шунинг концертига қўлдан 100 минг сўм (2010 йил унча пулнинг қадри баланд эди) га билет олиб тушдим, – деди ҳамроҳим. Индамадим.
...Одатда зиёратгоҳларда қуръон ўқилгандан кейин турган қутига пул ташласам, қуръон ўқиган қорига ҳам пул бераман. Ҳамроҳим эътибор бериб турган экан, навбатдаги зиёратгоҳдан чиқишимизда:
– Қутига ташласангиз бўлди-да, кейин кўп пул беряпсиз, одатда мен майда пулларни бервораман, – деди.
Ғалати аҳволга тушдим. Бировнинг эҳсонини гапириш одобдан эмаслигини айтай дедиму, меҳмон-ку хафа қилмай деган мулоҳазага бордим:
– Йирик пулларни концертларнинг билетига сарфлайсизми? – Ҳамроҳим қизариб кетди. – Аллоҳнинг каломини ўқияпти домла, ҳақингизга дуо қилганда эътибор бердингизми, қанақа чиройли муножот қилди, – дедим.
– Ўртоқ, диндан тарбия олмаганимиз панд беради-да. Узр, тавба қилдим, – деди боши эгик ҳолда.
– Мен ҳам шунақа, сизга ўхшаб йўл-йўлакай таълим олганман. Менда ҳам шунақа хатолар бўлиб туради, шунинг учун мўминлар бир-бирига ойнадурлар, дейишган экан пайғамбаримиз, – деб уни ноқулай вазиятдан чиқардим.
Кейинги зиёратгоҳга кирганимизда ўртоғим қуръон тиловат қилинган вақтда пиқ-пиқ йиғлаб ўтирди.
Аллоҳ ҳаммамизнинг иймонимизни саломат, эътиқодимизни мустаҳкам қилсин.
Баҳриддин Асрор