Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги “Шоҳи зинда” мажмуасида жойлашган “Шодимулк” мақбараси ҳамда “Қусам ибн Аббос” зиёратхонасидаги гумбазларда ёриқлар пайдо бўлгани ҳақида маълумот тарқалган.
Шундан сўнг Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармаси ходимлари ҳамда соҳага оид малакали мутахассислар билан ҳамкорликда 1372 йилда қурилган “Шодимулк” мақбараси ҳамда “Қусам ибн Аббос” зиёратхонаси кўздан кечирилган.
Маданият вазирлиги маълумотига кўра, “Шоҳи зинда” мажмуасидаги реставрация ва қайта тиклаш ишлари охирги марта 2004-2005 йилларда амалга оширилган. Шундан сўнг охирги 15 йил давомида мажмуада фақатгина кечиктириб бўлмайдиган жорий таъмир ишлари олиб борилган холос.
“Мажмуанинг 900 йил олдин барпо этилгани инобатга олинса, ундаги бино ва иншоотларда доимий равишда реставрация, қайта тиклаш ҳамда ободонлаштириш талаб этилиши шубҳасиз”, – дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик “Шодимулк” мақбараси ҳамда “Қусам ибн Аббос” зиёратхонаси гумбазларида пайдо бўлган ёриқлар маҳаллий ва хорижий туристлар учун хавфли эмаслигини маълум қилди.
Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти томонидан мутухассислар билан биргаликда Ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ишчи гуруҳ томонидан шаҳарда жойлашган моддий маданий мерос объектларнинг ташқи ва ички ҳолати, улар деворларидаги пайдо бўлиши мумкин бўлган ёриқ ёки бошқа даврий ўзгаришлар юзасидан аниқланган ҳолатлар ўрганилади.