Амир Низомиддин Алишер Навоий болаликдан исломий илмларни ўрганишга киришиб, қорийи Қуръон бўлиб камол топганлар. Ижодидаги ҳадис намуналаридан маълум бўлишича, ҳадис илмини ҳам пухта эгаллаганлар. Айниқса, гуркираган ёшлик чоғларида, Самарқандда, ҳазрати Фақиҳ Абуллайс Самарқандийнинг авлодларидан ва Самарқанднинг улуғ алломаларидан бўлмиш Хожа Фазлуллоҳ Абул-Лайсий ҳузурида илм таҳсилини камолга етказганлар. У зотни эса фиқҳда, ҳазрат Имом Аъзамга қиёсан Абу Ханифайи Соний, яъни иккинчи Абу Ханафа деб аташарди. Хожанинг Навоийга шу қадар илтифоти бўлганки, ҳатто у кишини «фарзандим» деб атаган.
Албатта, Навоий ижодида ҳадисга оид энг муътабар асар «Арбаъин»дир. Унда ҳазрати Имом ал-Бухорий ва Имом Муслим китобларида ривоят қилинган қирқта энг саҳиҳ ҳадиси шариф туркий тилда назм йўлида баён этилган.
Қирқ рақами ва «Арбаъин» анъанасининг ҳикмати шуки, жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки менинг қирқта ҳадисимни ёд олса, қиёмат кунида олим зот бўлиб тирилади» деб хушхабар берганлар. Яна саййиди коинот Жанобимиз: «Кимки қирқ кун холис Аллоҳ учун ибодат қилса, унинг дилидан тилига ҳикмат (булоғи) тошиб чиқади» деб илтифот этганлар.
Ҳадис: «Ла йуъмину аҳадукум ҳатто йуҳиббу ли ахийҳи мо йуҳиббу ли нафсиҳи». Маъноси: «Сизлардан ҳеч бирингиз токи ўзига раво кўрган нарсани ўз биродарига ҳам раво кўрмагунича, чин мўъмин бўла олмайди».
Яна ҳадис: «Ад-дуня малъунатун ва малъунун ма фийҳо, илла зикриллоҳи таъоло». Маъноси: «Дунё малъундир ва Аллоҳ таолониг зикридан бошқа дунёдаги фойдасиз нарсалар ҳам лаънатга гирифтордир».
Имом Ғаззолий ҳазратлари эса: «дунё» ҳижобдаги чиройли келинчак кабидир. Аммо қиёмат куни ҳижоби очилганда унинг ғоят хунук ёқимсиз қари хотин эканлиги маълум бўлади.
Булар дунёнинг маъно, моҳиятига доир шарҳлардир. Шу билан бирга, дунё ҳаёти инсон учун берилган бир неъмат охират саодатига эришиш учун имконлар майдони, синов ва имтиҳон даргоҳидир. Навоий «лаънат»га «раҳмат» сўзини зидлаб, ҳадис маъносини ҳам шарҳлаб ўтганлар. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳи алайҳи ва саллам бошқа ҳадиси шарифда «Ҳақиқий мусулмон бу дунёни деб охиратини ташламайди, у дунё деб бу дунёсини қўлдан бермайди» деб уқтирганлар.
Ҳадисдаги «илло зикриллоҳи таоло» иборасини Навоий «Ғайри Ҳақ зикриким, эрур зокир Тенгрининг раҳмати сазовори» деб ўгириб, ҳикматдан яна бир ҳикмат чиқарганлар.
Тағин бир ҳадиси шариф; «Ман лам йарҳаминноса ло йарҳамҳуллоҳу». Маъноси: «Инсонларга раҳм қилмаган кишига Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди».
Бу ҳадис Навоий назмида:
Тенгридин раҳм агар тамаъ қилсанг,
Аввал ўлмоқ кераксен элга раҳийм.
Ҳар кишиким улусқа раҳм этмас,
Анга раҳм айламас Раҳими карийм.
Навоий ҳадис маъносини очиб: «Агар Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлсанг, аввал халққа раҳмли бўлишинг керак. Халққа раҳм этмаган кишига Аллоҳ ҳам раҳм қилмайди», дейдилар.
Навоийнинг ҳикмат-ҳадисга оид мўътабар асарларидан яна бири «Назм ул-жавоҳир»дир. Унда Навоий Ҳазрати Али (розийаллоҳу анҳу)нинг 255 ҳадисини назмга тизиб, рубоий шаклида туркий улусга тақдим этганлар. Асар муқаддимасида шоир Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу муборак ҳадисларини келтирадилар: «Ана мадийнат ул-илми ва Алиййун бобиҳо». Маъноси «Мен бир илм шаҳридирман ва ҳазрати Али бу илм шаҳрининг эшигидир».
Яна шоир ушбу ҳикматни келтиради: «Каллим ун-носа ъало қадри ъуқулиҳим». Яъни: « Инсонлар билан ақлларига яраша гапирингиз».
Яна бир ҳикмат: «Жалла ман ла йамуту». Маъноси: «Ўлмайдиган зот улуғдир». Бу ҳикмат Навоий назмида:
Бу ҳикмат ҳам рубоийда атрофлича шарҳланган. Яъни, “бу дунёнинг инсонларга вафоси йўқ, бас, шундай бўлгач, жавр қилишда унинг каттаю кичикка парвоси ҳам йўқ. Кимки майда бўлса, у асло боқий эмас. Сен шундай Зотни улуғ деб билгинки, у асло фоний бўлмайди, абадий тирикдир!” Бунда Аллоҳ таолонинг Зоти улуғланган. Чунки ояти каримада: «Аллоҳнинг зотидан бошқа ҳамма нарса ҳалок бўлгувчидир», деб марҳамат қилинади (Қасас сураси, 88-оят).
Яна бир ҳикмат: «Хавфаллоҳа таъмана ғайруҳу» — «Аллоҳдан қўрқсанг, бас, Ундан бошқасидан омонда бўласан». Навоий назмида:
Рубоийда келган ҳадис маъноси: «Кимки олим кишини ҳурмат қилса, шубҳасиз, у мени (яъни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва салламни) ҳурмат қилган бўлади».
Олимларга эҳтиром кўрсатиш Ҳазрати Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга эҳтиром кўрсатиш бўлиб, бу жамиятнинг, ватаннинг гуллаб яшнашига сабабдир. Олим зотларга қилинган ҳар қандай ҳурматсизлик эса жамият таназзулига сабаб бўлади. Чунки асл олимлар Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ворисларидир.
Чок кўнглинг ичра тутким, «жовазал-иснайни – шоъ».
Яъни: “Эй Навоий Аллоҳ таолонинг билдирган, ато этган баъзи сирларига тил сирдош бўла олмайди. Шу боис бу сирларни чок бўлган кўнглинг ичида сақлагин, чунки икки тиш орасидан ўтса, бас, у сирлар тарқалади – фош бўлади”.
Байтдаги сўнги ибора «Куллу сиррин жовазал-иснайни – шоъ» деган ҳадисга асосланган. Маъноси: «Ҳар қандай сир икки тиш орасидан ўтса, бас, у сир ёйилади, фош бўлади» демакдир.
«Тарихи анбиё ва ҳукамо» («Пайғамбар ва ҳаким зотлар тарихи») асарида Навоий Буқротус ҳакимнинг ушбу ҳикматларини келтиради: «Шарафли илм кўнгилда қарор тутмайди, махсус нарсалар эса кўнгилдан чиқмайди» (Ҳикматлар соддалаштириб берилмоқда).
«Яхши сўз кўнгилни ёритади ва яхши ёзув кўзнинг неъмати арусидирки, бу келинчакнинг маҳри шукр қилмоқликдир».
Яна Суқрот ҳакимнинг ушбу ҳикматини келтиради: «Нодонга тавозуъ қилмоқ ҳанзалга сув бермоқдурким, қанча кўп ичса, шунча аччиқ бўлади». Ҳанзал деб итқовунни ёки абужаҳл тарвузини айтилади.
Аристотолис ҳакимнинг ҳикмати: «Подшоҳ улуғ дарёга ўхшайди ва унга эргашувчилар ариқлар кабидир. Бу ариқлар дарёдан айрилганда, ўша дарёнинг сувида қандай ҳол юз берса, ариқларда ҳам шу ҳол содир бўлади: у ширин бўлса, булар – ширин, у аччиқ бўлса, булар ҳам аччиқ. У соф бўлса, булар ҳам соф, у лойқа бўлса, булар ҳам лойқа. Бас, ғоят ҳикмат ва мўътадиллик билан яшамоқ подшоҳга вожибдир, токи хос кишилари ва яқинлари унга эргашсинлар».
Навоий бир байтда бежиз айтмаганки:
Улусни тутди Навоий сўзи анинг бирла,
Магар Расули алайҳиссалом қилди ҳадис.
«Навоий сўзи бутун халққа ёйилди, эл-юрт эътиборини қозонди. Сабаби шуки, Ҳазрати Расулуллоҳ саллоллоҳи алайҳи ва саллам ҳадис айтдилар ва мен (Навоий) у зотдан ҳикмат тердим...»
МИРЗО КЕНЖАБЕК,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси