Намоз пайтидаги хотиржамлик.
Намозга қиём турганда намозхон фикр-хаёлини бир жойга жамлаб, хотиржам ҳолда Аллоҳга юзланиши хушуъга сабаб бўладиган фазилатдир. Айрим ҳолларда намозхонлар ўртасида шундай ҳолатни кузатамизки, улар намозни шошмашошарлик билан ўқиб тугатишга ҳаракат қиладилар.
Хотиржамлик билан ўқилмаган намознинг қабул бўлиши гумонлиги ҳақида Набий алайҳиссаломдан қуйидаги ҳадис келтирилган: Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши масжидга кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиднинг чеккасида ўтирган эдилар. У киши намоз ўқиди-да, келиб у зотга салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сенга ҳам салом бўлсин, қайтиб бориб, намоз ўқи, сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. У яна намоз ўқиди-да, келиб салом берди. «Сенга ҳам салом бўлсин, қайтиб бориб бошқатдан ўқи, сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар.
У намоз ўқиди-да, келиб салом берди. (Набий): «Сенга ҳам салом бўлсин, қайтиб бориб бошқатдан ўқи, сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. Шунда ҳалиги киши: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, бундан бошқача чиройли ўқий олмайман, менга ўргатинг», деди. У зот: «Намозга турганингда, (аввал «Аллоҳу акбар» деб) такбир айт, сўнг Қуръондан ўзингга осон бўлган (оят ёки сурани) ўқи, сўнг хотиржамлик билан – шошилмасдан рукуъ қил, сўнг қиёмга тик тур, сўнг хотиржамлик билан сажда қил, сўнг саждадан туриб хотиржам (ўтир), сўнг яна хотиржам сажда қил, сўнг намозларингнинг ҳаммасида (бошқа ракъатларда ҳам) ҳудди шундай қилгин», – дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Дониёр ФАЙЗ