Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло айтади: “Намозни Ўзим билан бандам ўртасида иккига тақсимладим. Бандам учун сўраган нарсаси (берилади). Агар банда: “Алҳамдулиллааҳи роббил ъааламийн”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам менга ҳамд айтди”, дейди. Агар (банда): “Ар-роҳмаанир роҳийм”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бандам мени мақтади”, дейди. Агар (банда): “Маалики явмид дийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бандам мени улуғлади”, дейди. (Ровий айтади:) “Бир марта, бандам Менга (ишини) топширди, дейди”, деб айтган эдилар. Агар (банда): “Иййаака наъбуду ва иййаака наста-ъийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бу Мен билан бандам ўртасидаги нарса. Бандамга сўрагани (ато қилинади)”, дейди. Агар (банда): “Иҳдинассиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим, ғойрил мағзувби ъалайҳим ва лаз-зооллийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бу бандам учун. Бандамга сўрагани (берилади)”, деб айтади”, деганларини эшитганман” (Муслим, “Сунан” соҳиблари, Молик, Аҳмад ривоят қилган).
Бу улуғ ҳадисни ким ёдида тутса, онгу шуурига яхшилаб сингдирса, ҳар намозда дилидан ўтказса, етук бир хушуъга эришади, қалбида Фотиҳа сураси таъсирини топади. Чунки у Парвардигорнинг ўзига хитобини, сўраганларига жавоб беришини чуқур ҳис этади. Бу буюк суҳбат хушуъ билангина қадрини топади.
Мазкур ҳадиси қудсийда намоз Аллоҳ билан банда ўртасида иккига тақсимлангани айтилмоқда. Уламолар шундай дейишган: “Бу ҳадисдаги “намоз”дан мурод Фотиҳа сурасидир. Чунки Фотиҳасиз ўқилган намоз тўғри бўлмайди”.
Маълумки, Фотиҳа сураси етти оятдан иборат. Биринчи уч оят Аллоҳ таолога ҳамду санодан, охирги уч оят эса дуодан иборат. Ўртадаги бир оятнинг ярми сано, ярми дуодир.
“Аллоҳу акбар” деб намозга кирилгач, сано, тааввуз, басмала айтилади. Кейин Фотиҳа сураси ўқилади. Банда бу сурани шошилмасдан тиловат қилади, “Алҳамдулиллааҳи роббил ъааламийн”, деб бироз тўхтайди. Мана шу оятни ўқиганда Аллоҳ: “Бандам менга ҳамд айтди”, деб жавоб қайтараётганини кўнглидан ўтказади. “Ар-роҳманир роҳийм”, деб яна тўхтайди. Бунда Аллоҳ: “Бандам мени мақтади”, дейди. “Маалики явмид дийн”, деб тўхтайди. Агар банда бу оятни ўқиса, Аллоҳ: “Бандам мени улуғлади”, деб жавоб қайтаради. Мана шу лаҳзаларда Аллоҳ “Бандам” деб хитоб қилишининг ўзи бизга чексиз қувонч бағишлайди. Лекин шаҳватлар, ҳирс, тамагирлик қалбни идрок этишдан тўсиб туради. Инсон шу тўсиқларни енгиб ўта олса, намозда Фотиҳа сурасини мароқ билан ўқийдиган, ўқиб тўймайдиган чинакам мўминга айланади.
Кейин банда Аллоҳга шундай ваъда беради: “Ийяка наъбуду ва ийяка настаъийн”. Аллоҳ бунга жавобан: “Бу Мен билан бандам ўртасидаги нарса. Бандамга сўрагани (ато қилинади)”, дейди. Мана шу оятда буюк ҳақиқатлар яширинган. Зеро, ибодат қилишга фақат Аллоҳ муносибдир. Ундан ўзга ҳеч ким ёки ҳеч нарса ибодат учун лойиқ эмас. Ибодат билан инсон бандалигини тан олади, Парвардигорига юкинади, Унга яқинлашади, Ўзидангина ёрдам сўрайди. Мана шу Аллоҳ билан банда ўртасидаги келишувдир. Агар банда фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Ёлғиз Ўзидан ёрдам сўрашга аҳд қилса, Аллоҳ унинг сўраганини беради, ҳар бир ишида кўмаклашади. Агар банда сўзида турса, Аллоҳ ваъдаси устидан чиқади.
Агар киши: “Иҳдинассиротол мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим, ғойрил мағзувби ъалайҳим ва лаз-зооллийн”, деса, Аллоҳ таоло: “Бу бандам учун. Бандамга сўрагани (берилади)”, деб айтади. Бу онларда инсон Аллоҳнинг ҳидоятига, тавфиқига ўта муҳтожлигини, агар Аллоҳ ёрдам бермаса, тўғри йўлдан адашиб кетишини мулоҳаза қилади, ҳидоят йўлида бардавом этишини, яҳудийларга, насронийларга ўхшаб адашиб кетмасликни Раббидан ўтиниб сўрайди.
Оқни қорадан, яхшини ёмондан, ҳалолни ҳаромдан ажрата олиш, жаннат йўлидан адашиб кетмаслик учун ҳидоят ниҳоятда муҳим. Киши ҳар лаҳзада Аллоҳнинг мададига, тавфиқига жудаям муҳтож. Шунинг учун бўлса керак, намозда Фотиҳа сурасини такрор-такрор ўқиш буюрилган, Аллоҳга мақтов айтиш, ҳожатлари раво этилишини фақат Ўзидан сўраш таъкидланган.