Эснаш ҳафсаласизлик, дангасалик белгисидир. Эснаш чарчоқни кучайтиради. Намозда ҳомуза тортиш эса, банданинг Парвардигори ҳузурида турганини ҳис этмаслик саналади. Қолаверса, эснаш шайтонга йўл беришдир.
Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Намозда эснаш шайтондандир. Қайси бирингизни эсноқ тутса, иложи борича қайтаришга ҳаракат қилсин”, дейилган.
Агар эсноқ келса, ўнг қўл билан оғиз ёпилади. Бу умумий тавсия намозхонга кўпроқ тааллуқли. Чунки шайтон бандани айнан намозда кўп чалғитади, улуғ ибодатни маромига етказиб ўқишига халақит беради. Агар эснаётганда оғиз ёпилмаса, шайтон одамнинг ичига киради, унга намозни оғир қилиб кўрсатади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ аксиришни яхши кўради, эснашни ёқтирмайди. Агар биронтангиз аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, уни эшитган ҳар бир мусулмон учун: “Ярҳамукаллоҳ”, дейиш лозим бўлади. Эснаш эса шайтондандир. Агар биронтангиз эснаса, уни имкони борича қайтарсин. Зеро, орангиздан бир (киши) эснаса, шайтон унинг устидан кулади” (Бухорий, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган).
Шу ўринда бир қизиқ маьлумот айтмоқчиман. Ҳаммамизга маьлумки, ҳар қандай ёмон иш шайтонга нисбат берилади. Чунки у ёмонлик воситасидир. Ҳар қандай яхши иш фариштага нисбат берилади. Сабаби у эзгулик воситасидир.
Эснаш ошқозон ҳаддан ташқари тўлиб кетишидан пайдо бўлади, дангасаликка олиб боради. Бу иш шайтон воситасида амалга ошади. Аксириш кам овқат ейишдан келиб чиқади. У ғайрат-шижоатни оширади. Бу иш фаришта воситасида амалга ошади. Шунингдек, эснаш тана оғирлиги, бадан бўшашиши, қорин тўлишидан келиб чиқади .
Аллоҳнинг Расули бежизга “Эснаш шайтондан”, демаганлар. Айниқса, намоз ўқиб турганда эснаш маъқул саналмайди. Кимда шундай ҳолат кузатилса, имкони борича эсноқни қайтаради ёки кафти билан оғзини беркитади. Бўлар-бўлмасга эснайверган одам шайтоннинг кулгисига қолади.
Уламолар намозда эснашни макруҳ санашган, ўзлари ҳам бу ишдан тийилишган. Қудурий айтади: “Кўп марта синадик, киши “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаргиз эснамаганлар ”, деб кўнглига келтирса, эсноқ қайтар экан”. Ибн Обидин ҳам шу гапни айтган.
Зиёвуддин Раҳимнинг “Намозда хушуъ” китобидан