Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Намоз кимни фаҳшдан, ёмон ишлардан қайтармаса, Аллоҳ тарафидан фақат ҳалокатни (ёки узоқликни) зиёда қилади”, деганлар (Табароний ривоят қилган ).
Хушуъсизлик асосан икки нарсага олиб боради:
1. Бузуқ ишлардан тийилмаслик.
2. Қиёмат куни муваффақият қозона олмаслик. Зеро, Аллоҳ таоло охиратда нажот топиш намоздаги хушуъга боғлиқлигини айтган.
Намоздан кўзланган асосий мақсад ҳам хушуъдир. Чунки хушуъсиз намоз руҳсиз танага ўхшайди. Хушуъсиз намоз совуқ, жонсиз намоздир. Шунинг учун ҳам бундай намоз кишига ҳеч қанақа таъсир ўтказмайди, уни гуноҳлардан сақламайди, яхшиликка рағбатини кучайтирмайди.
Намозхон бўлса-да, тилини беҳуда сўзлардан тиймайдиган, одамларни ғийбат қиладиган, алдайдиган, ўзгалар ҳақини ейдиган, тарозидан урадиганлар ҳақида эшитамиз. Нима учун намоз уларга фойда бермайди? Намозхон гуноҳлардан сақланаши керак-ку? – деб сўраладиган бўлса, жавобимиз қуйидагича: Намозни Аллоҳ буюрганидек тўкис адо этмаслик мана шундай оқибатларга сабаб бўлади. Агар намоз қуруқ тана аъзолари ҳаракатидан иборат бўлса, унда руҳ, ҳаловат, сакинат бўлмаса, ундай намоз комил ибодат эмас. Чала намоз самараси киши хулқида, муомаласида кўринмайди. Шунинг учун, афсуски, намозхонлар орасида мана шунақа номаъқул ишларни қиладиганлар ҳам учраб туради.
Лекин “Намозхон фариштадек оппоқ бўлади, биронтаям гуноҳ қилмайди”, дейилмайди. Банда камчиликдан холи эмас. Намозхон бошқалардан фарқли ўлароқ, ожизлик қилиб ёки билмасдан хатога йўл қўйса, дарров тавбага шошилади, Аллоҳга илтижо этиб гуноҳини кечиришни сўрайди. Шунда Меҳрибон Аллоҳ банда гуноҳидан ўтади. Шу йўл билан яна Парвардигорига яқин бўлади, оғир руҳий босимдан қутулади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Шундай рўзадор бор, унинг рўзадан насибаси фақат очликдир. (Кечаси) қоим бўлувчи яна шундай (банда ҳам) бор, унинг қоим бўлишидан насибаси фақат уйқусизликдир” (Насоий, Ибн Можа ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан).
Банда рўза тутса-ю, Аллоҳга тақво қилмаса, кун бўйи оч юргани, чанқагани қолади. Унга ҳеч қандай савоб берилмайди. Шунингдек, тунда таҳажжуд намозини ўқиса-ю, бироқ Аллоҳ ва Расули қайтарган ишлардан тийилмаса, намозни ихлос билан ўқимаса, кечаси билан мижжа қоқмай чиққани, қийналгани қолади.
Хуллас, хушуъсиз намоз шаклий (яъни, фақат тана аъзолари ҳаракатидан иборат) намоз бўлиб қолади. Бундай ноқис ибодатда файз-барака бўлмайди. Ўз-ўзидан хушуъсиз намоз кишини мункар ишлардан қайтармайди. Агар банда намознинг фарзу вожибларини, суннату одобларини сақласа, намоз ҳам уни – Аллоҳнинг изни билан – турли шикаст-балолардан ҳимоя қилади, гуноҳлардан тияди.
Зиёвуддин Раҳимнинг “Намозда хушуъ” китобидан