Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни аҳли балоларга савоб берилган пайтда аҳли офиятлар дунёда терилари қайчи билан қийилган бўлишини орзу қиладилар», дедилар.
Термизий ривояти.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қиёмат куни шаҳид олиб келиниб, ҳисоб учун тўхтатилади. Кейин садақа улашувчи олиб келиниб, ҳисоб учун турғизилади. Сўнгра балога гирифтор қилинган олиб келингач унинг учун тарозу ҳам қўйилмайди, девон дафтари ҳам қўйилмайди, унга ажр ва савоб ёғдириб юборилади. Ҳатто аҳли офиятлар Аллоҳнинг гўзал савоби сабабидан дунёда терилари қайчи билан қийилган мавқеъда бўлишни орзу қиладилар».
Табароний ривояти.
Шарҳ: Ҳаёти дунёда етган балоларни Аллоҳнинг ҳукми деб билиб, уларга сабр қилган мўмин бандага бериладиган савобларга бало-офатлардан узоқда яшаб ўтганлар ҳавас қилишар экан.
Шунинг учун Аллоҳ таолонинг иродаси ила етган балоларга сабр қилиб, Ундан савоб умид қилиш лозим. Ушбу ҳадисда дунёда бало-офатларга учраган мўмин банда учун катта тасалли бор.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мўмин киши савоби кўп бўларкан деб ўзини балоларга рўпара қилиши ёки ўзига бало етишини тилаши мутлақо мумкин эмасдир.