Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Мен мушукка яхшилик қилдим, эгаси эса...

1882

2020 йилнинг сентябрида қизимни дарсига олиб кетаётганимда йўлнинг нариги томонида машиналар тўхтаб қолгани ва яраланган мушук йўлнинг четига чиқишга уринаётганини кўриб қолдим. Ҳеч ким машинадан тушмасди. Кеч қолаётган эдик, лекин кўнглим хира бўлди –машинани ортга бурдим. Жонивор йўлнинг четига чиқиб олган, машиналар йўлида давом этарди. Унга яқинлашганимда қўрқиб кетди ва яна қайтиб йўлга ўзини урди, машиналарни бир амаллаб тўхтатдим, у йўлнинг бошқа тарафига судралиб ўтди. Бечора йўл бўйидаги арчалар тагига кирди ва “йиғлашни” бошлади. Ўтаётган икки қиз тўхтади ва бўйнидаги боғичига қарашни, у ерда эгасининг телефон рақами бўлиши мумкинлигини айтишди. Рақам бор экан. Қўнғироқ қилсам, эгаси бир неча дақиқада “ҳайвонлар қутиси”ни кўтариб югуриб келди. Кейин бир амаллаб мушукни қутисига солди. Қарасам, машинаси ҳам йўқ, уни ҳайвонлар касалхонасига ташлаб қўйишни таклиф қилдим.

Кейин бўлиб ўтган воқеалар ишонарсиз туюлиши мумкин. Йўлда йигит асли исроиллик экани, уч ой аввал Торонтога кўчганини айтди. Қаерданлигимни сўради, айтдим. “Менинг бувимлар бухороликлар”, деди кутилмаганда. “Бухородан кўп йиллар аввал кўчганлар”. Касалхонага олиб бориб қўйдим, раҳмат, деб қолди, қизимни дарсига кеч бўлса ҳам олиб кетдим. Кечқурун у қўнғироқ қилди: афсуски, мушук ўлибди. Жимиб қолдим. “Сенга барибир раҳмат, сен бўлмасанг, хотиним мушукни узоқ кутарди... Лекин, бир нарсани билишингни истайман. Ҳайвонлар касалхонасидан чиқиб бир оз пиёда юришимни биламан, рўпарамда келаётган катта ёшли нотаниш аёл ҳушидан кетиб йиқилди ва тез ёрдам чақириб, унга ёрдам кўрсатдим. Сен менга яхшилик қилдинг, мен ўша ерга тасодифан бориб қолдим ва бир соат ичида яхшиликни нотаниш одамнинг ҳаётини сақлаб қолиб қайтардим”.

Буни ёзишимдан мақсад нима? Воқеани унутган эдим... Тунов куни эса бир суҳбатда қатнашдим, унда йирик Интернет-нашрлари ходимлари “ҳайвонлар ва дарахтлар ҳақидаги ўзбек тилидаги мақолалар камчилик ўқийди, биз эса хусусий ОАВ сифатида кўпроқ ўқиладиган мавзуларни кўтаришга мажбурмиз. Бу мавзулар, негадир, асосан, русизабонлар томонидан кўтарилади, кўпроқ ўқилади, русизабонлар бу ҳақида кўпроқ қайғуради ва мавзу эътиборга тушади”, деб қолишди. Уларни тушундим ва айбламадим, аммо ранжидим рости. Афсуски, бу мулоҳазаларда қайсидир маънода жон борлиги учун ўйланиб қолдим. 

Дин ва қадриятларимизда ҳайвон ва атроф-муҳитни асраш қайта-қайта таъкидланади, аксариятимизни шундай тарбиялашган. Баъзилар томонидан "Шунча бошқа муаммо турганда, ҳайвонлар ва дарахтларга нима бор” дейилишининг сабабларини балки тушунарман, бироқ, аслини олганда, инсонларнинг мушкулликлари учун ҳайвонлар ва дарахтлар айбдор эмас. Статистика ва психология билан қизиқсангиз, ҳайвонларга бешафқат кўпчилик болалар катта бўлиб бошқаларга, хусусан, оиласига ва болаларига ҳам шафқатсиз бўлади, қанчадир машҳур “маньяк”лар ҳатто болалигида ҳайвонларни қийнаган ва ўлдирган. Бу, ўз навбатида, жамиятнинг соғлиғи ва руҳий-маънавий ҳолатига салбий таъсир қилади. Мен билан бўлган кичкина эпизод каби ҳаётда барча нарса ўзаро чамбарчас боғлиқ, фақатгина биз буни ҳар доим ҳам сезмаймиз. Бугун тил-забони йўқ бир жонзот ёки дарахтга кўрсатган арзимас меҳр эртага минг карра бўлиб қайтади. Яратганнинг шу курраи заминни биз билан бирга бўлишадиган бегуноҳ жонзотларига меҳр-шавқат кўрсатиш – оддий бир инсонийлик. 

Мен ишонаман, бир кун келиб бу мавзулар кўпроқ ва кўпроқ “просмотрлар сони” учун эмас, инсонийлигимиз, онгли ва бағрикенг мавжудот эканлигимиз учун муҳокама этилади. Зеро, Анъом сураси 38-оятида айтилганидек: “Ер юзидаги ҳар бир юрувчи жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки, ҳаммаси сиз каби умматлардир. Китобга ҳеч нарсани қўймай ёзганмиз. Сўнгра Роббиларига жамланурлар”.

манба

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Йиртқичлардан баттар ваҳшийлашиб кетдик...

3130 20:30 08.07.2023

Истанбулда яшасанг, ёнмасмидинг, жонивор?..

4418 14:30 08.07.2023

Муфтийнинг садоқатли мушуги

2804 21:05 17.01.2022

Истанбул сафари таассуротлари: “Беш асрлик “янги” масжид – Йени жамий”

6001 21:36 06.12.2021

Истанбул сафари таассуротлари: “Отатурк жон берган сарой Усмонлига қимматга тушган...”

8869 20:25 19.11.2021
« Орқага