Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Мазҳаббошидан суюнчи олишди...

2016

Робиъ раҳимаҳуллоҳ айтади:

"Устозим Имом Шофеъий Мисрга кетаётиб менга хат берди ва:

- Абу Абдуллоҳ (Аҳмад ибн Ҳанбал) га мактубимни етказ ва жавобини келтир, деди.

Боғдод шаҳрига бориб Аҳмад ибн Ҳанбалга тонг намозидан сўнг учрадим ва мактубни топшириб, 

"Бу биродарингиз имом Шофеъийдан сизга хат”, дедим.

- Мактубни ўқидингми?, деб сўради.

- Йўқ, дедим.

Аҳмад ибн Ҳанбал мактубни очиб ўқиди ва кўзлари (хурсандчиликдан) ёшланиб кетди. 

- Эй Абу Абдуллоҳ, не экан?

- Мактубда имом Шофеъий тушларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганлари ва у зот унга "Абу Абдуллоҳга хат ёз, салом етказ, тезда Қуръон ила имтиҳон қилиниши ва уларга ижобат этмаслигини ва Аллоҳ таоло унинг илми ва қадрини то қиёматгача баланд қилишини билдир", деб айтибдилар.

- Эй Абу Абдуллоҳ, бу хушхабар!  (Хушхабарга суюнчи берилади).

Имом Аҳмад устидаги кўйлаклардан бирини ечиб менга узатди.

Мактуб жавобини олиб, Мисрга жўнадим ва имом Шофеъийга етказдим.

У зот:

- Имом Аҳмад сенга нима ҳадя қилди, деб сўради.

- Кўйлагини, дедим.

Шунда имом Шофеъий:

- Бу ўта қадрли ҳадя, уни сендан сўрай олмайман. Аммо уни сувда ювгин ва сувини менга келтир. Уни табаррук қиламан, деди".

Тариху Димашқ. Ибн Асокир. 7/170.

"Робиъ айтади:  Аҳмад ибн Ҳанбалнинг кўйлагини ювиб сувини келтирдим, имом Шофеъий бу сувга кўп бора юзларини табаррукан ювганларини кўрдим".

"Маноқибу Аҳмад ибн Ҳанбал". Ибнул Жавзий.

                  ****

Ушбу воқеада бир неча  эътиборли ҳолатлар бор:

1. Уламоларнинг ўзаро ҳурматли бўлиши. Бир бирларига адоват, таъна, ҳиқддан сақланишлари.

2. Устоз шогирдни ва шогирд устозни ҳурматан ўта қадрлаши. 

3. Аҳли илмлар шариатда рост туришлари. Дунё моли ва мансабига эга бўлиш учун номашруъ нарсаларга фатво бермасликлари.

4. Мўътамад уламолар, мўътабар зотлар кийимларини табаррук қилиш жоизлиги (фақат шариат ҳаддида бўлиш, ғулувга кетмаслик шарти билан).

Суннатуллоҳ Абдулбосит

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Имом Аъзамнинг таваллуди, илк йиллари ва касби

2814 07:00 23.02.2021

Қуллик айблови ва мезон

3306 21:30 20.02.2021

Мазҳаббошимиз ҳақида янги китоб

5008 21:30 18.02.2021
« Орқага