Марказий Осиё мамлакатларида ягона Марказий Осиё олий таълим макони яратилади. Бу ҳақда Марказий Осиё мамлакатлари таълим вазирлари иштирокида ўтказилган Туркистон форумида шундай қарорга келинди.
Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, тадбир Erasmus+ ва Марказий Осиёдаги университетлар ректорлари иштирокида офлайн ва онлайн шаклда бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Таълим ва фан вазири Асхат Аймағамбетов Марказий Осиё олий таълим маконини яратишни таклиф қилди. Унинг хорижий ҳамкасблари ушбу ташаббусини қўллаб-қувватладилар. Форум якунлари бўйича Туркистон декларацияси қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, Марказий Осиё давлатлари энди минтақавий ҳамкорликни кенгайтиради ва барча Марказий Осиё университетларининг илмий, интеллектуал ва ижодий салоҳияти бирлаштирилади.
«Бугунги кунда олий маълумот олиш учун ягона Марказий Осиё маконини яратиш объектив зарурати мавжуд. Таълим бўйича ҳар йили тан олинадиган ҳужжатларнинг 70 фоизга яқини Марказий Осиё университетларининг ҳужжатларидир. Бугунги кунда Қозоғистон университетларида Марказий Осиёдан 20 мингга яқин талаба таҳсил олмоқда ва бу кўрсаткич йил сайин ўсиб бормоқда. Шу муносабат билан, ягона олий таълим макони доирасида бугунги кунда Европа маконидаги мамлакатлар сингари квалификацияни тан олишнинг соддалаштирилган ёки автоматлаштирилган процедуралари масаласини кўриб чиқишимиз мумкин», — деди ҚР Таълим ва фан вазири Асхат Аймағамбетов.
Маълумот учун, Туркистон декларациясида ҳамкорликнинг қуйидаги йўналишлари кўзда тутилган:
- Марказий Осиё университетлари альянсини ташкил этиш;
- Таълим сифатини таъминлаш бўйича Марказий Осиё аккредитация кенгашини ташкил этиш;
- Марказий Осиё талабалар альянсини ташкил этиш;
- Малака ва таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича ташкилотлар ассоциациясини ташкил этиш.