Куни кеча Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида имомлар йиғилибди, жиддий масалалар кўтарилибди, деган хабарлар ижтимоий тармоқларда кун масаласига айланди. Шундай мажлислар ўтказилганини жуда кўп манбалар тасдиқлади, лекин унда кўрилган масалалар юзасидан маълумотлар бир-биридан фарқланади. Аслида бундай мажлисларнинг ўтказилиши табиий, ҳар бир соҳада бўлгани каби диний соҳада ҳам янгиланишлар, янги мақсадлар, йиғилиб қолган муаммоларни ҳал қилиш каби масалаларда катта имом-домлаларни бир жойга йиғиб суҳбатлашиш дунё тажрибасида бор нарса.
Ёхуд катта мажлисда муфтий ўзгарибди, деган хабар ҳам бир зумда барча ОАВни айланиб чиқди. Хабар тасдиқланмади, раддиялар берилди ва масала ёпилди, лекин бунгача кераксиз шов-шувга сабаб бўлди.
Мозийга назар
Аҳолининг ахборот олишга бўлган эҳтиёжини қондириш оммавий ахборот воситаларининг пайдо бўлишига катта туртки бўлди. Рим императори Юлий Цезар томонидан сенат баённомалари – «Acta senatus» қўлёзма газетасининг жорий этилиши тарих билган биринчи ОАВ сифатида эътироф этилади. Кейинроқ Хитойда ва бошқа мамлакатларда босма газеталарга асос солинди. Уларда ҳукмдорларнинг қарорлари, давлат миқёсидаги янгиликларни бериб бориш йўлга қўйилган эди. Яъни ОАВ давлат билан аҳолининг ўртасида кўприк вазифасини бажариш учун хизмат қилган. Секин аста ушбу фаолият тури билан хусусий соҳа вакиллари шуғулланишни бошлади ва кўп ҳолларда бу самарали натижа берди. Чунки давлат энди ўзининг бевосита вазифалари, мустақил ОАВ эса уни ёритиш билан шуғулланадиган бўлди (тўғри, ўз мақсадлари йўлида ОАВдан фойдаланувчилар ҳам бўлган ва ҳозир ҳам бор, аммо бу умумий соҳанинг долзарблигига ва унинг шаънига доғ тушишига сабаб бўлолмайди). Энди давлатда (давлат органларида) ушбу оммавий ахборот воситаларини ахборот билан таъминлаш вазифаси қолди, холос. Бунинг учун матбуот хизматлари ташкил этилди ҳамда уларнинг асосий вазифаси этиб давлат органи томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ва аҳоли билиши керак бўлган маълумотларни ОАВ орқали халққа етказиш: Давлат – матбуот хизмати – ОАВ – халқ. Энди шу бўғимларнинг бирида узилиш бўлса ёки сифатсиз ишласа, ёки халқ норози, ё давлат органи. Ахборот ололмаса, ОАВ аламзада.
Давлат органларининг фаолияти доимий равишда ОАВ нигоҳида бўлади, бу табиий, унга ахборот керак, бўлганда ҳам биринчилардан бўлиб улашишни истайди.
Бунга эришолмаса, манбаларга мурожаат қилади, уларнинг тўғрилигини текширишга ҳар доим ҳам имконият бўлавермайди ёки манбанинг ягоналиги масалани янада қийинлаштиради.
Бугунги кунимизга қайтсак, сўзимиз бошида тилга олинган ҳолатлар, мажлислар ўтказилиши ҳар бир соҳада бўлгани каби табиий жараёндир. Фақат бир нарса, бу йиғилишларни оммадан сир тутишга ҳаракат қилиниши-ю, айрим манбалар орқали сиздирилиши ОАВни мустақил ҳаракат қилишга мажбур қилиб қўяди ва хатолар шунда бошланади, иккала томондан: бир томон ахборотни ўз вақтида беришни истамайди, иккинчи томон турли манбалар томонидан келтирилган ахборотларни текширмай эълон қилиб юборади – «қарс икки қўлдан...».
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси – юрт мусулмонларини бирлаштирган, уларга ҳаётлари давомида динга амал қилишлари учун керакли кўрсатма, маслаҳатларни бериб борувчи асосий ташкилот ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Шу муносабат билан бу ташкилотдаги ҳар бир ўзгариш, янгиликлар халқ, айниқса, ОАВ эътиборида бўлиши табиий. Шундай экан, идора матбуот хизматининг самарали фаолияти тушунмовчиликлар, нотўғри хабарлар тарқалиб кетишининг олдини олишда асосий бўғин ҳисобланади.
ОАВ нотўғри маълумот тарқатишдан манфаатдорми? Йўқ, албатта. Бу унинг ишончли манба сифатидаги обрўйига путур етказади. Ўқувчиларининг камайишига олиб келади.
Azon.uz ОАВ сифатида Мусулмонлар идораси ҳақида нотўғри маълумот тарқатишдан манфаатдорми, десангиз, яна ўша жавоб: «Йўқ, албатта». Ва бундан ҳам катта даъвони қиламиз: «Биз, Azon.uz – ахборот-таҳлилий портали таҳририяти, юртимизда диний соҳада олиб борилаётган ишларни оммага холис ва тезкор етказиш бўйича биринчи ОАВ бўлишни истаймиз. Мусулмонлар идораси томонидан амалга оширилаётган ишларда ахборот ҳамкори, идорани халқ билан боғлаб турувчи кўприк бўлиш ҳаракатидамиз» холос.
Ёпиқ мажлисларнинг, махфий ҳужжатларнинг бўлишини тан оламиз, айрим масалаларни оммага олиб чиқиш ҳар доим тўғри бўлмаслиги ёки шундай ҳисобланиши мумкин, буни ҳам инкор қилмаймиз. Лекин шу ҳақда аввалроқ хабар топадиган бўлсак, керак бўлса, миш-мишларга ўзимиз қарши турамиз...
Бўлиб ўтган воқеаларни таҳлил қилсак, айбдор излаш билан вақт ўтиб кетади. Бизда бошқа бир таклиф бор, мақсадимиз бир экан, шу юрт, дин манфаатларидан келиб чиқиб ишлар эканмиз, соатларимизни ўзаро тўғрилаб олайлик. Диний соҳада ахборотларни ёритишда ҳамкорлик қилиб, ғиллу-ғашликка ўрин қолдирмасдан, холис, сифатли маълумотлар билан ахборот маконини бойитайлик. Муаммони олиб чиқиш таклиф бериш билан якунланса мақсад ҳосил бўлади, қуйида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро Ислом академияси, Олий Маъҳад ва тизимдаги бошқа ташкилотлар билан биргаликда амалга ошириш режалаштирилган лойиҳалар рўйхати билан ўртоқлашамиз:
1. Юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритиб бориш, 1 ойда камида 1 маротаба мутасадди ташкилотлар масъуллари билан видео-аудиосуҳбатлар, мақолалар.
2. Юртимиз уламолари ҳақида туркум кўрсатувлар.
3. Юртимиз масжидлари билан таништирувчи кўрсатувлар.
4. Имом-хатибларимизнинг долзарб мавзулардаги маърузалари.
5. Ислом цивилизацияси маркази фаолияти билан таништирув.
6. Диний таълим муассасалари фаолияти ҳақида туркум кўрсатувлар.
Шунингдек, динимиз равнақи йўлида бошқа лойиҳаларни ҳамкорликда тайёрлашдан манфаатдормиз. Аввалдан таъкидлаб келган ғоямизга қайтиб, шуни айтишимиз мумкинки, келинглар, қўлни қўлга берайлик ва Аллоҳнинг «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг» («Моида» сураси, 2-оят) таълимотига қулоқ тутайлик.
Azon.uz таҳририяти