Маълумки, бундан салкам тўрт йил муқаддам «Azon.uz» ахборот-таҳлилий портали ишга тушди. Буни қарангки, сайтнинг илк мақоласида таълим соҳасидаги муаммолар кўтарилган бўлса, «Исроил парламенти вакиллари Ал-Ақсога киришди» сарлавҳа остидаги иккинчи хабарда Исроилнинг мусулмонларга нисбатан радикал қарашга эга бўлган икки депутати Масжидул Ақсога киргани ҳақидаги хавотир билдирилган. Хабарни ўқисангиз яқин тўрт йил ичида нималар ўзгариб кетгани, аниқроғи мусулмонларга нисбатан қандай босқинчиликлар ва зўравонликлар амалга оширилгани, уларнинг ҳуқуқий ва диний ҳақлари қандай топталгани ҳақида тасаввурга эга бўласиз. 2017 йил 30 августда чоп этилган хабар билан қуйида тўлиқ танишишингиз мумкин.
“Кнессетнинг мусулмонларга нисбатан радикал қарашга эга бўлган депутатлари Иугуда Глик ва Шули Муалем-Рафаэли кучишлатар тизим ходимлари ҳамроҳлигида Ал Ақсо масжиди ҳудудига киришди. Исроил сиёсатчиларининг бундай ҳаракати бир ярим йил аввал ҳам содир этилганди.
27 август куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Кнессет депутатларига мусулмонлар учун муқаддас саналувчи Ал Ақсо масжидига киришга рухсат берганди. Бу ҳаракатлар мусулмон жамоатчилигининг хавотирига сабаб бўлди.
“Исроил ҳукуматининг бу қарорини провокацияга менгзаш мумкин ва ҳаракатлар ноқоқунийдир. Бу ҳаракат Ал-Ақсо устидан ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган ҳукуматнинг ҳужум ҳаракатидан бошқа нарса эмас”, – деб таъкидланган Қуддус вақфининг олий кенгаши ва яна бир қанча жамоат бирлашмаларининг қўшма баёнотида”.