Абу Суфён Исломда бўлмай, жоҳилиятда юрган даврида динимизнинг ашаддий душмани ҳисобланган. Исломга киргач эса ўзини аямай, Аллоҳ йўлида фидокорона кураш олиб борди. У иккала кўзини Аллоҳ йўлида қурбон қилди. Бир кўзини Тоиф ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга елкама-елка турганча жанг қилиб йўқотди. Имом Абу Ҳожар Асқалоний ўша ҳодисани ўзининг «Ал-Исаба фи тамйиз ас-саҳоба» асарида шундай тасвирлайди: «Саид ибн Убайд Сақофийдан Зубайр ривоят қилади: «Тоиф ғазоти куни Абу Суфён розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб: «Мен Аллоҳ йўлида бир кўзимдан айрилдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Истасанг дуо қилай, кўзинг ўз ҳолатига қайтади. Истасанг, Жаннатни танла», – дея жавоб қайтарди. Абу Суфён: «Жаннатни танлайман», – деди».
Иккинчи кўзини Абу Суфён Ярмук ғазотида йўқотди. Урушнинг тақдири узил-кесил ҳал бўладиган жанг ўтадиган жой – Ярмук водийсини айнан мана шу улуғсифат саҳоба танлаган. Ярмук ғазотига ҳозирлик кўриш вақтида исломий қўшин қўмондонлари Абу Суфённинг ўғли Язид розияллоҳу анҳу учун Дамашқ жанубидаги Жабия деган жойда тикланган чодирда йиғилишган. Ўша даврга келиб анча кексайиб қолган Абу Суфён розияллоҳу анҳу қўмондонларга чодирга кираверишда туриб шундай дейди: «Қурайш ёшлари уруш олиб бориш ва душманга нисбатан ҳарбий ҳийла қўллаш масалаларини мени таклиф қилмай муҳокама қиладиган кунгача етишимни ҳеч ўйламаган эдим», – дейди.
Қўшин қўмондонлари уни ичкарига таклиф қилиб, жангни ташкиллаштиришга доир фикрини сўрашади. «Эл-Жабияда тузилган мана бу лашкаргоҳингиз ишончсиздир. Чунки Фаластин ва Иордания аҳолиси сизларни Маккадан кесиб қўйиши мумкин. Оқибатда рақиб армияси орага кириб олиб, сизларни икки бўлиб қўяди. Қўшинни шундай жойлаштирингки, Азриат (Суриянинг бугунги Даръа шаҳри) унинг орқа томонида қолсин. Шундай қилсангиз тўғри бўлади». Холид ибн Валид, Убайда ибн Жарроҳ каби қўмондонлар Абу Суфённинг узоқни кўзлаб иш тута билиш қобилиятига тан бериб, лашкаргоҳни Азриат яқинидаги Ярмук водийсига кўчиришни буюришди. Шундай қилиб Византия империясининг рицарлари билан мусулмонлар ўртасида кечган энг муҳим жанг катта тажрибага эга саркарда Абу Суфён розияллоҳу анҳу белгилаб берган жойда ўтди. Муҳорабанинг охир-пировард натижаси Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг фикри тўғри бўлиб чиққанини исботлади.