Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Камтарлик тарбияси

3313

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
«Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва бўйда тоғларга ета олмайсан!» (Исро, 37).

Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Кимки одамлар унинг учун тик туришларини яхши кўрса, бас, ундай одам дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин” (Аҳмад, Термизий ва Абу Довуд ривоятлари).

Жалолиддин Румий айтади:
«Агар бахт-саодат истасанг, ғурур, манманликдан йироқ бўл, ҳикматли сўзларни сокинлик билан тингла, такаббурлик, адоват, гиначиликдан ҳазар қил. Қайғу-аламлар устингга ҳужум этса, бу ҳужумларга ўз адабсизлигинг сабабчидир».

Камтарлик динимиз эъзозланган, даъват қилинган фазилат. Барча даврлар, барча юртлар ва халқлар камтарликни улуғлайди.
 

Ғурур, такаббурлик эса маломат қилинган. Чунки кибр инсонни бошқалар назаридан қолдиради, уни қадрсизлантиради ва ҳалок қилади.

Камтарликнинг аниқ қоидалари бор. Ҳамиша тавозе билан ҳар қандай инсонга кичиклик қилиш худди ҳамиша катталик қилиб юриш каби маъқулланмайдиган амалдир.

Улуғлар айтадиларки, ожизлик, заифлик юзасидан эгилиш камтарлик саналмайди. Чунки кучсиз одамнинг синиқлиги табиийдир. Лекин қувватга тўлиб, ҳар қандай ишга қодир бўлган кишининг камтарликни одат тутиши, тавозели бўлиши қийин. Демак, айни шу ҳолда Аллоҳ учун камтарликни лозим тутиш фазилат ҳисобланади.

Камтарликнинг намоён бўлиш шакллари турлича. Ахлоқда камтарликнинг кўриниши шуки, инсон каттанинг ҳурматини, кичикнинг иззатини, тенгдошнинг қийматини унутмайди.

Мол-дунёдаги камтарлик шуки, инсон нақадар бойиб кетмасин, ҳашаматдан ўзини сақлайди. Уй-жой қуришда, улов минишда, кийинишда бошқалардан устунлигини зинҳор кўз-кўзламайди. Билъакс, меъёрни ушлайди ва бойлигини эҳсонга, фойдали ишларга йўналтиради.

Инсоннинг қалбдан камтар бўлиши, яъни кўнгилдаги камтарлик ўтмишга назар солиш, ҳаётий ибратлардан хулоса олиш ҳамда Аллоҳнинг қудрати, марҳамати ва жазосини доимий зикр қилиш билан юзага чиқади.

Камтарликнинг фойдалари кўп. Аввало, инсонни Аллоҳ ҳузурида улуғлайди. Одамлар орасида азиз қилади. Ҳаётда тўлис бахтли бўлишига сабабдир.

Кибр эса Аллоҳнинг лаънатини келтиради, жаннатдан маҳрум қилади. Инсонларнинг қарғишига дучор айлаб, жамият ичида қадрсизлантириб, зулм қилувчи мақомига туширади.

Яқин ўтмишда бир инсон юқори лавозимда хизмат қилган. Унга хизмат машинаси берилган. Ўша вақтларда одамларнинг яшаш тарзи бугунгидан содда ва камтарроқ эди. Кўпчиликнинг машинаси ҳам бўлмаган.

Қаҳрамонимизнинг отаси ҳоким бўлган ўғлига машинасини маҳаллага олиб кирмасликни, кўчада пиёда ҳолда уйга келишини тайинлайди. Ота тарбиясини олган бу инсон ҳар куни тонгда бир километрни пиёда юриб машинасига боради. Ишдан қайтишда ҳам шу. Йўл-йўлакай оддий одамлар билан суҳбатлашади. Бу эса уни кибрдан сақлаши билан бирга камтарлик ҳам бахш этган.

Кейинчалик бу киши яхши ном ва катта ҳурмат билан нафақага кузатилди. Умуман, камтарликнинг фойдалари ҳақида кўп мисоллар келтириш мумкин.

Ёзувчимиз Абдулла Қодирий қўшниларнинг болаларида велосипед йўқлиги, уларнинг бу матоҳни сотиб олишга қурби етмагани учун ўз ўғлига велосипед олиб бермаган экан. 

Аллоҳ таоло барчамизга чинакам камтарлик насиб этсин. Кибр офатидан омон сақласин. Омин.

Абдул Ҳамид Маликов,
«Пискент» жоме масжиди имом хатиби

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Камтарлик – улуғларнинг сифати

2182 08:00 27.04.2021

Аллоҳ таолонинг розилигига олиб борувчи 2 қадам

2546 11:00 25.03.2021

Салаф олимларининг риё ва кибрдан қочгани

2158 20:46 18.08.2020

Такаббури йўқ одам қанақа бўлади?

2952 09:00 06.02.2020
« Орқага