Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Хайру садақа – омонлик  қўрғони

1377

Яхшилик қил, жаҳон яхшилик олсин,
Яхшилар бошига яхшилик солсин.
Мол-дунё барчадин—сендан  ҳам қолур,
Яхшиси мол эмас, яхшилик қолсин.

(Абдураҳмон Жомий)

Бутун оламлар Парвардигорига беҳад ҳамду санолар бўлсин! Оламларга раҳмат бўлиб келган, севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салоту саломларимиз бўлсин!

Бу синовли дунёда яшамоқ барча учун бир имтиҳон демак. Бу имтиҳон инсон бошига келадурғон қувончлию ғам-андуҳли пайтларда намоён бўлади. Ҳар қандай кунда сабрли бўлиб, Оллоҳдан энг хайрлисини сўраш мўмин кишининг фазилатидир. Қанчалик кўп ибодат қилсак, шукур қилсак, шунчалик ризқимиз улуғ бўлади. Шукур Оллоҳ инъом этган улуғ неъмат, унинг тотли меваси эса садақадир. Ҳамма ҳам садақа беришга аҳамият бермайди. Ваҳоланки, хайр-садақа омонликнинг, яхшиликнинг калитидир.

Садақа беришдан асосий мақсад инсон қадрини молу дунёдан афзал кўриш, унинг қули эмас, хўжаси эканлигини англатишдир. Аллоҳнинг амрини тутиб, унинг розилиги йўлида садақа берган мусулмон барча гуноҳлар разолати, хусусан, бахиллик иллатидан қутулади. Шунингдек, у мусулмон бандага ўзига таллуқли неъматни яхшилик йўлида сарфлаш ва муҳтожларга эҳсон этиш унинг хулқига ижобий таъсир қилади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши иш ҳам одатдир, ёмон иш ҳам одатдир, одамнинг нафси одатни қабул қилгувчидир”,- деганлар. Бу масалани чуқур ўрганиб чиққан ҳозирги кун олимлари ҳам инсон учун одат иккинчи тийнат - табиат эканлигини таъкидлашади. Бунинг маъноси шуки, яхши қарор топган одат ҳар қайси инсоннинг ўзи билан бирга туғилган асл табиатига ўхшаш куч-қувват касб этади. Эҳсон қилишга, закот чиқаришга одатланган, кўниккан мусулмонга сахийлик, меҳрибонлик асл фитрий сифатлардан бўлиб қолади.

Очкўзлик, бахилликдан узоқлашиб, инфоқ ва эҳсонга одатланган инсон бахиллик ботқоғидан Раббоний камолот уфқига кўтарилади. Чунки эзгулик, раҳмат, саховат ва эҳсон ила муомала этиш Ҳақ таборак ва таолонинг сифатларидан биридир. Бу сифатларни башарий тоқат етганича ҳосил қилишга интилиш Аллоҳнинг ахлоқи билан зийнатланишнинг айни ўзи, инсон камолотининг энг чўққиси саналади. Мамнуният билан айта оламизки, садақа фақатгина Ислом “дорихона”сида топилиши мумкин бўлган доридир.

Соғлом ақл эгаси яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаришни, неъматга шукур қилишни лозим деб билади. Эҳсон ҳам берувчида Аллоҳ таолога шукур этиш, ўзига нисбатан Унинг фазлини эътироф қилиш туйғуларини уйғотади. Имом Ғаззолий айтганларидек: “Баданий ибодатлар бадан неъматига шукур, молиявий ибодатлар мол неъматига шукурдир”.

Бошқа томондан, хайр-садақа қалбни Роббимиз наздидаги, охират олдидаги мажбуриятидан огоҳлантиради, дунёга ҳирс қўйишдан қутқаради. Аллома Ар-Розийнинг айтишларича: “Мол-дунё кўпайиши қувватни зиёда этади. Лаззатланишнинг  ортиши эса бундай лаззатланиш боиси  бўлган мол-дунёни кўпайтиришни тақозо қилади. Шу тариқа жараён поёнсиз доира шаклини олади. Бу гардиш гирдобига тушиб қолган одам бойлик кетидан қувиб, тинимсиз айланаверади. Эҳсон деб аталган ибодат туганмас елиб-югуришлардан бир зумга бўлса ҳам тўхтаб, ўзининг ва атрофдагиларнинг ҳол-аҳволига соғлом тафаккур, иймоний ва инсоний қалб кўзи  билан қарашга ундайди”. Шунингдек, у нафсни охири йўқ бундай зулмоний йўлдан Аллоҳнинг рози-ризолиги томон буради.

Албатта,  Аллоҳ мол-мулк йиғишни мўмин учун ҳам ҳалол этган, дунё лаззатларини унга ҳам мубоҳ этган. Лекин булар унга ягона ҳаётий ғоя, бош мақсад бўла олмайди. Чунки у бунданда улуғроқ дунё - охират дунёси, Аллоҳнинг ибодати учун яратилган. У қулиман, деб ўйлаётгани ҳаётий дунёси эса ,аслида,унинг учун яралган. Бу ўткинчи дунё синовларга тўла охират йўли, холос. Йўлни зийнатлаш, тайёрлашнинг ёмони йўқ, лекин унда қандай ғоя ва қай мақсад билан интилаётганини унутмаслик лозим.

Аллоҳ мўмин, солиҳ, кофир, фосиқ бандаларининг бирортасидан ҳам марҳаматини аямайди: “(Эй Муҳаммад, алайҳиссалом, бу дунё одамларнинг) барчаларига—мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави(кофир)ларга ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан ато этурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) ман қилинмас”, - дея  Исро сураси 20-оятида тасдиқлаб қўйган.

Киши қўлида мол-бойлик бўлиши ҳали унинг фазилати, яхшилигига далолат қилмайди. Ҳақиқий фазилат ва яхшилик молни  Аллоҳ учун сарфлашда, Аллоҳ йўлида эҳсон қилишдадир.

Юқорида ўзимнинг тушунчаларимни ёритдим. Тафаккур юритадиган бўлсак, эҳсон бизни Аллоҳга яқинлаштирадиган фазилатлардан биридир. Абу Ҳомид Ғаззолий айтганларидек: “Юрт ободлиги тўрт нарса сабабидан:раҳбарлар адолати, олимлар илми, бойлар саховати, муҳтожлар дуоси”. Ҳақиқатан ҳам, ободлик, фаровонлик, барқарорлик закот, эҳсон,  ибодатлар шарафидандир. Замонамиздаги бир ҳодиса менинг томир-томирларимга азоб беради, яъни бир бой киши эҳсон қилади . Ачинарлиси,  маросимда фақат бойлар, казо-казолар қатнашади. Аслида эҳсон кимлар учун?! Ўз маҳалласи, қишлоғидаги фақир, етим-есир, бева кишилар қолиб,  ҳамма нарсаси етарли, “егани олдида, емагани кетида” бўлган тўқлар таклиф қилинади. Астағфируллоҳ,  Оллоҳ ўзи кечирсин.  Савоб умидида қилинган хайру садақа риёга, бойлигини кўз-кўз қилишга қаратилган бўлиб қоладику бунда... Оллоҳ барчамизни ҳидоятида барқарор қилсин.(хулоса ўзимиздан)

Яхши гап ҳам садақадир. Садақа-эҳсонга энг муносиби оилангиз, фарзандларингиздир. Ушбу олтинга тенг сўзлар ҳаётимдаги ибратдир, десам адашмаган бўламан. Албатта,  “Қуш уясида кўрганини қилади”. Алҳамдулиллаҳ,  ота-онам динни тушунган, суннатга амал қилишга жидду жаҳд қиладиган кишилардир. Дадажоним ҳамиша бирор йиғин - эҳсонга ёки ёру дўстлари билан учрашувга борса, аввало, таомланишимизга шахсан эътибор бериб, тенглик ҳосил қилишни ҳеч ҳам канда қилмайди. Биз фарзандлар бундан ибрат оламиз ва отамиздек бўлишга ҳаракат қиламиз.

Ўзим талабаман. Шундай бўлсада савоб умидида кичик-кичик эҳсон қилишни жуда ёқтираман. Энг ёқтирган хайриям бу - китоб совға қилишдир, айниқса, исломий китоблар. Оллоҳнинг наздида қилинган амалнинг, ибодатнинг катта-кичиги йўқ. Мен бунга жуда ҳам ишонаман, савоб умиди қалбимда барқ уради ҳамиша.

Ўзгаришни, аввало, ўзимиздан бошлашимиз керак. Тўғрими?! Вақф.уз сайти эълон қилган танловнинг асосий мақсади эса халқимиз орасида яхшилик ва хайр-саховатга тарғиб этиш, инсонпарварлик, ўзаро меҳр-оқибатни кенгайтириш, ватандошларимиз эътиборини муҳтожлар ҳолидан хабар олишга қаратиш ва уларга нисбатан ғамхўрлик ҳиссини оширишдир. Ҳис қилдимки, ушбу сайт ташкилотчилари беминнат ёрдам қилаётган кишилардир.  Мен уларни ижтимоий тармоқларда кузатиб  бораман. Ҳар хайрия натижаларини кўрганда Оллоҳдан ушбу эҳсонларини қабул қилишларини сўрайман ҳамда ҳали ҳам раҳмдил кишилар кўплигидан қувонаман. Я Аллоҳ, Ўзинг билгувчи зотдирсан. Барчамизни амалимизга яраша савоблар билан сийлагин, амийн.

Мақоламни якунлар эканман, бир ҳадисга эътиборингизни қаратмоқни жоиз деб топтим. Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Улар бир қўйни сўйдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўйдан бирор нарса қолдими?”, - деб сўрадилар. Оиша розияллоҳу анҳо: “Қўйнинг елкасидан бошқа нарса қолмади”, - деб жавоб берди. Шунда У зот: “Елкасидан бошқа ҳамма нарса қолибди”, -дедилар. Яъни  У зот ўз оилаларига садақанинг ажри Қиёмат қадар қолишини, ўзида қолганининг эса Охиратда ажри кутилмаслигини айтар эдилар. Бу эса Аллоҳ таолонинг ризоси умидида садақага ундовчи гўзал даъватдир.

Аллоҳим ўзи холис қилган эҳсонларимизни қабул айласин, ажр-савобларини кўпайтириб берсин, орамизда раҳмдил, хайр-садақа қилувчилар сафини кенгайтирсин,ҳамиша ҳидоятида барқарор қилсин. Зеро, мол-мулкимизни ўзимиз билан олиб кета олмаймиз, лекин уларни ўзимиздан аввал жўнатишимиз мумкин!

Қурбонова Мухлиса Абдулла қизи
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси

Ушбу мақола “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ўтказилаётган “Яхшилик қил-2021” танловига юборилган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Закот кимларга берилади ва кимларга берилмайди?

2311 09:30 13.04.2023

Рамазон ойида осон савоб олиш йўллари

1090 18:10 27.03.2023

2023 (ҳижрий 1444) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори белгиланди

3185 20:05 24.03.2023

Fitr sadaqasi borasidagi masalalar. 28-kun | Ustoz Mubashshir Ahmad

1394 18:36 29.04.2022

Садақа ёмон ўлимдан сақлайди

2338 03:35 06.05.2021

Ҳақиқий яхшиликка эришиш учун...

2127 16:30 30.04.2021
« Орқага