Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Ҳайит намози ўқилмайди, аммо...

3945

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида баёнот эълон қилди. Уламолар Кенгаши юртимиз мусулмонларини меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми бўлган Рамазон ҳайити билан самимий муборакбод этган.

Баёнотда шундай дейилади:
“Рамазон ойи давомида адо этилган ибодатлар, эзгу амаллар ва меҳр-саховат ишлари эвазига мўмин-мусулмонлар жуда катта ажр-савобларга эришадилар, инша Аллоҳ.

Барчага маълумки, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус касаллиги кенг тарқалди. Ҳозир инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Юртимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда. Юртимизда бу касаллик кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида карантин ва бир қатор чекловлар жорий этилди.

Қатъий карантин чораларини қўллаш билан мамлакатда касалликнинг қайд этилган ҳолатларига нисбатан ҳам, кунлик янги ҳолатлар ҳам паст даражада сақланиб турибди. Юртимиз ушбу офатдан ортиқча талафотларсиз чиқишга эришмоқда ва вазият барқарорлашгани сари карантин чоралари секин-аста юмшатилмоқда. Лекин, бутун дунёнинг кўплаб мамлакатларида янги турдаги коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги, мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида қайд этилганидек, эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда жума намози ўрнига уйда пешин намозини, беш вақт намоз ва Рамазон ойидаги таровиҳ намозини уйда ўқиш ҳақидаги тавсиялар айни Рамазон ҳайити намозига ҳам тегишлидир”.

“Мавжуд вазият тақозосидан келиб чиқиб, Рамазон ҳайити намози адо қилинмаса ҳам байрам кайфиятини сақлаб қолиш учун Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир суннатларини ҳаётга жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Абу Саъид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

لَا يُصَلِّي قَبْلَ اَلْعِيدِ شَيْئًا, فَإِذَا رَجَعَ إِلَى مَنْزِلِهِ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ийд намозидан аввал нафл намоз ўқимасдилар. Қачон уйларига қайтсалар икки ракат намоз ўқирдилар” (Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар фиқҳий манбаларидан бири бўлмиш “Мажмаъул анҳур” китобида шундай дейилади:

اعْلَمْ أَنَّ صَلَاةَ الْعِيدِ قَائِمَةٌ مَقَامَ الضُّحَى فَإِذَا فَاتَتْ بِعُذْرٍ يُسْتَحَبُّ

أَنْ يُصَلِّيَ رَكْعَتَيْنِ أَوْ أَرْبَعًا وَهُوَ أَفْضَلُ

яъни: “Маълум бўлсинки, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал”.

Баён этилган шаръий далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши карантин шаротида Рамазон ҳайитини нишонлаш бўйича қуйидаги тавсияларни тақдим этади:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фатвоси асосида масжидларда карантин даврида вақтинча жамоат намозлари тўхтатилганини инобатга олган ҳолда Рамазон ҳайити (Ийдул фитр) намозини ўқиш ҳам мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан соқит бўлади. Юртдошларимизга ҳайит куни қуёш терак бўйи кўтарилгандан кейин ўз хонадонларида тўрт ракатли нафл намози ўқишлари тавсия этилади”, – дейилади баёнотда.

Шунингдек, диний идора баёнотида уламолар ва имом-хатибларга Рамазон ҳайити ҳар доимгидек хонадонларимизга, дилларимизга қувонч, юртимизга файзу барака кириши, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимизни янада зиёда бўлишига сабаб экани тўғрисида, оммавий ахборот воситалари, теле, радиоканаллар, босма ва электрон нашрларда кенг кўламли тарғибот ишлари амалга оширилиши тайинланган.

Байрам шукуҳини билдириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкенг шаҳри ва вилоятларнинг марказларида “Рамазон ҳайити – хайру саховат айёми”, “Рамазон ҳайити – хурсандчилик мавсуми”, “Ийдул фитр – катта шодиёна” мазмунидаги ёзувлар пешлавҳалари жойлаштирилиши тавсия этилган.

Баёнотда Рамазон ҳайити арафасида барча телеканаллар орқали Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари ҳамда халқимиз орасида обрўли диний уламоларимиз томонидан “Рамазон ҳайити муборак бўлсин!” мавзусидаги маърузалар ташкил қилиниши тайинланган.

“Азиз юртдошлар, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни бундан-да фаровон қилсин” – дейилади баёнот сўнгида.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Рамазон ҳайити одоблари

1709 08:50 20.04.2023

Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табриги

2038 22:12 01.05.2022

Хайр, рамазон!

2145 13:05 23.05.2020

Ийд намозини ўқимаган одам

3082 03:30 23.05.2020
« Орқага