Марказий ҳарбий округнинг «Фориш» тоғ полигонида 24 август куни Халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилаётган «Шахсий маҳорат» мусобақаcи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, полигон ҳудудида жойлашган симуляция марказида мусобақа доирасидаги «Шахсий маҳорат» йўналиши бўйича иштирокчи жамоалар вакиллари — шифокор мутахассислар эркаклар ва аёллар гуруҳига бўлинган ҳолда симуляция ускуналари ёрдамида касбий маҳоратларини синовдан ўтказган. Жараёнларда мусобақа қатнашчиларининг ҳар бир ҳаракати халқаро ҳакамлар эътиборида бўлиб, йўл қўйилган хато ва камчиликлар қайд қилиб борилган.
Мусобақа низомига кўра, шифокорлардан реал ҳолатларга яқинлаштирилган тўртта нуқтада кетма-кетлик билан ҳаракатланиб, тегишли шартларни бажариши талаб этилган. Яъни улар ҳаёт аломатларини йўқотган аскар-маникен устида ўпка-юрак реанимациясини ўтказиш, пневмония ташхиси қўйилган беморнинг вена қон томирига игна орқали дори юбориш ва кесилган тана аъзоларини тикиш ҳамда турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган икки нафар хастанинг ҳолатини текшириб, рентген натижаларига кўра тўғри ташхис қўйиш машқларини амалий кўрсатиб берган. Таъкидланишича, «Шахсий маҳорат» йўналиши бўйича Мудофаа вазирлиги жамоаси ўтказилган баҳслар ҳисобида эркаклар ўртасида биринчи ва иккинчи, аёллар ўртасида эса биринчи ва учинчи ўринларни банд қилган ҳолда мусобақани давом эттирмоқда. Шунингдек, худди шундай тартибда эркаклар ўртасида Беларусь учинчи ва аёллар ўртасида Хитой иккинчи ўринларни эгаллаган.