Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!
Азиз муслим ва муслима дўстларим! «Фейсбук» оламида лозим тутиш керак бўлган бир қанча одоблар борки, мен сизларга қуйида улардан баъзиларини баён қилиб бераман.
Яхшилик ва тақвога ёрдамлашиш
Саҳифангиздаги дўстларингизга гуноҳ ва маъсиятда эмас, балки яхшилик ва тақвода ёрдамлашиш сизга вожиб эканлигини унутманг. Зеро, Аллоҳ таоло:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
«… Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир», — деб марҳамат қилади ("Моида" сураси, 2-оят).
Оятдаги «الْبِرِّ» (бирр) калимаси шариат буюрган, қалб таскин топадиган барча яхшиликларни ўз ичига олади.
«التَّقْوَى» (Тақво) – Аллоҳ таоло томонидан буюрилган нарсаларни бажариш ва қайтарилган ишлардан қайтиш.
«الْإِثْمِ» (Исм) – мўмин инсоннинг юрагини сиқадиган ва одамлар билиб қолишидан қўрқадиган барча гуноҳ ва маъсият ишлар.
«الْعُدْوَانِ» (Удвон) – Аллоҳнинг ҳадларига риоя қилмаслик.
Ҳар замон ва ҳар маконда манфаат етказиш
«Фейсбук» ижтимоий тармоғи ақлли ва доно кишилар учун Аллоҳ азза ва жалланинг улкан неъматларидандир. Чунки унда инсонларнинг дунё ва охиратда саодатли бўлиши учун хизмат қиладиган китоблар, мавъизаларни дунёнинг турли бурчагидаги одамларга етказиш имконингиз бор. Амал қилинмай қўйган суннатларни билмаган кишиларга ўргатиб тирилтириш имкони бор. Булар барчаси Аллоҳ таолонинг бизга берган неъматларидандир. Аллоҳ таоло Ийсо ибн Марям алайҳиссаломнинг тилидан:
وَجَعَلَنِي مُبَارَكًا أَيْنَ مَا كُنْتُ
«Яна мени қаерда бўлсам баракотли қилди…», — деб марҳамат қилди. ("Марям" сураси, 31-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу оятдаги
«مُبَارَكًا» («мубарокан») калимасини «муаллим», «мураббий» деб тафсир қилганлар. Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ эса «Қаерда бўлсам ҳам одамларга хайр-барака етказувчи қилди» деб тафсир қилганлар.
Азиз муслим ва муслима дўстим, сиз ҳам «Фейсбук»даги саҳифангиз орқали қаерда бўлса ҳам одамларга яхшилик улашувчи бўлинг, шоядки Ийсо алайҳиссаломдек илоҳий мадҳга эришсангиз.
Али Муҳаммад Шавқийнинг
«Фейсбукнинг одоб ва аҳкомлари» китобидан
Абдуғафур Ниёзқулов таржимаси
Манба: habib.uz