Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Ал-Азҳардаги ўзбек талабаларининг таассуротлари

3562

“Ал-Азҳари Шариф аниқ ишонадики, таълим ва тарбия миллатларнинг оёққа туриши ва ривожланиши асосидир. Чунки, таълим ва тарбия, жамиятларни барпо этиш ва уларнинг юксалишини ишлаб чиқишганда ўз ҳиссасини қўшишга илмий ва фикрий жиҳатдан қодир инсонни бунёд этишнинг асосий омилидир. Ал-Азҳар мажмуасининг манҳажи унга асосланган исломий-илмий мерос, бутун оламга илм, фикр эркинлиги ва турфа хилликни қабул қилувчи инсоният тарихидаги энг буюк маданиятни тақдим этган. Бугун имзоланган битимлар, Ал-Азҳари Шарифнинг Ўзбекистондаги исломий муассасалар билан бўлган алоқани мустаҳкамлашга бўлган қаттиқ истагини акс эттиради. Ўзбекистон исломий маданият нишоналаридан бири ҳисобланиб, бу юрт исломий меросни сақлашда улкан ҳисса қўшган кўплаб буюк имом ва уламоларни етиштириб чиқарган.”

Ал-Азҳар шайхи Аҳмад Тоййиб

Жорий ҳафта ичида, илм ва маърифат ўчоғи, сунний мусулмон оламининг энг бориз маърифат маскани ва маркази бўлган Ал-Азҳар мажмуаси шайхи Аҳмад Тоййиб таклифига биноан юртимиздан Миср диёрига келган расмий делегация Миср Араб Республикасида бўлди. Делегация томонидан бир қатор учрашувлар амалга оширилди. Меҳмонлар Ал-Азҳар шайхи Аҳмад Тоййиб қабулида бўлишди. Икки кўҳна давлат илмий-маърифий муассасалари орасидаги ҳамкорликка оид бир қанча ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, Ўзбекистон Халқаро Ислом Академиясида “Ал-Азҳар“ кафедраси очилиши, мисрлик олим ва устозларнинг Ўзбекистон олий диний таълим даргоҳларида тажриба ўртоқлашиши, ўзбекистонлик олимлар, имомлар, олийгоҳ талабалари ва турли диний соҳа вакилларининг Мисрдаги Ал-Азҳар илм даргоҳларида гранд асосида таълим олиши ва малака ошириши, биргаликда халқаро илмий анжуманлар ўтказиш каби лойиҳалар мазкур битимлар жумласидандир.

Бу масаланинг расмий тарафи эди.

Энди баъзи фикр ва таассуротларимни билдиришга ўтсам.

Меҳмонлар Мисрда эканлиги чоғида амалга оширилган, икки расмий ва битта норасмий бўлган учта учрашувда шахсан ўзим ҳам қатнашдим. Мазкур учрашувлар:

1. Миср Араб Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси элчихонаси биносида ўтказилган Брифинг

2. Ал-Азҳар қошидаги “Халқаро Анжуманлар Маркази“да ўзбекистонлик ва бошқа миллатларга мансуб талабалар ҳамда Ал-Азҳар устозлари иштирокидаги учрашув

3. Ўзбекистонлик талабалар билан ўтказилган Ҳелиополис Товерс меҳмонхонасидаги кўнгил учрашуви. (Мен шундай номладим)

Биринчи учрашувдаги таассуротларим

Учрашувга Миср таълим муассасаларидан келган баъзи устозлар, турли маданият марказлари масъуллари ва мисрлик оммавий ахборот вакилларининг ватанимиз ҳақидаги ҳаяжонли таассурот ва қизиқишлари қалбларимизни сурурга тўлдирди. Айниқса “Жумҳурият“ газетаси бош муҳаррири ўрин босарининг, Ислом академияси ректори Шуҳрат Ёвқочевга билдирган таклифи жамланганларнинг гулдурос қарсакларига сазовор бўлди. Муҳаррир дунёда ва хусусан Европада бугун кенг тарқалган энг хатарли иллатлардан бири Исломофобия ва мусулмонларни “потенциал душман“ сифатида кўриш, уларни ўз динларини эркин яшашларига имкон бермаслик каби антидемократик фаолиятларга қарши, Ислом Академиясини Ал Азҳар билан елкама елка туришга ва бу борада дунёга ўрнак бўлишга чақирди! (Шояд бунга қулоқ берсалар!) Сўнгра паловхонтўра ила учрашув ўз ниҳоясига етди.

Иккинчи учрашувдаги таассуротларим

Қурони Каримни ўқиш ва ўқитиш борасида тенги йўқ бўлган Миср диёридаги бундай муҳим учрашувни айнан ўзбекистонлик қори, Ҳусайнхон қори аканинг қироатлари билан бошланиши бошимизни кўкка кўтарган бўлса, анжуман меҳмонларидан Президент маслаҳатчиси Рустам Қосимов ва Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси Усмонхон Алимовнинг меҳмонларга арабча хитоб қилганлари қувончимизга қувонч қўшди. Нутқларда кўзга ташланган баъзи “арзимас“ камчиликларни инобатга олмаганда, Бухорий ва Замахшарий юртидан келган масъулларнинг араб устозларга ва талабаларга арабча хитоб қилиши ўзгача роҳат берувчи туйғу экан. Анжуман меҳмонларидан Ислом Тадқиқотлар Маркази бош котиби Профессор Доктор Муҳйиддин Ал-Афифийнинг ватанимиз уламолари, аждодларимиз ҳақидаги оташин чиқиши ва Ал Азҳар шайхининг Ўзбекистондаги диний, илмий ва маърифий соҳани тараққий этиши йўлида барча турдаги ёрдам ва ҳамкорликларга тайёр эканлигини билдиришлари умид ва орзуларимиз сарҳадини янада олисларга ташиди. Анжуман паловхонтўрасиз ўз ниҳоясига етди.

Учинчи учрашувдан таассуротларим

Бу учрашув баъзи жиҳатлари билан талабаларнинг ва аждодлар мероси изидан, ватандан йироқда юрган ватан авлодларининг хотирасида алоҳида из қолдирди. Меҳмонхонанинг шинам тантаналар лобисидаги дастурхонлар устига тортилган неъматлар ичида бир шингилдан бўлса-да ватандан келган “ҳусайни узуми“ турар эди. Таъмини таърифламай қўя қолай! Зеро чет элда яшамаганлар буни ҳис қила олмаса керак. Мароқли жиҳати, баъзи дастурхон атрофидагиларга бир ёки икки донадан узум донаси тегган бўлса-да (камина мисоли) бу донанинг бир узум донасидан кўра кўпроқ маънога эга эканидир. Бу доначалар гўё миришкор халқнинг пешона тери томчилари, ватан ва миллат тараққиёти йўлида фидокорлик обидаси бўлган буюк ватан авлодларини етиштирган оналарнинг гоҳо ҳазинлик, гоҳо эса шодлик билан тўккан кўз ёшларига ўхшар эди. Бизга “омонатни“ эслатишга келгандек! Ундан ватан тупроғи хушбўй иси, зилол сувларининг тоти ва мусаффо ҳавоси бор эди.

Учрашувнинг ташкилий қисми Президент маслаҳатчиси ва Муфтий жаноблари ўз тилимиздаги нутқлари ва талабаларнинг турли интеллектуал ва ижодий чиқишларидан иборат бўлди. Бутун бўлиб ўтган бу жараёнлар ичида менда чуқур таассурот қолдирган ва мени ҳайратга солган нарса, зиёфат ва тадбирдан сўнг Президент маслаҳатчисининг талабалар билан (ҳа, оддий талабалар билан) гуруҳ гуруҳ ҳолда ўтказган самимий суҳбатлари ва фикр ўртоқлашишлари бўлди! Бу ҳаяжонли манзара эди. Ҳақиқатда жуда самимий ҳолат эди. Қатнашган ватандошларнинг барчаси бунга гувоҳ бўлишди. Президент маслаҳатчиси ва ҳамроҳлигидаги Муфтий ҳазрат бутун зал бўйлаб айланиб юрган ҳолда, бир соатдан ошиқ вақт мобайнида бирма бир талабаларни қизиқтирган савол ва муаммоларга қулоқ тутди. Мисрдаги Ўзбекистон Республикаси элчиси ёрдамида ҳал қилиш мумкин бўлган барча муаммоларни элчи жаноблари Ойбек Усмоновга топшириш билан бир қаторда , каттароқ муаммоларни ватандаги мутасадди ташкилотларга етказишини ва буларнинг ҳал қилинишида маслаҳатчи жаноблари бевосита ўзлари бош қош бўлишларини таъкидладилар. Қолаверса, ватан биз талаба авлодларини кутаётганини ва диний-маърифий соҳада юрт бизга муҳтож эканини қайта қайта эслатди. Камина ҳам, аслида ватан бизга муҳтож эканидан кўра кўпроқ биз ватанга ва миллатга хизмат қилиш бахтига муҳтожроқ эканимизни, бу йўлда давлат ва миллатимизни орқамиздаги таянч ўлароқ кўриш биз учун бахт эканини, Ал-Азҳар каби минг йиллик кўҳна илм даргоҳида илм олган ва унинг илмий услубида Исломни ўрганган талабалар давлатимиздан моддий эмас, балки, янада кўпроқ маънавий ва руҳий кўмакка, рағбатлантиришга муҳтож эканимизни, миллат равнақи ва ватан тараққиёти учун ҳисса қўшишга қалби жўшиб турган ёш авлодлар, ватандан йироқда ҳам мавжуд эканини баён қилиш бахтига муяссар бўлдим.

Бу шарафли мақсадларни амалга оширишда кўмак бўлувчи муассаса сифатида Мисрда “Ўзбекистон Талабалари Уюшмаси“ни ташкил қилиш зарурат экани ҳақида мулоҳазалар билдирилди. Президент маслаҳатчиси бу ташаббусни қўллаб қувватлашларини ва Мисрдаги элчихонамизни, бу лойиҳани амалга оширишда талабаларга амалий кўмак беришини таъкидладилар. Қизғин суҳбатлар мобайнида ҳам талабалар, ҳам масъуллар тарафидан билдирилган баъзи масалалардаги айрим фикр ва мулоҳазаларга тўлақонли қўшилмасам-да, айтишим мумкинки барчамиз самимият денгизига ғарқ бўлган эдик! Хур ва демократик фикр алмашувига гувоҳ бўлдик! Аслида инсоний, ахлоқий, ижтимоий ва сиёсий юксалишнинг асоси ҳам шу эмасми?! Бу орада, президентлигининг дастлабки кунларидан бошлабоқ барча соҳада оламшумул дейишга арзийдиган ислоҳотларни амалга оширган давлат раҳбаримизга Ал-Азҳар талабалари саломини етказишларини масъулларга омонат қилдик. (Етказадилар деган умиддамиз)

Ахир қачонлардир тасаввур қилиш ҳам амри маҳол бўлган бу каби самимий учрашувлар ҳам айнан ўша ислоҳотларнинг ва ўзгаришларнинг бир кўриниши эмасми?!

Бу эътироф этиш вожиб бўлган ҳақиқатдир. Муаммолар йўқ, ҳар тараф гулистон деган даъводан йироқман. Маддоҳлик қилмоқчи ҳам эмасман.

Ким нима деса десин-у, лекин фаросат ва басират аҳли бўлган баъзи аҳли илмларни таъбири билан айтганда биз ҳам “юртимиздаги ўзгаришларни“ ўз баданимизда ва ғурбатимизда бирмунча бўлса-да ҳис этдик! Хар қалай буни зикр қилишга ҳаққимиз бордир...

Ахир олдин бу ҳам йўқ эди-ку!!!

Роббимдан янада яхши кунлар умиди ила..

 

Абдулқодир Ал Азҳарий

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Эронликлар сунний уламоларнинг мазҳаблараро мулоқотга чақирувига хайрихоҳлик билдирмоқдалар

1510 17:55 10.11.2022

“Ал Азҳар” Қуддус борасида кескин позицияда турибди

2759 19:00 09.12.2017
« Орқага