Исломдаги учинчи муқаддас жой ва Пайғамбар алайҳиссалом кўтарилган маскан бўлган «Ал-Ақсо» масжиди кўпинча Исроил-Фаластин тўқнашувларининг маркази бўлиб келган. Ўтган йили ҳам мусулмонларнинг рўза ойида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида тўқнашувлари Ғазода 250 дан ортиқ фаластинликнинг ҳаётига зомин бўлган 11 кунлик Исроил-Ғазо урушининг бошланишига сабабчи бўлган.
Ўтган жума куни «Ал-Ақсо»даги воқеаларни ёритган қуддуслик журналист Сундус Эвиас шундай маълумот берган:
«Биз одатдагидек бомдод намозини «Ал-Ақсо» масжидига ўқишга бордик. Кейин масжидга бостириб кирган исроиллик ҳарбийлар намозхонларга отишма, газ ва резина ўқлар билан ҳужум қилишди. Ишғолчи кучлар ёшу қари, эркак ва аёл, журналистлар ва тез тиббий ёрдам экипажларига ҳужум қилиб, уларга турли жароҳатлар етказди. Бундан ташқари, «Ал-Ақсо» масжидининг ибодатхоналари ва ҳовлиларига, жумладан кутубхоналар, коммунал хизматлар, эшик ва деразаларга катта зарар етказди».
Қуддуслик журналист Ҳиба Наждийнинг сўзларига кўра, жума куни Исроил ҳужуми ўтган йилгидан кўра шиддатлироқ бўлган.
«Мен Қуддуснинг турли жойларида кўплаб воқеаларни ёритганман, лекин «Ал-Ақсо» масжидидаги қарама-қаршиликлар ҳар доим энг қизғин алангаланган. Исроил бу ер мусулмонлар учун муқаддас эканини ва «Ал-Ақсо» масжиди мусулмонларга тегишли эканини қабул қилишдан бош тортмоқда. Ким ўз еридан ёки муқаддас масжидидан воз кеча олади?»
«Ал-Ақсо» масжидида Исроил қўшинлари ва Фаластин халқи ўртасидаги бу тўқнашувлар, айниқса, Рамазон ойи яҳудийларнинг Фисиҳ байрамига тўғри келгани ва уларнинг масжиддаги маросимлари доирасида ҳайвонларни қурбонлик қилиш режалари билан бир вақтда содир бўлмоқда. Аввалги йилларда полиция рухсати билан қурбонлик қилиш маросимлари Эски шаҳарнинг бошқа ҳудудларида бўлиб ўтган. Бу йил эса экстремист муҳожир гуруҳлари томонидан қурбонликларини муборак масжид ҳовлиларида сўйиш таҳдиди қилинди. Мақсад Фисиҳ қурбонлигини янгилашдир. Ҳа, бу амбиция. Ҳар йили биз қурбонлик қилишга ҳаракат қиламиз», — деган «Қояга қайтиш» ташкилоти раҳбари Рафаел Моррис.
Бу дам олиш кунлари содир бўлган воқеа фақат бошланиши. Исроиллик кўчманчиларнинг «Ал-Ақсо»га ҳужумларининг энг даҳшатлиси ҳали бошланмаган. Улар, аслида, яқинлашиб келаётган ҳужумлар 16-21 апрель оралиғида энг юқори чўққига чиқишини эълон қилишди. «Қояга қайтиш» деб номланган ташкилот ўзларининг «Ал-Ақсо» масжидига «оммавий юриш» тадбирида қатнашиш таклифини эълон қилди.
Якшанба куни кўчманчиларнинг «Ал-Ақсо» масжидига кириши ва Талмудик маросимларини бажариши учун йўлни тозалашга кўп сонли Исроил кучлари муқаддас масжидга бостириб киришди. Унда 19 нафардан ортиқ фаластинлик яраланганини Қизил Ярим ой жамияти тасдиқлади. 500 дан ортиқ кўчманчилар «Ал-Ақсо» масжиди ҳовлиларига кирганидан сўнг келгуси кунлардаги вазият қандай бўлади, деган савол кўндаланг турибди. Агар «Ал-Ақсо» хавф остида қолса, Қуддус, Ғарбий Соҳил, Ғазо сектори ва Фаластиннинг ички қисми қўзғолади.