(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм)
Ҳақиқатда нафсни тарбиялаш ва тозалашдаги энг аниқ йўл унинг ўз эгасига нима деяётгани ва уни нималарга буюраётганини муҳосаба (ҳисоб-китоб) қилиб, назоратга олишдадир. Агар ўз-ўзини назорат этиш қобилиятига эга ишонч-ли вакилингиз бўлса, уни кузатиб, текшириб юрмайсиз. Мабодо ўзини ўзи назорат қилолмайдиган бўлса, у ҳолда уни текшириб, назорат қилиб туришингиз табиий ҳол. Худди шу гапни сизнинг Аллоҳ учун бажараётган амалларингиз ҳақида ҳам айтиш мумкин. Шундай экан, у ёки бу ишни бажараётганингизда Аллоҳ буни мендан сўрамайди, деган фикрдан йироқ бўлинг.
Ўзини назорат этиш усули Аллоҳни таниш мақомига етган буюклар анъанасидир.
Замоналарида етти абдолнинг[1] бирлари бўлган шайх Макинуддийн Асмар марҳамат қиладилар:
“Йўлимнинг бошланишида (тариқатга янги кирган пайтимда) мен тикувчи бўлиб ишлардим. Шунда кун бўйи айтган сўзларимни санай бошладим. Ҳар куни кеч кирганида текшириб, кўп гапириб қўймаганлигимга ишонч ҳосил қилар эдим. Яхши сўзларим учун Аллоҳга ҳамду сано айтардим. Қолганлари учун истиғфор айтиб, тавба-тазарру қилардим”.
Шу одатларида буюк тақводорлар даражасига етишгунларига қадар давом этган эканлар.
Абу Хафс Ҳаддод Нишопурий қуддиса сирруҳу дейдилар:
“Инсон нафси бошдан-охир, бутунлай қоронғуликдир. Бу нафснинг қандили унинг сиридир. Бу қандилнинг ёғдуси Аллоҳнинг қўллаб қувватлаши – тавфиқидир”.
Олим “Бу нафснинг қандили унинг сиридир” деганида Аллоҳ билан банда ўртасидаги сирни назарда тутади. Чин ихлос ва самимият манбаи бўлган бу сир туфайли банда ҳеч бир иш ўз-ўзидан рўй бермаётганини, балки қудрат соҳиби Аллоҳнинг иродаси билан содир бўлаётганини англаб етади ва иқрор бўлади. Натижада у яхшилик қилишга ёки ёмонликни тарк этишга ўзининг вужудида бирор-бир куч-қудрат йўқлигини англаб етади. Шундан сўнггина банда Аллоҳ ёрдами билан ўз нафсининг ёмонликларидан фориғ бўлади[2].
Шунинг учун шайхлар марҳамат этадилар: “Кимда сир бўлмаса, гуноҳда қаттиқ тураверади”.
Тарбият ва тўғрилаш мақсадида насиҳат ҳамда эслатиш йўли билан ўз нафсини уйғотиш банданинг ўз-ўзини назорат этишини мувофиқлаштирувчи энг ҳаққоний омилдир. Шу сабаб тақводорлардан бири ўз нафсига мурожаат этиб шундай деган экан:
“Эй нафсим! Нечун ўтган қавмларнинг ҳолига эътибор этмайсан, улар қандай ва қанча уйлар, ҳовлилар қурдилар, сўнг буларнинг барчасини қолдириб, бу оламни тарк этдилар! Яратган уларнинг еру биноларини душманларига қолдирмадими?! Ахир кўрмаяпсанми, одамлар тўплайдилар-у, ейишга улгурмайдилар, қурадилар-у, яшашга фурсатлари қолмайди, етиб бўлмайдиган орзу-ҳаваслар қиладилар! Эй нафсим, ишларинг кўп ғалати! Нечун бу очиқ-ойдин далилларни кўрмайсан?! Эй нафсим! Балки сен жамиятдаги юксак аҳволингдан бошинг айланиб, маст бўлиб қолгандирсан ва шунинг учун бу ҳолларга тушунмаётгандирсан?!
Ахир англаб етмаяпсанми, шуҳратпарастликдан мурод фақат одамлар эътиборини қозониш, улар кўнглини мойил қилишдан иборатдир. Ҳатто барча одамлар қошингда итоатко-
рона эгилиб, таъзимда турсалар-да, бирор эллик йил ўтгач, бу дунёда сен ҳам, ўша таъзимчилар ҳам қолмайди-ку?! Шундай вақт келадики, ҳатто сени эслаб ҳам қўйишмайди. Эй нафс! Наҳотки мангуликни қандайдир муваққат йўқ бўлиб кетгувчи эллик йилга алмаштирсанг?! Эй нафс, уялмайсанми?! Ташқи кўринишингни одамлар учун безайсан, пинҳон гуноҳлар қилиб, Яратганга қарши борасан!.. Ҳайф сенга!.. Увол!.. Наҳот сенга қараб турганлар ичида буюк Аллоҳ сен писанд қилмаётганларнинг энг ёқимсизи бўлса?![3] Ҳолингга вой сенинг, эй нафс! Ўзингни ким деб ўйлаяпсан?! Кошки, сенга етадиган барча мусибат ва бахтсизликлар фақат бадхулқлигинг туфайли эканини билсанг эди!..
Ғалати ҳол, дунё бойлигининг кўпайиши билан қувонасан, аммо сенга ажратилган кунлар тобора камайиб бораётганидан қайғурмайсан ҳам! Мўл-кўллигинг янада ортиб, фаровонлигинг ўсиб бораётганидан не нафки агар
ҳаётинг, умринг янада қисқариб кетаётган бўлса?!”
[1] Абдоллик – авлиёликнинг юқори даражаларидан бири бўлиб, абдоллар шу даражага етган авлиёлардир ва ҳамма замонда улар етти нафарни ташкил этадилар – Таҳририят.
[2] Яъни, қул гуноҳкорлиги, заиф-ожизлигига Аллоҳ
қошида иқрор бўлиб, Эгасидан пинҳоний ёрдам сўраганида Яратган уни нафсининг зулмидан – худбинлигидан ҳимоя этади. Барчаси мана шу сирга – қул ожизлигидан Хожасига иқрор бўлганида Аллоҳдан келадиган ёрдамга асосланган.
[3] Яъни, сен одамлар қарайдиган нарсаларингни тартибга келтирасан, Аллоҳ назар соладиган кўнглингни – ички дунёнгни, маънавий оламингни эса қаровсиз, гуноҳ кирлари, ифлосликлари билан қолдирасан – Муҳаррир.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида тайёрланди.