(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм)
Ўз хоҳиш-истакларига қаттиқ берилиш ва Аллоҳга итоат этишдан бош тортиш – нафснинг эгизак сифатлари ва барча муваффақиятлар йўлини тўсувчидир. Айнан шунинг учун ҳам бузғунчи нафс жазоланишга лойиқ.
Яъни, гуноҳга ундовчи нафсни синдириш учун унга қарши курашиш, бунинг учун нафсни барча манфурлиги, қабоҳати ва разолатини ўзига кўрсатган ҳолда камситиш йўли билан жазолаш лозим. Ғазаб оловида алангаланаётган нафсга қарши туришнинг энг яхши йўли — уни чиройли ахлоқ билан жиловлаб, юмшоқлик ва беозорлик билан сўндиришдан иборатдир. Тақво соҳиби Зуннун Мисрий қуддиса сирруҳу марҳамат қиладилар:
“Инсондаги ахлоқий фасод ва тубанлашувнинг сабаби олтитадир:
- Биринчиси – охирати учун бажарадиган амалларда ниятнинг заифлиги;
- Иккинчиси – вужуднинг ҳирсу шаҳватлар тутқунига айланиши;
- Учинчиси – ўлим яқинлигига қарамай, узундан-узоқ орзу-ҳаваслар гирдобида ғарқ бўлиш;
- Тўртинчиси – одамлар ризолигини Аллоҳ ризолигидан афзал кўриши;
- Бешинчиси – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини тарк этиб, ҳавойи нафсига эргашиши;
- Олтинчиси – ўзининг гуноҳларини оқлаш учун ўтган солиҳларнинг озгина камчиликларини дастак қилиши, уларнинг кўп яхши, ўрнакли амалларига эса эргашмаслиги”[1].
Улуғ шайхларнинг ишончли, мўътабар китобларида нафсга қарши курашнинг кўплаб усул ва йўллари мавжудлиги айтилган. Аллоҳ-
нинг розилигига эришмоқчи бўлганлар доимо ёдларида тутишлари учун улардан баъзиларини келтириб ўтамиз.
1. Худони таниган азизлардан бири айтган эканлар:
“Биз тасаввуфни қандайдир сўз ва иборалардан эмас, балки очлик, дунё лаззатларидан воз кечиш, ёмон одатларни тарк этиш, Аллоҳ-
нинг буюрганларини бажариб, қайтарганларидан қайтиш билан топдик”.
2. Бошқа бир донишманддан сўрабдилар:
– Нафсни жиловламоқ учун унга қандай монеълик қилиш зарур?
У зот жавоб берибди:
– Очлик ва ташналик билан кишанла, шон-шуҳратга, улуғликка бўлган интилишларини ва хоҳишларини сўндириб камсит, бой кишиларга хос бўлган одату сифатлардан уни маҳрум эт.
3. Абу Язид қуддиса сирруҳудан нақл этадилар:
Тушимда Аллоҳни кўрдим ва Ундан сўрадим:
– Эй яратган Эгам, менга Ўзингга элтадиган йўлни кўрсат!
Аллоҳ таоло марҳамат қилди:
– Нафсингни қолдир-да, Менга кел.
4. Шайхлардан бири шундай дебдилар:
“Бизнинг йўлимиз (тариқат) учта қоидага асосланган: фақат оч қолганда ейиш, беилож бўлгандагина ухлаш ва энг зарур пайтдагина сўзлаш!”
5. Пирлардан яна бири муридига шундай насиҳат қилибди:
– Мусибат уч сабабга кўра келади: бадхулқлик, ёмон одатлардан қайтмаслик ва ёмон дўстликдан.
Талаба сўрабди:
– Бадхулқлик недир?
Пир жавоб берибди:
– Ҳаром емоқ.
Шогирд сўрабди:
– Одатлардан қайтмаслик деганда нимани тушунамиз?
Пир жавоб берибди:
– Бу кўз ва қулоқни тиймаслик – ҳаромга қараш, ғийбатга ўч бўлиш.
Мурид яна сўрабди:
– Ёмон дўстлик дегани нимадир?
Бунга пирнинг жавоби шундай бўлибди:
– Кўнгилда пайдо бўлган нафсоний истакка дарҳол эргашиш.
6. Таниқли илоҳиятчилардан бири шундай дейди:
“Бизнинг вазифамиз бизга ёмон муносабатда бўлганлардан қасос олиш эмас, аксинча, камтаринлик ва оддийлик билан улардан узр сўрашдир. Кимгадир туюлган нафрат туйғуларидан кўнгилни поклаш учун ўша одамга мурувват кўрсатиш керак эмасми?!”
Шундай қилиб, кимки нафсини улуғласа, дин унинг учун қадрсиздир. Ва аксинча, ким динини қадрласа, нафс унинг учун манфурдир (нафратлангандир).
Оддий одамлар ўз хатти-ҳаракатларини тузатишга интиладилар, мумтоз зотлар эса ўзларининг руҳоний дунёлари ва ички аҳволларини яхшилашга эътибор қаратадилар.
Аллоҳга ибодат қилишда очликка чидаш ва тунги бедорликларга бардош бериш у қадар қийин иш эмас. Аммо кишининг ўз феъл-хуйини бўлмағур одатлардан тозалашлиги хусусида гапирадиган бўлсак, бу ўта оғир ва мушкул ишдир.
[1] Масалан, ҳазрат Али ва Муовия (розияллоҳу анҳумо)нинг ўрталаридаги ихтилофни нотўғри талқин қилиб, уларнинг мақтовга сазовор гўзал хислатларидан кўз юмадилар — Муҳаррир.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитанинг 19.12.2019 йилдаги №7231-сонли хулосаси асосида тайёрланди.