Журналистлар ижодий уюшмаси раисининг маълум қилишича, журналист Анора Содиқовага қилинган таҳдид Бош прокуратура назоратига олинади.
Rost24.uz сайтида эълон қилинган “Халқаро молиявий криминаллар рўйхатида кўринган ўзбек олигархи” номли журналистик суриштирув ўчирилган. Боиси, ушбу журналистик суриштирувидан сўнг мақола муаллифи, сайт бош муҳаррири Анора Содиқовага нисбатан таҳдид бошланганди.
Бу кенг жамоатчилик томонидан кўплаб фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлди. Хусусан, Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ҳам бунга муносабат билдирди.
«Президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан соҳа вакилларига йўллаган табригида “...оммавий ахборот воситалари ижодий фаолиятига тўсқинлик қилиш, цензура ўрнатиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва зарур техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарликни назарда тутадиган моддаларни кучайтириш лозим”лиги таъкидланган эди.
Мана, ушбу топшириқ берилгани ҳам қарийб 1 йил тўлмоқда. Аммо унинг ижроси ҳануз таъминланмади.
Оқибат эса ўзингизга аён. Журналистга босим ўтказиш, материални олиб ташлаш ёки ўчиришни талаб этиш, қўрқитиш ҳолатлари давом этмоқда», — дейди уюшма раиси.
O.Ўсаров Rost24 сайтидаги ўчирилган мақола юзасидан ҳам фикри қатъийлигини яна бир бор таъкидлади:
«Ўчиртирилган» мақола улар кутган натижани бермайди. Аксинча, “акс-садо” бериб, унинг янада оммалашишига сабаб бўлади.
Асосийси, вазиятга тегишли ҳуқуқий баҳо берилиб, қилмишни содир этган шахслар, албатта, жавобгарликка тортилиши шарт.
Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Rost24 сайти билан боғлиқ иш Бош прокуратура назоратига олинишини билдирди.