Дунёда электротехника чиқиндиси – эски уяли телефонлар, бузилган маиший техника ва ҳоказолар тобора ортмоқда. Ўтган йили ана шундай чиқиндилардан 44,7 миллион тоннаси ҳосил бўлган. Бу ҳақда БМТ университетига таянган ҳолда ТАСС хабар тарқатди.
Университет ўтказган тадқиқотда аниқланишича, электротехника чиқиндиларининг кўпи билан 20 фоизи қайта ишланади. Катта қисми нима бўлиши маълум эмас, бу эса экология учун хатар демакдир.
Бундай чиқиндиларни йиғиш ва йўқ қилиш бўйича 67 давлатда қонунлар қабул қилинган, бироқ қонунларнинг бажарилиши фақатгина 41 давлатда таъминланди.
Электротехника чиқиндиларида нафақат зарарли моддалар, балки олтин ва платина сингари қимматбаҳо материаллар ҳам бор ва аксар ҳолларда улар ажратиб олинмайди. 2016 йилдаги чиқиндининг ўзидаги қимматбаҳо материалларнинг қиймати 55 миллиард долларга тенглиги айтилмоқда