Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Зийнатланишнинг машруълиги ва унинг меъёрлари

1910

Қуръони каримнинг кўплаб жойларида зийнат ва зийнат либоси ҳақида оятлар ворид бўлган. Қуйида мана шулар ҳақида муфассал тўхталиб ўтамиз.

“Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратларингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик.  Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар, Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки, эсласалар”[1]

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло  ушбу ояти карима орқали Бани Одамга қилган мурожаати бошида уларнинг авратларини ёпадиган либосларни пайдо қилиб қўйганини, уни тайёрлаш учун пахта, каноп, ипак, жун ва бошқа хомашёлар туширганини таъкидламоқда. Инсонлар мана шу орқали ўзларини ясантирадилар, гўзаллаштирадилар. Шу билан бирга, ушбу хитоб орқали сатри авратда бўлиш ҳам ваҳий қилинмоқда. Авратни ёпадиган либослар ҳам чирой ҳисоланиб, унда бир қанча илоҳий ҳикмат ва мақсалар бор. ушбу оятда  инсон либос тикиш воситаларига эга қилингани, тақво талабида бўлиши ва Аллоҳ таолонинг ҳаққига риоя қилиши лозимлиги таъкидланади.

Аллоҳ таоло Қуръонда: “Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг”,[2]  У зот бу оятда нафақат мусулмонлар, балки, барча Одам фарзандларига хитоб қилиб, масжидлар олдида зийнат либосини олишга ва у билан авратларини  тўсишга амр қилган. Мана шу инсоний либослар унинг обрўсини ҳимоя қилади, жамиятда тутган ўрнини, бошқа жонзотлардан ажралиб туришини таъминлайди.либос – ўз доирасида зийнат турларидан бири бўлиб, шаръий зийнатланиш  қонунлар асосида таъкидланган.

Бошқа бир оятда: “Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?”[3] — деб айт”, деб марҳамат қилган.

Ушбу оят тафсирида Шавканий раҳимаҳуллоҳ “Фатҳул-Қодир” асрида шундай дейди: “Ояти карима зийнат – бу инсон ороланиши мумкин бўлган либос ва  мубоҳ бўлган ва у ҳақида бирор қайтариқ ворид бўлмаган маъданлар эканини баён қилиб келмоқда. Қимматбаҳо тошлар, Аллоҳ таоло ҳаром қилмаган матолардан бўлган либосларни ишлатишда ҳеч бир зарари йўқ. Мусулмон киши учун  шаръан ман қилинмаган ва зийнат сирасига киритилган ҳар қандай нарса билан ясанишининг зарари йўқ”.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Зебу-зийнат ичида ўстирилган ва хусумат пайтида очиқ-ойдин бўла олмайдиган кимсаними?”[4]

Ушбу ояти карима кофирларнинг Аллоҳнинг қизлари бор, деган манфур даъволарига инкор ўлароқ нозил бўлган. Шубҳасиз, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло бу иддаолардан  улуғ ва буюкдир. Бундан ташқари, оятда зийнатнинг аёллар учун машруъ экани ҳам таъкидланмоқда, аёл кишининг зийнат турларидан бўлган  тақинчоқ ва безакларга қизиқувчан қилиб яратилганиа ҳам ишора қилинмоқда.

Аллоҳ таоло “Нур” сурасида: “Мўминаларга айт: кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар кўриниб турган зийнатлар бўлса (майли)”, деб амр қилган.[5]

Замахшарий “Кашшоф” асарида ушбу ояниқуйидагича тафсир қилган: “Оятдан маълум бўлади-ки, ҳар қандай тақинчоқ ва безак билан ороланиш аёлнинг ҳақларидан биридир. Аммо, шарти шуки, аёл буларни маҳрамлари ва эридан бошқага кўрсатмасин. бу иш унга ҳалол бўлмайди”.

Мана шу оят зийнатнинг шариатга киритилиши бир қанча қоидалар асосида бўлса-да, аслида аёллар учун жорий бўлганига далолат қилади.

Ҳадиси шарифлардан далиллар

Қуръони каримда зийнат маъносида нозил бўлган ояти карималар билан танишгач, энди ўз ўрнида суннатда бу ҳақида қандай кўрсатмалар келганини кўриб ўтамиз.

Суннатда зийнатнинг машруъ бўлиши ва унга чорлайдиган ҳадислар ворид бўлган:

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни суяди”[6]

Ушбу ҳадисни Нававий қуйидагича шарҳ қилган: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сифатларидан бири гўзал ва ҳусн бўлиб, гўзалликни яхши кўради. Шунинг учун ҳам аёллар Унинг ушбу комил сифатидан ўрнак олиб, чиройли, кўркам ва ҳуснли бўлишга ҳаракат қилиши матлубдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳайит намозида иштирок этдим. У зот хутбадан олдин намоз ўқидилар. Кейин аёлларни олдига келиб, уларга садақа қилишни буюрдилар. Аёллар узук ва билакузукларини ечиб, Билолнинг этагига ташладилар.”

Ибн Аббос: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит куни чиқиб икки ракаат намоз ўқидилар.  Бундан олдин ҳам кейин ҳам ўқимадилар. Кейин аёллар қошига бориб, садақа беришга буюрган эдилар, улар хурс – тилла ва кумуш узуклари, мунчоқларини садақа қила бошладилар”.[7]

Ушбу ҳадисни Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” асарида шундай шарҳ қилган: “Бундан олдинги ҳадиши шарифда аёлларнинг қўли, бўйни ва қулоғини олтин ва кумуш тақинчоқлар билан зийнатлаши, бўёқли либослар кийиши жоизлиги  айтиб ўтилди. Буларнинг ҳаммаси аёллар учун ҳар қандай зеб-зийнатнинг машруъ эканини исботлайди”.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга йўл-йўл чизиқли, ипак аралаштириб тўқилган кийим ҳадя қилдилар. Уни  кийиб чиққан эдим, Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида ғазаб пайдо бўлганини кўрдим. Шунда уни қирқиб аёлларимга улашдим”.[8]

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсум розияллоҳу анҳонинг устига ипак бурда ёпиб қўйилганини кўрганлигини айтган.

Ушбу ҳадис шарҳида Ибн Ҳажар қуйидагиларни атйтган: “Юқоридаги икки ҳадиси шарифда аёл кишининг ороланиш мақсадида ҳарир, шойи матоларидан кийиши жоизлигига далолат бор. буларнинг барчаси зийнатнинг шариатга киритилганини исботлайди”.

Имом Қуртубий “Жомеу аҳкомил Қуръон” асарида Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг “Аёлимнинг ўзим учун зийнатланишини истаганим каби, мен ҳам у учун ясанишини яхши кўраман”, деганларини  нақл қилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг  бу гапи эр-хотиннинг бир-бири учун  ўзига оро бериши машру эканига далилдир. Бу инсоний хислатни Ислом ўз шариатида қайдлаб қўйди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, умматларим Қиёмат куни  таҳоратнинг таъсиридан  аъзолари ярқираган ҳолда чақиириладилар. Кимки ўз ярқироғида  кўпайтиришга қодир бўлса, кўпайтирсин”, дедилар.[9]

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хушбўй нарсалар суртдим, кейин аёлларини айланиб чиқдилар, сўнг эҳромга кирдилар”.[10]

Анас розияллоҳу анҳу хушбўй ишлатишни рад қилмас эдилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам хушбўйни рад қилмас эдилар, деб таъкидлаб қўяр эдилар.[11]

Ушбу ҳадислардан билинадики, таҳорат ва ғусл, хушбўй ишлатиш  покликдан ва кишида кўриниб турадиган зийнатдан ҳисобланади.

Аҳмад ибн Ҳанал “Муснад”да ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимнинг (узун) сочи бўлса, уни икром қилсин”, деганлар.

Жобир  ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  олдиммизга келганларида сочлари тўзғиган бир кишини кўрдилар ва “Буни сочи силлиқланмаган ҳолда кўрмай Бу одам сочини силлиқлайдиган нарса топа олмайдими”, дедилар.”

Ушбу ҳадиси шариф сочни чиройли  тараб, парваришлаш ва эътибор қилиб юришга далолат қилади.

Юқоридаги ҳадислардан билса бўлади-ки, инсоннинг ороланиб юриши, мутлақ тарғиб қилинган ишдир. Ислом покизалик ва гўзаллик дини бўлиб, ҳар қандай ҳолат ва шароитда инсонларнинг ўзига қараб, чиройли бўлиб юришга чақиради. Бу борада ворид бўлган оят ва ҳадисларнинг шарҳи юқорида ўтди.

 

Зебуннисо Қутбиддин қизи

 


[1] O’sha manba. “A’rof” surasi 26 oyat. 2/311

[2] O’sha manba “A’rof” surasi, 31 oyat 2/315

[3] O’sha manba “A’rof” surasi, 32 oyat. 2/317

[4] O’sha manba “Zuxruf” surasi 18 oyat. 5/373

[5] O’sha manba. “Nur” surasi 31 oyat. 4/151

[6] Sahihi Muslim. “Iymon” kitobi

[7] Sahihi  Buxoriy “Libos” kitobi.  5881 hadis

[8] Sahihi  Buxoriy “Libos” kitobi. 5840 hadis

[9] “Sahihul Buxoriy”. Tahorat kitobi, 136

[10] “Sahihul Buxoriy”. G’usl kitobi, 270

[11] Sahihu Buxoriy, Libos kitobi, 5929

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қоматни жарроҳлик ёрдамида чиройли қилиш ҳукми

3395 18:55 20.06.2021

Қимматбаҳо тошлари бўлган тақинчоқларнинг ҳукми

2434 23:05 11.06.2021

Аёлларнинг тақинчоқлар билан ороланиши

2852 22:55 09.06.2021

Муслима аёлнинг пойабзали қандай бўлиши лозим?

4049 23:05 07.06.2021

Либос турлари ва уларнинг ҳукми

3042 23:00 31.05.2021

Аёллар сочини кесиши ҳукми

7846 22:55 23.05.2021
« Орқага