Захарованинг сўзларидан захар таъми келади, деб юрсак, унинг таомига заҳарни ўзимизнинг Захарчуклар ташиётган экан шекилли.
Рус тилидаги айрим постлар остидаги ўзимизнинг ўрислар ва ўриспарастларнинг изоҳларини ўқиб, муаммо фақат Захаровада эмаслигини тушуниб етдим. Комментларда ёзаётган кўпчилик руслар (балки троллардир) бизни ҳалиям бир тийинга олмаслиги кўриниб турибди. Энг ёмони ўзимизнинг миллий ўриспарастларимиз уларнинг гапини сўзма-сўз такрорлаб боряпти. (Атайлаб у фикрларни скриншот қилмадим).
Иш ўзбек тилини давлат тили даражасига олиб чиқиш билан битмайдиганга ўхшайди. Миллатни бирлаштирадиган ғоя ва мафкура керак. Энди ҳақиқий маънода керак. Ўттиз йил яшаб ҳали ақлимиз ва юрагимиз мустақил бўлмабди. Дунёни кўриб ҳам, кимгадир осилиб, бўлганда ҳам ўрисга боғланиб яшаш ҳисси бизни тарк этмаган.
Болтиқбўйи ё грузинларни нима бирлаштирганини билмайман. Бизнинг ишимиз нозик. Ўзбекнинг элита ва зиёлисининг аксари ўз миллатини ҳурматга лойиқ билмайди. Аҳолимизнинг салмоқли қисми Россияда ишлайди, яъни ўриснинг қўлига қараб қолган. Ўрта қатлам ўрис тарғиботи булоғидан сув ичади. Битта Itv платформасида 35 рус телеканали, яна ўндан ошган рус тилли каналлар миямизни "ювмоқда" (Албатта бу Itv‘нинг айби эмас. Умумий ҳолатимиз шу). 6 футбол ва ўнлаб кўнгилочар каналлар қатори битта маъноли телеканал учратмайсиз. Рус тилли мактаблар ҳамда тили ва маданиятини ривожлантириш учун Россия ажратаётган маблағлар ҳақида гапирмадим.
Захарованинг «заҳарли» муносабати
Улар томонидан заҳар томганда бироз айюҳаннос солиб, кейин тинчиб кетишни бас қилишимиз керак. Бу нотинч дунёмизда ҳар томондан келиши мумкин бўлган хавфни чуқур англаб ва келажак авлод олдидаги масъулиятимизни ҳис қилиб, узоқмуддатли ва кенгқамровли ишлар қилишимиз керак. Ўзбекни, балки бутун Ўзбекистон халқларини бирлаштиридаган ғоя ва мафкурани муҳокама қилиб, ўзимизга дастуруламал қилишимиз лозим. Миллий ўзликни англатадиган ва ғурурлантирадиган асарлар ёзиш, бадиий фильм ва сериаллар ишлаш ҳамда бундай ғояни тарқатадиган ҳамма тарғибот қиладиган воситалардан фойдаланишимиз керак. Мактаб ўқув дастурларига ана шу руҳни олиб кириш даркор. Бунда адабиёт намоёндалари ва дин уламоларининг ўрни жуда катта. Уларнинг қалами ва сўзига нисбатан жорий таъқиқларни олиш керак.
Булардан бошқа жуда кўп ишлар қилиниши лозим. Уларнинг нима экани ва қандай амалга оширилиши борасида ҳозирдан муҳокамаларни бошлаш керак. Бунда хусусан сиёсатчи, зиёли ва дин олимларини, умуман ҳаммани фаол бўлишга чақираман. Давлат ташкилотларини ҳам бу муаммога эътибор қаратишларини ва ҳар бир ташкилот ўз соҳаси бўйича умум ишига ҳисса қўшишини истайман.
Баландпарвоз гапирмоқчи эмасман. Аммо, Ватан хавф остида!
Мубашшир Аҳмад